Лондон ва Вашингтон ўз тажовузкорлигидан пушаймон бўлади — ҳусийлар Сиёсий бюроси аъзоси Хузам ал-Ассад

21:55 12 Январь 2024 Дунё
423 0

Фото: AFP

АҚШ ва Буюк Британиянинг Ямандаги нишонларга берган зарбаларидан сўнг ҳусийларнинг ракета арсенали ва бошқа қуроллари зарар кўрмаган. Бу ҳақда “Ансор Аллоҳ” (ҳусийлар) ҳаракати сиёсий бюроси аъзоси Муҳаммад Али ал-Буҳайти маълум қилди.

“Америка нишонлари нима бўлгани ҳақида маълумотга эга эмасман, аммо ракеталар ва қуролларимизга ҳеч қандай зарар етказилмаган. Мен буни уларни йўқ қилиш қийин бўлган яхши ҳимояланган жойларда жойлашгани билан боғлайман”, — дейди Буҳайти.

Унга кўра, яманлик ҳусийлар агрессияга жавобан ушбу давлатлар билан боғлиқ кемаларга зарба беради.

Шу ўринда Ал-Буҳайти Вашингтон ва Лондоннинг Яманга ҳаво ҳужумлари сабаблари АҚШ президенти Жо Байден ва Британия Бош вазири Риши Сунакнинг сайловолди эҳтиёжлари билан боғлиқ, дея тахмин қилди.

Пентагон матбуот котиби Патрик Райдернинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар, дастлабки баҳолашларга кўра, ҳусийлар нишонларига зарбалар бериш натижасида “яхши самарага” эришган.

Қизил денгиздаги вазиятнинг кескинлашиши

Ўтган йилнинг ноябрь ойи ўрталарида Яманнинг шимолини бошқараётган “Ансор Аллоҳ” Ғазо секторидаги фаластинликларни қўллаб-қувватлаб, Қизил денгиздаги Исроил билан боғлиқ ҳар қандай кемаларга ҳужум қилиш билан таҳдид қилган ва бошқа давлатларни ўз экипажларини қайтаришга чақирган эди.

Хусусан, 19 ноябрь куни ҳусийлар 22 нафар экипаж аъзоси бўлган “Galaxy Leader” танкерини қўлга олди. “Ансор Аллоҳ” томонидан маълум қилинишича, кема Багама оролларида байроқ остида ҳаракатланади ва япон компанияси томонидан бошқарилади. Бироқ у яҳудий давлатига автомобиль етказиб берувчи таниқли исроиллик тадбиркорга тегишли. Бундан ташқари, ҳусийлар дронлар билан яна бир қанча кемаларга ҳужум қилишган.

Ҳусийларнинг ҳаракатларидан сўнг баъзи юк ташиш компаниялари Сувайш канали орқали юк олиб ўтишни, “BP” ва “Equinor” энергетика компаниялари эса Қизил денгиз орқали нефть маҳсулотларини танкерлар орқали ташишни тўхтатди.

Қўшма Штатлар, ўз навбатида, Қизил денгиздаги кемаларни ҳимоя қилиш учун яна ўн давлат билан қўшма операцияни эълон қилди. Бунга жавобан “Ансор Аллоҳ” ушбу коалицияда иштирок этувчи давлатлар кемаларига ҳужум қилиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолиш билан таҳдид қилди. Қизил денгизда ҳусийлар ва АҚШ ҳарбийлари ўртасида бир неча бор тўқнашувлар содир бўлган.

АҚШ ва Буюк Британиянинг ҳусийларга қарши зарбалари

Жума куни кечқурун АҚШ ва Буюк Британия Яманнинг тўрт вилоятидаги нишонларга ҳаводан зарбалар бериб, “Ансор Аллоҳ” ҳаракатига қарши операция бошлади. Президент Жо Байден буни навигация эркинлигига таҳдидга жавоб деб атади, аммо кейинги ҳарбий ҳаракатларни истисно қилмади.

АҚШ Марказий қўмондонлигидаги ҳаво кучлари қўмондони Алекс Гринкевичнинг аниқлик киритишича, АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари 100 дан ортиқ ҳар хил турдаги аниқ бошқариладиган ўқ-дорилардан фойдаланган ҳолда 60 дан ортиқ ҳаракатдаги объектларга ҳужум қилган.

Ҳусийлар қуролли кучлари вакили Яҳё Сариянинг айтишича, АҚШ ва Буюк Британия пойтахт Сана ҳамда Ҳодейда, Таиз, Ҳажжа ва Саада вилоятларига 73 марта зарба берган. Ҳужум оқибатида беш нафар ҳаракат жангчиси ҳалок бўлди, яна олти нафари яраланган.

Ҳусийлар Америка ва Британия ҳарбий базалари ва иншоотларига жавоб зарбалари берганликларини айтишди ҳамда ракета ҳужуми натижасида Қизил денгизда АҚШ ҳарбий кемасини чўктиришга муваффақ бўлганликларини даъво қилишди.

Шу билан бирга, “Ансор Аллоҳ” ҳаракати Сиёсий бюроси аъзоси Хузам ал-Ассаднинг қўшимча қилишича, ҳусийлар Лондон ва Вашингтоннинг ҳаракатларига жавоб беришади ва улар “ўз тажовузкорлигидан пушаймон бўлади”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер