«SAT» имтиҳонидан юқори натижа кўрсатган ўқувчилар маҳаллий олийгоҳларга грант асосида қабул қилинади

15:43 28 Июнь 2024 Сиёсат
894 0

Фото: Президент матбуот хизмати

«SAT» имтиҳонидан 75 фоиздан юқори натижа кўрсатган ўқувчилар маҳаллий олийгоҳларга грант асосида қабул қилинади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев ёшлар сиёсатига бағишланган видеоселектор йиғилишида маълум қилди.

Йиғилишда қайд этилишича, Президент мактаби баҳолаш тизими 500 та мактабда жорий қилиниши ҳисобига бир йилни ўзида билимларни ўзлаштириш 53 фоиздан 60 фоизга ошган.

Шунингдек, бу йил мазкур мактабларни 14 мингдан зиёд ўқувчи олтин ва кумуш медаллар билан битиргани ва «Катта бешлик» фан олимпиадаларида қўлга киритилган медаллар охирги тўрт йилда 2 карра кўпайгани таъкидланган.

Видеоселектор давомида Президент фарзандларимизни тарбиялаб, ўқитиб, мана шундай ютуқларга эришишига сабабчи бўлган ота-оналар, устоз ва мураббийларга чуқур миннатдорлик билдирган.

Қўшимча қилинишича, ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш доирасида ўтган тўрт йилда:

  • «Оилавий тадбиркорлик» дастурлари доирасида 13,5 триллион сўм кредит ажратилиб, 1 миллион ёш банд бўлган;
  • «Ёшлар дафтари»дан 107 минг ўғил-қизларимизга 338 миллиард сўм субсидия берилган;
  • 205 та «Ёшлар саноат зонаси»да 2,5 триллион сўмлик 1,2 минг лойиҳа ишга тушган.

«Яратилган шароитлар ҳисобига, бизнесини «ноль»дан бошлаб, ҳозирда айланмасини миллион доллардан оширган 1,5 минг нафар ёшларимиз бор. Қилса бўларканку! Энг муҳими, ёшларимизни янги-янги ғоялари кўп. Уларга фақат эътибор ва шароит керак», деган Президент.

Давлат раҳбари ушбу шароитларни карра-карра кўпайтириш бўйича янги ташаббусларни илгари сурган ҳолда мамлакат жадал ривожланиши учун бизга «тўртинчи саноат инқилоби» касблари жуда муҳимлиги қайд этган.

Президент матбуот хизматига кўра, шу муносабат билан ёшларни физика, кимё, биология, технология, муҳандислик, математика (СТEМ) билан боғлиқ касбларга қизиқишини ошириш учун янги тизим жорий қилинади.

Янги ўқув йилидан олийгоҳлар қошидаги жами 73 та академик лицейда тажриба тарзида «Халқаро бакалавриат» ва «A-level» дастурлари жорий қилинади. Бу дастурлар асосида сертификат олган ўқувчилар ўша олийгоҳга имтиҳонсиз, контракт асосида қабул қилинади.

«Ёшларимиз хорижий олийгоҳларда ўқиш учун математика, инглиз тили ва илмий фикрлаш бўйича «SAT» имтиҳонини топширмоқда. Бу тестларда 75 фоиздан юқори натижа кўрсатган ўқувчилар чет элни энг нуфузли олийгоҳларига грант ютаяпти. Энди бундай ёшларни ўзимизни олийгоҳларга ҳам грантга қабул қиламиз», деган Шавкат Мирзиёев.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?