Атрофдагиларнинг гапларига қулоқ солавермаслик керак. Аниқроғи, керакли гаплардан хулоса қилиб, қолганларини "корзинка"га ташлаш лозим — Зулфия мукофоти совриндори

18:06 09 Март 2021 Маданият
2050 0

Зулфия номидаги Давлат мукофотини қўлга киритишни кўпчилик қизлар орзу қилиши рост. Аммо бу мукофот орзуларини мақсадга айлантира олган ва меҳнатдан қочмай, тинимсиз ўз устида ишлаган нафосат соҳибаларигагина насиб этади.

Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабаси Айшахон Хушназарова ҳам мана шундай юксак эътирофга сазовор бўлганлардан бири.

Айшахон куни кеча 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ўтказилган байрам тадбирида қатнашиб, ушбу нуфузли мукофотни Президентимиз қўлидан қабул қилиб олди.

Ушбу ҳаяжонли дамларда Айшахонинг қувончлари билан ўртоқлашдик. 

— Севинч ва шукроналик туйғуларимнинг чек-чегараси йўқ, — дейди Айшахон. — Ушбу юксак мукофотни давлатимиз раҳбарининг қўлидан олиш мен учун чин маънода тарихий лаҳзалар бўлди. Буни ҳеч қачон унутмайман.

Тўғриси, саодатли бу кунларни 10 йилдан буён кутардим. 2011 йили Наманган туман ҳокимлигининг «Истиқлол» газетасида мен ҳақимда «Умидли қиз Айшахон» сарлавҳали мақола чоп этилганди. Ўшандаёқ қалбимга олов тушган. Келажакда Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлишим мумкинлиги бутун хаёлимни банд этганди.

Кейинчалик Президентимиз ташаббуси билан очилган университет талабаси бўлдим. Ҳозирги кунда ҳам ўқиб, ҳам «Менинг юртим» телеканалида ишлаяпман. Шу кунгача беш юзга яқин репортажларим ва элликдан ортиқ телекўрсатувларим эфир юзини кўрди. 20 га яқин маҳаллий ва республика газеталарида мақолаларим нашр этилди. Шунингдек, АҚШ, Буюк Британия, Украина, Нидерландия ҳамда Россия каби қатор мамлакатларда ўтказилган халқаро конференциялар тўпламларида, журналларида илмий ва публицистик мақолаларим билан чиқиш қилдим. 2018 йили эса «Ёшлик тараннуми» номли илк шеърий тўпламим чоп этилди.

Ўзимни спорт ва санъат соҳаларида ҳам синаб кўрганман. Спортнинг волейбол турига қизиқишим баланд ва бу билан доимий шуғулланишга ҳаракат қиламан. Санъат соҳасига бўлган меҳрим ортидан дутор чалишни ўргангандим.

Жамият ҳаётида ўз ўрнига эга бўлиш ҳар бир инсоннинг интилиши бўлиши керак, назаримда. Буни ўзим учун шиор билганим боис, ўзим истиқомат қиладиган маҳалламда «Ёшлар ва аҳоли муаммоларини ўрганувчи жамоатчилик маркази» фаолиятини йўлга қўйдим. Мақсад — маҳалла аҳолиси, жумладан, ёшлар билан ишлаш ва бир қатор муаммоли, ўз ечимини кутаётган масалаларни ҳал қилиш. Ушбу марказ фаолияти маҳалладаги ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш, нотинч оилалар билан ишлаш ва ажримларнинг олдини олишга қаратилган. Шу кунгача марказда психолог ва бепул тиббий кўриклар амалга ошириб келинмоқда.

— Сиз шундай мукофотга лойиқ кўрилибсиз, кўп йиллардан буён мукофот учун ҳужжат топшириб, эриша олмаётган тенгдошларингиз, опа-сингилларингиз учун қандай мотивация берган бўлар эдингиз?

— Аллоҳга шукрки, мукофот совриндорлари қаторидаман. Мен ҳам ўтган йили мукофотни ололмадим, лекин ҳар хил шубҳа-гумонларга бормай, кимлардандир айб қидирмай, ҳаракатдан тўхтамадим. Ахир гумон иймондан айирар дейишади-ку.

Бу йил ҳам яна ҳужжат топширдим ва орзуимга эришдим. Албатта, мукофотга етишишни ният қилган опа-сингилларимга умидларини сўндирмасликни, ҳаракатдан тўхтамасликни ва мақсадларидан ҳеч қачон воз кечмасликларини тилаган бўлардим.

— Келажакда шу мукофотни қўлга киритишга астойдил бел боғлаган қизларимиз талайгина. Ушбу довонни забт этган инсон сифатида уларга муваффақият эшикларини очувчи калитни айта оласизми?

— Биринчи навбатда, ҳар бир инсон ўз орзулари рўёби сари ҳаракат қилаётганда аниқ механизмга таяниши керак. Жумладан, Зулфия номидаги Давлат мукофотига талабгорлар ҳам олдиларига аниқ мақсад қўйиб олишлари ва режа асосида ҳар бир ишни бирин-кетин амалга ошириши лозим.

Иккинчидан, атрофдагиларнинг гапларига қулоқ солавермаслик керак. Аниқроғи, керакли гаплардан хулоса қилиб, қолганларини «корзинкага» ташлаш лозим. Ўқишдан, изланишдан толмаслик шарт.

Учинчидан, ниятни холис қилиш ва ҳар бир қилаётган ишидан хайр қидириш зарур. Ниятлар эзгуликка йўғрилган бўлса, уларнинг ушалиши учун бутун олам кўмаклашади.

— Мукофот билан тақдирланганингизни билгач, кўнглингиздан нималар кечди?

— Хушхабарни эшитиб, ўзимда йўқ хурсанд бўлдим, албатта. Ҳалигача бу кайфият кетмади. Қувончимни, биринчи навбатда, онам билан бўлишдим. Оила аъзоларим, кейин эса бошқа яқинларим хабар топишди. Мана ҳали ҳануз табриклар келишда давом этмоқда.

— Келажак режаларингиз қандай?

— Келажакда амалга оширишни режа қилган ишларим кўп. Ҳар бирини ўз вақти ва ўрнида бажаришни режа қилганман. Бу ҳозирча сир бўлақолсин. Яқин кунларда балки янги лойиҳаларимни ойнаи жаҳон орқали кўриб қоларсизлар. Энг асосийси, орзу-мақсадларим сари интилишдан тўхтамайман.

Мен қатори бу мукофотга лойиқ кўрилганларнинг ҳам аксариятини танийман, қолганлари билан танишиб олдим. Уларнинг ҳам жуда катта-катта мақсадлари бор. Уларни амалга оширишларида фақат ва фақат куч-қувват тилайман.

— Зулфия номидаги Давлат мукофоти осонлик билан эришиладиган ютуқ эмас, бунгача жуда кўп йўлларни босиб ўтиш лозим. Аммо, минг афсуски, «Гуруч курмаксиз бўлмас» деганларидек шундай қутлуғ номга доғ тушираётган ёшларни ҳам учратиб турибмиз. Нима деб ўйлайсиз, инсон машаққат билан эришган даражасини умрбод сақлаб қолиш ва янада юксалиш учун нималарга эътибор бериши лозим?

— Фикрингизга қисман қўшиламан. Аммо яна бир фикр мавжуд. Беайб Парвардигор. Ҳамма ҳам хато қилади. Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари ичида ҳам хатоларга йўл қўйганлари бор. Бу сир эмас. Лекин ана шундай ҳолатларга тушмаслик учун эндиги қатлам сергак тортиши ва ҳар бир ишни ўйлаб қилиши керак. У бу билан нафақат ўзининг шаънини, балки мукофотни ҳам оқлаган бўлади.

Зиёда РАҲИМБОЕВА ёзиб олди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?