“Аёллар ўртасида самарқандлик илк гроссмейстер бўлмоқчиман”
2002 йилда Самарқанд шаҳрида туғилганман. 7 ёшимдан шахмат билан шуғулланаман. Ота-онам математика фани ўқитувчиси бўлгани учун уйда кўп шахмат ўйнарди. Мен уларни кузатиб, шахматни ўрганганман. Отам қизиқишимни кўриб, шахмат тўгарагига қўйди. Илк мураббийим Виктор Исмаиловдан шахмат сирларини ўрганганман.
2022 йилда Ўзбекистон аёллар терма жамоасига қабул қилинганман. Ҳозирда халқаро тоифадаги гроссмейстер Тоҳир Воҳидов мураббийлигида нуфузли мусобақаларда иштирок этяпман. 2022 йилда Қирғизистонда ўсмирлар ўртасида ўтказилган “Ғарбий Осиё шахмат чемпионати 2022” Осиё чемпионатида 20 ёшгача бўлган аёллар ўртасида олтин медални қўлга киритдим. Испаниянинг Сардегна шаҳрида ўтказилган “Fide World Junior Chess Championship 2022” чемпионатида, 2023 йил Қирғизистонда ўтказилган “Issyk-Kul Open 2023” халқаро шахмат мусобақасида биринчи ўринни эгалладим. 2022 йилда эришган ютуқларим эътироф этилиб, “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирландим.
2024 йил ҳам мен учун эсда қоларли йил бўлди. Жорий йилда Россиянинг Казан шаҳрида ўтказилган “БРИКС” жаҳон ҳамжиҳатлик олимпиада баҳсларида блиц ва рапид йўналишларида учинчи ўринга сазовор бўлдим. Шунингдек, шу йили Будапешт шаҳрида ўтказилган 45-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасидаги жамоавий иштирокимиз ҳам яхши ўтди. 180 дан зиёд давлат шахматчилари иштирок этган олимпиадада 12-ўринни қўлга киритдик. Ўзимиздан анча кучли бўлган жамоаларга қарши рақобат олиб бордик. Мен олти ўйинда 2,5 очко тўпладим. Тан олиш керак, рақибларимиз биздан анча кучли эди. Шунга қарамай яхши ўйин кўрсатдик.
Айни пайтда Тошкент халқаро молиявий бошқарув ва технологиялар университети магистратураси биринчи босқич талабасиман.
2026 йилда 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси Самарқандда ўтказилади. Мусобақага тайёргарликни бошлаганмиз. Ҳозирда мураббийим билан камчиликларим устида, кўпроқ янги дебютлар, янги тактикалар, ўйин вақтидаги режалар устида ишлаяпмиз. Самарқанддан хотин-қизлар ўртасида гроссмейстер чиқмаган. Лекин аёл мастерлар бор. Мен ҳам ҳозирда WIМ (Woman International Master) шахмат бўйича халқаро аёллар мастериман. Битта халқаро аёллар гроссмейстери нормаси бор. Яна иккита шундай нормани қўлга киритсам, аёллар гроссмейстери бўламан. Келажакда гроссмейстерликка эришиб, юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиш мақсадим бор.
Маржона Маликова,
Ўзбекистон аёллар терма жамоаси аъзоси,
Шахмат бўйича Осиё чемпиони.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг