АҚШ ва Буюк Британия Яманга янги зарбалар берди

21:14 13 Январь 2024 Дунё
378 0

Фото: US Central Command

АҚШ ва Буюк Британия Яман ғарбидаги Ҳодейда ҳарбий-денгиз базасига зарба берди.

Шу йилнинг 12 январга ўтар кечаси АҚШ ва Буюк Британия Ямандаги “Ансор Аллоҳ” (ҳусийлар) ҳаракатининг 16 та нишонига 60 дан ортиқ зарба берганди. Бунинг оқибатида бир қанча йирик шаҳарларда, шунингдек Сана аэропортида портлашлар юз берди. Америка ҳарбийлари “Tomahawk” қанотли ракеталари билан, инглизлар эса “Paveway IV” томонидан бошқариладиган бомбалар билан ҳужумлар қилгани ҳақида хабар беришди.

13 январь куни Америка қўшинлари Ямандаги “Ансор Аллоҳ” ҳаракати ҳарбий қўмондонлигига бўйсунувчи радар станциясига ҳужум қилгани маълум бўлди.

Ҳусийлар қуролли кучлари вакили Яҳё Сариянинг айтишича, АҚШ ва Буюк Британия пойтахт Сана ҳамда Ҳодейда, Таиз, Ҳажжа ва Саада вилоятларига 73 марта зарба берган. Ҳужум оқибатида беш нафар ҳаракат жангчиси ҳалок бўлди, яна олти нафари яраланган.

Ҳусийлар АҚШ ва Буюк Британия ҳарбий базалари ва иншоотларига жавоб зарбалари берганликларини айтишди ҳамда ракета ҳужуми натижасида Қизил денгизда АҚШ ҳарбий кемасини чўктиришга муваффақ бўлганликларини даъво қилишди.

Шу билан бирга, “Ансор Аллоҳ” ҳаракати Сиёсий бюроси аъзоси Хузам ал-Ассаднинг қўшимча қилишича, ҳусийлар Лондон ва Вашингтоннинг ҳаракатларига жавоб беришади ва улар “ўз тажовузкорлигидан пушаймон бўлади”.

“Ансор Аллоҳ” (ҳусийлар) ҳаракати сиёсий бюроси аъзоси Муҳаммад Али ал-Буҳайтининг айтишича, АҚШ ва Буюк Британиянинг Ямандаги нишонларга берган зарбаларидан сўнг ҳусийларнинг ракета арсенали ва бошқа қуроллари зарар кўрмаган.

“АҚШ нишонлари нима бўлгани ҳақида маълумотга эга эмасман, аммо ракеталар ва қуролларимизга ҳеч қандай зарар етказилмаган. Мен буни уларни йўқ қилиш қийин бўлган яхши ҳимояланган жойларда жойлашгани билан боғлайман”, — деди Буҳайти.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер