Бадиият файласуфи ёхуд фалсафанинг шоири
Фото: Архив сурат
Иброҳим Ғафуров таваллудининг 85 йиллиги
Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли ижодкор, йирик олим, фаол жамоат арбоби Иброҳим Ғафуров умрининг янги довонини ошиб ўтмоқда. Адабиётшунос, таржимон, адиб ва публицист сифатида ўзига хос мактаб яратган, миллий адабиётимиз хазинасини бойитишга улкан ҳисса қўшган бу инсонни юртимизда танимаган-билмаган кам учрайди. Иброҳим Ғафуровнинг кўз нури, қалб қўри билан вужудга келган асарлар қанчадан-қанча хонадонларда китоб жавонларини безаб турган бўлса, ижодкорнинг ўзи, қувваи ҳофизаси, мансуралари, таржималари ҳақида битилган кузатишлар, қилинган тадқиқотлар, эсдаликлар ҳам адабиёт ихлосмандлари томонидан шунчалик қадрланади.
Қуйида ижодкор ҳақида атоқли олимлар томонидан ёзилган дилномалардан парчаларни эътиборингизга ҳавола қилдик.
***
...Иброҳимжоннинг босиб ўтган йўллари ҳақида ўйлар эканман, мени яна бир нарса ҳайратга солади ва ҳаваслантиради — у шу пайтга қадар жуда ҳалол ва жуда покиза ҳаёт кечирди. Ахир, биз ҳаётни ҳар қанча мақтаб улғаймайлик, унинг жозибадор томонларини айтиб алқамайлик, унинг ўта шафқатсиз томонлари, дош бериш қийин бўлган синовлари ҳам бор. Инсон умри узун йўлга ўхшайди, бироқ бу узун йўл чаман-чаман очилган гулзорлардан иборат эмас, унинг паст-баландликлари, ўнқир-чўнқирлари, лойқалар ва ҳатто нопокликлар бор. Бу лойқалар оёғингизга чирмашишга, баданингизга ёпишишга, юзингизда бир умрга кетмайдиган шармандалик доғи бўлиб муҳрланиб қолишга интилади. Бу йўллардан кирланмай ўтишнинг ўзи катта фазилатдир. Иброҳимжон бирон жойини лойга булғатмай, покизалигини сақлаб ўта олди. Йўқ, мен Иброҳимжонни бутун умрида бирон марта ҳам хато қилмаган, адашмаган, бенуқсон, бекаму кўст инсон деб айтмоқчи эмасман. Негаки, адашмаслик, нуқсонсизлик фақат Аллоҳга хос. Беайб — Парвардигор. Бандасики бор, албатта, адашади. Аммо адашишда адашиш бор. Иброҳимжон эсини таниб, улғайиб одамлар жамиятига қадам қўйганидан бери шу пайтга қадар бирор одамнинг тагига сув қуйгани йўқ, бирор одамнинг ғийбатини қилиб, уни туҳмат, бўҳтонларга қўйгани йўқ, бировнинг молини тортиб олгани, бировнинг оғзидаги луқмасини еб қўйгани, бировни қон қақшатгани йўқ, ҳасад ва бахиллик кўчасига киргани йўқ. Ҳалоллик, поклик деганлари шунинг ўзи эмасмикин? Унинг чеҳрасида барқ уриб турадиган доимий нуронийлик шундан эмасми?
Озод ШАРАФИДДИНОВ,
Ўзбекистон Қаҳрамони.
***
...Иброҳимжон ўзига замондош кўплаб мунаққидлар каби илмий-танқидий фаолиятни бадиий ижод билан қўшиб олиб боради, ҳам насрда, ҳам шеъриятда қалам тебратиб келади. Унинг ХХ аср иккинчи ярми Шарқ шеърияти, янги — модерн шеъриятига ҳамоҳанг тарзда яратган мансуралари теварагида адабий давраларда турли фикр-мулоҳазалар айтилди, айтилмоқда. Афсус, ҳозирча улар жиддийроқ ўрганилган, ҳаққоний баҳосини олган эмас. Мунаққиднинг ўзи эътироф этганидек, мансуралар эркин шеър жанрига жуда яқин, лекин эркин шеър эмас. Улар муаллифни ўртаган ўй, хаёл, орзу ва эришилмаган, йўқотилган нарсалар тўғрисидаги фикр оқимлари, шахсий кечинмалари, ўй-мушоҳадалари изҳоридир. Сўнгги «Ҳаё — халоскор» китобига кирган, муаллифнинг ўзи мансуралар, бадиалар, адабий-танқидий эсселар, суҳбат, публицистика деб тақдим этган нарсалар ифода йўсини, оҳанги, таҳлил, талқин усуллари жиҳатидан бир-бирларига ниҳоятда яқин.
Бу китобда ярқ этиб кўринган миллий танқидчилигимиз учун ибрат, сабоқ бўларли яна бир жиҳатга эътиборни тортишни истардим. Иброҳимжон адабий асарлар ва ҳодисаларга фақат мунаққид, ёзувчи-шоир эмас, айни пайтда таржимон нигоҳи орқали ёндашади, асар матнини жумлаларгина эмас, ҳар бир сўз, ҳарфлар товуши, маъно жилолари, тиниш белгиларигача — барча унсурларини кўз олдига келтириб, мушоҳада юритади. Ҳатто Навоий, Бобур, Машраб, Оллоёр, Қодирий мутолааси чоғида ҳам айни шу йўлдан боради. Мен шундай хулосага келдимки, ҳар бир мунаққид гарчи таржима билан бевосита шуғулланмаса ҳам, асар матнини таржимон нигоҳи билан ҳам ўқиш-уқишни одат қилиши зарур экан. Бусиз чин мунаққид мақомига кўтарилиш қийин. Иброҳимжон ўзи таржима қилган шоҳ асарлар ва уларнинг муаллифлари ҳақида ёзганида, назаримда, адабий танқиднинг аршига кўтарилгандек бўлади. Достоевский, Нисше, Маркес сингари даҳолар тўғрисида фақат таржимон-мунаққид Иброҳимжонгина шу тарзда баланд пардаларда ёзиши мумкин, қолаверса, у бундай улуғ сиймолар билан дил-дилдан самимий суҳбатлар, ошкора баҳс-мунозаралар олиб боришга тўла ҳақли!
Умарали НОРМАТОВ,
филология фанлари доктори, профессор.
***
...Ўзига хос ҳароратли сўзи билан эл-юрт орасида эътибор қозонган истеъдодли адибларимиздан бири Иброҳим Ғафурдир. Иброҳим ака — теран фикрли мунаққид, моҳир таржимон, чабдаст журналист, шоир ва жамоат арбоби. Мана, салкам қирқ йилдирки, адабиёт йўлида, демакки, маърифат ва маънавият йўлида ҳормай-толмай меҳнат қилиб келади. Салкам қирқ йилдирки, бу заковатли ва ориф инсон билан танишман, унинг сўзини тинглайман, оғир-вазмин, майин, аммо журъатли, хасталикка бегона, ўктам овозини эшитиб келаман. Бундан қувонаман ва қалбимга мадад оламан.
Бу овоз Иброҳим Ғафуринг адабий-танқидий мақолалари, бадиалари, публицистикаси ва ҳатто таржималарида ҳам ҳукмрон. Аллоҳ таоло бу инсонга алоҳида завқ ва идрок ато этган. Бизда ҳеч бир танқидчи шеърий асарни Иброҳим Ғафурдек қиёмига етказиб таҳлил қилган эмас. У ҳеч қачон асар муаллифига ақл ўргатиб, ҳукмфармонлик этмаган. Аксинча, у шеърни гўзал санъат асари деб, санъат қонунияти асосида ўрганар экан, муаллиф билан шеърият ҳақида суҳбат қуради ва шу орқали китобхоннинг ҳам дил торларини созлаб, гўзалликдан баҳра олишга ундайди. Шунда асарнинг ютуғи ҳам, камчилиги ҳам намоён бўлиб бораверади. Мунаққид янги истеъдодларни кашф этар экан, ўзининг ҳам шавқ-завқи тошиб кетади. Зотан, Иброҳим Ғафурнинг ҳар бир мақоласи — яхлит бир бадиий асар, шоирона дил изҳори. Айни вақтда, унинг мақолалари бедор ва безовта руҳнинг, фалсафий мушоҳадалар, тоза фикрларнинг меваси ҳам. Мунаққиднинг бадиий олами ва фикрий теранлиги бир-бирига шу қадар омухталашиб кетадики, баъзан уни бадиият файласуфи ёхуд фалсафанинг шоири дегингиз келади.
Нажмиддин КОМИЛОВ,
филология фанлари доктори, профессор.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Комилжонов Мухаммадсолиҳ Собиржон ўғлининг “Сaломaтлик лaндшaфтлaрини тaшкил этиш тaмойиллaрини ишлaб чиқиш” мавзусидаги (архитектура фанлари бўйича) фалсафа доктори (PhD) диссертациясининг ҳимояси эълони
- Россия янги урушга тайёргарлик кўрмоқда — Германия мудофаа вазири
- Теҳронда вазият жиддий: пойтахт аҳолиси эвакуация қилиниши мумкин
- Наманган – янгиланиш ва гўзаллик шаҳри
- Дўстлик ва ҳамкорликни кенгайтирган форум (+фоторепортаж)
- Ўзбекистон ёки Миср. Қайси терма жамоа кучли?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг