Асакада банан ва папая етиштирилмоқда

11:50 16 Январь 2025 Жамият
107 0

Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Асака туманида истиқомат қилувчи Моҳиржон Тўрақулов томорқасида барпо этилган иссиқхона айни дамда тажриба мактабига айланди. Боиси, нафақат республикамиз, балки қўшни давлатлардан келган қизиқувчилар томорқада банан етиштириш сирларини ўрганмоқда.

— Банан дунё бўйича аллергия келтириб чиқармайдиган ягона ҳосилдир, — дейди Моҳиржон биз билан суҳбатда. — Республикамиз шароитида зарарли ҳашаротлар тушмайдиган мева ҳисобланади. Шу боис парвариш давомида унга нисбатан ҳеч қандай кимёвий моддалар қўлланилмайди. Банан кўчатларини тажриба сифатида иссиқхонада парваришладим. Иссиқхона термос усулида, яъни қўшқават плёнка остида барпо этилгани учун деярли иситилмайди. Шу боис ҳосилни етиштиришда ортиқча харажатларга ҳожат қолмади. Синов тариқасида иссиқхонамнинг бир четига 9 туп папая кўчатларини ҳам ўтқазгандим. Улар ҳам мевага кирди. Шу кунларда ҳар бир донаси 100 минг сўмдан ортиқ. Бир туп кўчатдан 50 килогача ҳосил олиш мумкин. Келгусида иссиқхонамни кенгайтириш ва банан учун ихтисослаштиришни режа қилганман. Сабаби, бизнинг туманда 7 метр ер остидан сув чиқади. У йилнинг тўрт фаслида ҳам бир хил илиқ ҳароратда бўлади. Демак, ерни ўйиб, иссиқхонани чуқурликда барпо этиш яна ҳам кўпроқ самара беради.

Моҳиржон 5 сотихдан иборат иссиқхонасида 110 туп банан кўчатини парваришлади. Айни пайтга келиб ҳар бир кўчат ўртача 35 килодан ҳосил берди. Бир йилда икки марта ҳосил йиғиш мумкинлигини инобатга олсак, демак, йиллик даромад 150 млн. сўмни ташкил этмоқда. Минтақамиз иқлим шароитига мос банан кўчатлари ҳақида хабар топган қизиқувчилар Моҳиржонни йўқлаб кела бошлади. Эндиликда Қирғизистон ва Тожикистон Республикаларидан ҳам кўчат учун буюртмалар нақд. Бунинг учун кўчатлар томорқанинг ўзида инветро усулида етиштирилмоқда. Кичик томорқадан бошланган тажриба бугунга келиб катта даромад беряпти. Бу нафақат Моҳиржонни, балки шу соҳага қизиқувчиларни ҳам истиқболли лойиҳаларга ундамоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?