Асосий озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан жорий этилган имтиёзлар муддати узайтирилмоқда

21:06 24 Декабрь 2021 Жамият
1216 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда «Ичимлик суви таъминоти ва оқова сув чиқариш тўғрисида»ги, «Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаш фаолияти тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 483-моддасига асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш киритиш тўғрисида»ги каби бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

Фракция аъзолари томонидан «Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 483-моддасига асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, мазкур қонун лойиҳаси қиш-баҳор мавсумида аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз ва кафолатли таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган. Қонун лойиҳаси асосий озиқ-овқат маҳсулотлари билан бозорни тўлдириш ва аҳоли эҳтиёжини қондиришга хизмат қилади.

Қонун лойиҳаси Солиқ кодексининг 1 та моддасига ўзгартиш киритишни назарда тутувчи 3 та моддадан иборат бўлиб, бир қатор асосий озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан татбиқ этилган қўшилган қиймат солиғидан озод этиш бўйича имтиёзларни 2022 йил 30 апрелга қадар узайтириш таклиф этилмоқда. Яъни, ушбу муддатгача ўсимлик ёғи, кунгабоқар ва зиғир уруғи, соя данагини олиб кириш, ўсимлик ёғини (пахта ёғидан ташқари) ишлаб чиқариш ва реализация қилиш бўйича айланмага, гўшт (мол, қўй, товуқ), тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда) ва уларни сўйишдан олинган маҳсулотларни, картошкани ҳамда музлатилган балиқни реализация қилиш бўйича айланма ва уларни олиб кириш борасидаги имтиёзлар сақлаб қолинади.

Депутатлар томонидан барча қонун лойиҳалари партия электорати нуқтаи назаридан келиб чиқиб муҳокама қилинди ва маъқулланди.

Йиғилишда Ўзбекистон ХДП фракцияси фаолиятига оид масала – жорий йил IV чорагида фракция томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш ҳолати ҳам кўриб чиқилди.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?