Арзонлаштирилган савдо ярмаркаларида нарх-наво қатъий назоратга олинган
Фото: Халқ сўзи
Сир эмас, аномал совуқнинг кириб келиши билан юртимиз бўйлаб энергия таъминоти ва транспорт хизмати тизимида узилишлар юзага келди. Шунинг баробарида бозорларда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи сезиларли ошди. Бу муаммоларни тизимли бартараф этиш, пировардида халқимизни рози қилиш йўлида ҳукуматимиз томонидан тегишли чоралар кўрилмоқда. Хусусан, жойларда кундалик зарурий маҳсулотлар тақчиллиги ва қимматлашувининг олдини олиш мақсадида арзонлаштирилган савдо ярмаркалари ташкил этилгани айни муддао бўлди.
Биз Нукус шаҳридаги деҳқон бозорида хизмат кўрсатаётган арзонлаштирилган савдо ярмаркасида бўлдик.
Дарҳақиқат, бу ерда картошка, пиёз, гуруч ва бошқа маҳсулотлар анчагина арзон нархларда харидорларга таклиф қилинмоқда. Сифатидан эса кўнгил тўлади. Шунинг учунми, навбатда турганларнинг сафи узилмайди.
— Бозор маъмурияти томонидан ушбу ярмаркадан жой ажратилиб, халқимизга арзон нархларда савдо қилиш имконияти яратилди, — дейди пиёз сотувчиси Мирамхан Доспанова. — Тўғриси, сал олдин пиёз нархлари кўтарила бошлаганда, арзон сотиб хавотирга ҳам тушдик. Лекин озиқ-овқат маҳсулотлари нарх-навоси ҳозир барқарорлашди. Бизга ҳам вилоятлардан арзон нархда етказилмоқда ва ўз навбатида биз ҳам харидорларга имкон қадар арзон сотмоқдамиз.
Элликқалъа тумани деҳқон бозорида ташкил этилган ярмаркада эса асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари , чунончи, картошка ва пиёз 4 ярим минг сўмдан, сабзи 2 минг сўмдан сотилаётгани гувоҳи бўлдик. Бундан, табиийки, харидорлар мамнун.
— Барча маҳсулотлар ҳамёнбоп нархларда сотилмоқда, — дейди элликқалъалик Гулбаҳор Сейбуллаева. — Хонадонимизда кичик тадбир бор эди. Куннинг совуғида бозорда нарх-наво ҳам кўтарилиб кетгандир, деб хавотирда келгандим. Йўқ, картошка-пиёз ва ўша оилавий тадбиримиз дастурхони учун зарур бўлган барча маҳсулотларни арзонлаштирилган ярмаркадан олдим. Айниқса, савдо ўринлари терминаллар билан таъминланиб, озиқ-овқат маҳсулотларини пластик карталар орқали сотиб олиш имконияти яратилгани бизга жуда маъқул бўлди.
Қиш нисбатан қаттиқ келадиган Оролбўйи ҳудудида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сифатли сақлаш ва аҳолига арзон нархларда сотилишини таъминлаш бўйича шаҳар-туман ҳокимликлари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси прокуратурасидан масъул ходимлар бириктирилиб, назорат тадбирлари қатъий олиб борилаётгани мақсадга мувофиқдир.
— Бугунги кунда барча туман ва шаҳарлардаги деҳқон бозорларида арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркалари барқарор ишлаб турибди, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси бўлим бошлиғи Сардор Якубов. — Ярмаркаларда мамлакатимиз вилоятларидан сарҳил қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари олиб келиниши ва арзон нархларда сотилиши таъминланмоқда.
Ғ. ОТАЖОНОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг