“Аёллар дафтари” орқали уй бекаси тадбиркорга айланди
Отабек ИСРОИЛОВ/“Халқ сўзи”. “Аёллар дафтари” деган ибора маҳалла тизимида амалий ислоҳотларни бошлаб, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва ишсиз хотин-қизлар учун нажот воситасига айланди. Зотан, “Аёллар дафтари” орқали хотин-қизларга берилаётган имкониятлар уй бекаларини тадбиркорга, XXI асрнинг ишбилармон аёлларига айлантирмоқда.
Президентимиз раислигида 16 декабрь куни банклар иштирокида маҳаллаларда аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадли қилишга қаратилган устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда таъкидланганидек, Уйчи, Сайхунобод, Зарбдор ва Ғиждувон тажрибалари доирасида 2024 йил бошидан буён 3 миллион 300 минг аҳоли доимий даромадга эга бўлган. Жами расман банд бўлганлар илк бор 10 миллион 500 минг нафарга етган. Улар орасида Тошкент вилоятининг Паркент туманида яшовчи Фотима Боева ҳам бор.
— Хотин-қизларни ишли қилиш ва уларни доимий даромадли иш билан таъминлаш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири бўлиб келмоқда, — дейди Паркент тумани ҳокими ўринбосари Марғуба Иноятова. — Жорий йилда “Аёллар дафтари”да рўйхатга олинган 3888 нафар хотин-қизларнинг 182 нафарига имтиёзлар ажратилди. Нафақат ишсиз аёллар, балки улар билан бирга ўнлаб иш қидираётган ҳунарли ёшларнинг ҳам доимий иш билан таъминланишига эришилди.
Фотима Боева Паркентдаги “Самаробод” маҳалласида истиқомат қилади. У яшовчи манзил ҳам, хонадон соҳибасининг чеҳраси ҳам ишончдан ёришиб турибди. Бундан бир неча йиллар аввал идиш-товоқ ва рўзғорнинг майда юмушларидан орта олмаётган оддий уй бекаси эндиликда тадбиркорга айланган. У фақатгина умид билан яшади. Энди умид ўрнини орзу, эртанги кунга тўкис ишонч ва қатъият эгаллаган.
Хатловга келган маҳалла идораси вакилларининг гап-сўзларига ишонмайгина қараган, уларнинг саволларига ийманибгина жавоб берган Фотима опа оила аъзолари билан маслаҳатлашгач, 2022 йилда имтиёзли равишда 29 миллион сўм кредит олди. Маҳаллий фермерлардан майиз харид қилиб, навлар асосида қадоқланган маҳсулот сотувини йўлга қўйди.
Излаганга имкон, истаганга шароит бор. Фотима Боева бир неча йил қайтарилиши лозим бўлган кредитни муддатидан олдин қайтарди. Соф даромад ҳам чаккимас. Янги тадбиркорда энди янги фикр уйғонди. У яна кредит олади. Бу сафар бир оз кўпроқ. Намунали мижозга банк ҳам ишонади. 50 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит нақд шаклда Фотима Боевага берилди.
Бунинг натижасида ўндан зиёд аёллар ишли бўлди. Уларга ўз уйларида бўлган ҳолда узумни қуритиб, майизни қадоқлаб, ҳар ойда 3-4 миллион сўм даромад топиш имконияти яратилди. Тадбиркорнинг ўзи йилига 120 миллион сўм соф даромад олмоқда.
— Давлатнинг кўмаги билан яшаш шароитим яхшиланди, — дейди Фотима Боева. — Шу орқали тўйлар қилдик, келин туширдим. Мана, ўғлимни ҳам, келинимни ҳам ўқитяпман. Барчаси давлатимизда хотин-қизларга кўрсатилаётган чексиз ғамхўрлик туфайли.
Фотима Боева ўтган йилларда “Аёллар дафтари”да рўйхатда туриб, давлатдан кўмак олган бўлса, ҳозирги кунда ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларга ҳомийлик қилиб келмоқда. Бу яхшиликнинг дунёда изсиз кетмаслигига ишора бўлса, не ажаб.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- АҚШ молия вазири компьютерига хакерлар ҳужум қилди
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ислам Махачевга Арман Царукян рақиблик қила олмайди. «UFC 311» олдидан содир бўлган нохуш хабарнинг барча тафсилотлари
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг