Аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка қарши кураш: ОАВ вакиллари амалга оширилаётган ишлар билан таништирилди
Бугун, 27 ноябрь куни Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш Республика марказида Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка қарши кураш куни муносабати билан ОАВ вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди.

Тадбир бутунжаҳон «Аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш куни» ҳамда халқаро «Зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракат» доирасида ўтказилди. Унда сўнгги йилларда аёлларни ижтимоий муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш, маиший зўравонликдан жабрланган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва уларни реабилитация қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумот берилди.

Бирламчи кўмак хоналари ташкил этилди
Зўравонлик ёки тазйиққа учраган аёллар ҳамда уларнинг вояга етмаган фарзандларига тезкор ёрдам кўрсатиш мақсадида марказда шошилинч қабул бўлимлари ва махсус бирламчи кўмак хоналари ташкил этилган. Улар бинонинг биринчи қаватида жойлашган бўлиб, қуйидаги хизматларни тақдим этади:
- тез тиббий ёрдам,
- психологик ва ҳуқуқий маслаҳатлар,
- ижтимоий хизматлар.
Зарурат туғилганда жабрланганларга 3 кунгача вақтинчалик бошпана тақдим этилади. Узоқ муддатли реабилитация лозим бўлса, Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказларига йўналтирилади.

Касбга йўналтириш ва реабилитация имкониятлари
Реабилитация марказида аёлларни касбга йўналтириш мақсадида махсус касб-ҳунар хоналари фаолият юритади. У ерда тикувчилик, пазандачилик, аёллар сартарошлиги ҳамда замонавий касблар бўйича 2–3 ойлик ўқув курслари мавжуд. Ўқув жараёнини якунлаганлар махсус сертификат олишлари мумкин. Марказда аёлларга тиббий, психологик, ижтимоий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиб, уларнинг ҳаётини қайта тиклашга кўмак берилади.

Шунингдек, марказда жабрланган аёллар фарзандлари учун ҳам қулай шароитлар яратилган. Мактабгача ёшдаги болалар учун ўйин майдончалари мавжуд бўлиб, улар тарбиячилар ҳамда мутахассислар назоратида тиббий ва психологик қўллаб-қувватланади.


Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш Республика марказининг Тошкент шаҳар ҳудудий маркази директори Мухаббат Захидова пресс-турнинг мақсадини қуйидагича изоҳлади:
«Бугун марказимизда ОАВ вакилларининг иштирокида ўтказилган тадбир орқали 16 кунлик зўравонликка қарши акция доирасида фаол иштирок этиш, шунингдек, марказ фаолиятини жамоатчиликка кенг таништириш кўзда тутилган. Ҳозирда республика бўйлаб 15 та реабилитация маркази фаолият юритмоқда. Уларда жабрланган аёллар ва уларнинг болаларига тиббий, психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилади. Аёллар вояга етмаган фарзандлари билан бирга 1 ойдан 6 ойгача бўлган муддатда марказда яшаши мумкин. Шуни таъкидлаш керакки, ҳурматли президентимиз томонидан аёлларга ва уларнинг вояга етмаган фарзандларига мақсадли ҳамда манзилли ёрдам кўрсатишни назарда тутган. Бу нима дегани агар аёл оиласида юридик ёки жисмоний шахсдан жабрланган бўлса, унга дастурда белгиланган турли хизматлар кўрсатилади.»


Мурожаат қилиш тартиби
Тазйиқ ёки зўравонлик ҳолатлари бўйича қуйидаги хизматларга мурожаат қилиш мумкин:
-
102 — ички ишлар органлари,
-
112 — ягона диспетчерлик хизмати,
-
1146 — ижтимоий ҳимоя тизимидаги «Ишонч телефони»,
-
«Инсон» ижтимоий хизматлари марказлари ва профилактика инспекторлари.
Мурожаатлар 24 соат ичида кўриб чиқилади. Заруратга кўра профилактика инспектори ҳимоя ордерини расмийлаштиради ва аёллар бирламчи кўмак хонасига жойлаштирилади.

Шунингдек, зўравонликдан жабрланганлар билан ишлаш тизими тўлиқ рақамлаштирилган бўлиб, янгича электрон модуль орқали ҳимоя ордерлари рўйхатдан ўтказилади, жабрланувчилар тўғрисидаги маълумотлар реал вақтда «Инсон» марказларига етказилади ҳамда барча хизмат жараёнлари онлайн назорат қилиб борилади.
Машҳура Алимардон, “Халқ сўзи“
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Янгиланаётган Марказий Осиё: бирлик, дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи
- “Лўлилар фақат тиланчими?...” Улар яшаётган маҳалладан фоторепортаж
- Ногиронлиги бўлган фуқароларга 30 млн сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
- «Адабиёт ва ҳаёт»: Султонбой Деҳқоновнинг шахсий фотокўргазмаси очилди (+фоторепортаж)
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг