«Аваза»да Марказий Осиё давлатларининг умумий манфаатлари белгилаб олинди

18:11 06 Август 2021 Сиёсат
950 0

Бугун давлатимиз раҳбари Туркманистоннинг «Аваза» миллий сайёҳлик зонасида бўлиб ўтаётган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашувида иштирок этиб, нутқ сўзлади.

Президентимиз томонидан қатор таклифлар илгари сурилгани эътиборга моликдир.

Хусусан, биринчи галда Марказий Осиёда иқтисодий ҳамкорликнинг янги моделини шакллантириш бўйича қатъий қадамларни амалга ошириш лозимлиги қайд этилди. Қолаверса, янги ўсиш нуқталарини, узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган янги ривожланиш драйверларини аниқлаш муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.

Бунинг учун мамлакатларимиз тадбиркорлари ва ҳудудлари ўртасидаги бевосита алоқаларни рағбатлантириш, инвестиция ва иқтисодий форумларни мунтазам ўтказиб бориш лозимлиги таъкидланди. Шуни инобатга олган ҳолда давлатимиз раҳбари томонидан Савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг умумий йўналишлари тўғрисидаги битимни қабул қилиш ташаббуси илгари сурилди.

Айтиш керакки, бу ташаббус Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида савдо-иқтисодий муносабатларнинг яхшиланиши, умуман олганда, минтақанинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга ёрдам берди. Зеро, сўнгги беш йилда Ўзбекистон ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида барча даражалардаги алоқалар жадаллашгани туфайли ўзаро ишонч ва қўллаб-қувватлашнинг янги сиёсий муҳити шаклланди. Бу эса, аввало савдо, саноат, инвестиция, энергетика, транспорт ва транзит, сувдан фойдаланиш, таълим, хавфсизлик, экология, минтақа аҳолисининг ижтимоий муҳити ва турмуш шароити сифатини яхшилаш борасида умумҳудудий ривожланишнинг долзарб масалаларини самарали, биргаликда ҳал этиш имконини бермоқда.

Давлатимиз раҳбарининг Марказий Осиё давлатлари манфаатларига хизмат қилувчи бу галги муҳим ташаббуслари минтақа тараққиёти Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши эканидан далолатдир десак тўғри бўлади. Бу эса мамлакатимизнинг халқаро нуфузини оширибгина қолмай, Марказий Осиёнинг барқарор ва улкан имкониятларга эга ҳамкорлик маконига айланишига амалий хизмат қилмоқда.

Бундай кенг кўламли вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш эса ўзаро ҳамжиҳатликни талаб этади. Шу маънода давлатимиз раҳбарининг хайрли ташаббуслари ҳамжиҳатликка чорловчи эзгу даъват бўлди, десак муболаға бўлмайди.

Дилбар УСМОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар
қўмитаси аъзоси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер