АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси Украинага қарийб 61 миллиард долларлик қўшимча ёрдам тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилди
Фото: AP
АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси шанба куни бўлиб ўтган режадан ташқари йиғилишда Украинага қарийб 61 миллиард долларлик қўшимча ёрдам тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилди.
Ташаббусни 311 конгрессмен қўллаб-қувватлади, яна 112 нафари бунга қарши чиқди. Энди ҳужжат кўриб чиқиш учун Сенатга юборилади.
Шанба куни эрталаб Вакиллар палатаси Киев фойдасига Россия активларини мусодара қилиш ҳақидаги қонун лойиҳасини маъқуллаган эди. Бу маблағларни музлатишга тақиқ қўйиш, улардан Украинага товон тўлаш ва мамлакатни қайта қуриш учун фойдаланиш ваколатларини ўз ичига олади.
Ўтган йилнинг декабрь ойида АҚШ расмийлари мунтазам равишда Украинани қўллаб-қувватлаш учун маблағни тугатганликларини ва Конгресс янги маблағларни тасдиқламагунча, улар қурол ва ўқ-дориларни етказиб бера олмаслигини таъкидлаб келаётганди.
Ўтган чоршанба куни Республикачилар назоратидаги Вакиллар палатаси Оқ уйнинг умумий 95 миллиард долларлик сўровини тасдиқлашда Сенатга эргашиш ўрнига, Исроил, Украина ва Ҳинд-Тинч океани минтақасидаги иттифоқчиларга ёрдам бериш учун учта алоҳида қонун лойиҳасини эълон қилди.
Киевга ажратилган 60,84 миллиард долларнинг 23,2 миллиарди берилган ҳарбий техника ва мудофаа хизматларини тўлдиришга йўналтирилиши таклиф қилинмоқда. Яна 13,8 миллиарди Украина учун қурол ва мудофаа хизматларини сотиб олишга сарфланади. 11,3 миллиард доллар эса «АҚШнинг минтақада давом этаётган ҳарбий амалиётларини» қўллаб-қувватлаш учун мўлжалланган.
Бундан ташқари, мамлакат президенти Жо Байден қонун кучга кирган кундан бошлаб 60 кун ичида Украина билан ўзининг иқтисодий ёрдамини қоплаш бўйича келишиб олиши шарт.
Шу билан бирга, айрим республикачи конгрессменлар Киевни қўллаб-қувватлашга қарши. Улар Владимир Зеленский режимини коррупцияда ва нодемократик хатти-ҳаракатларда айблашмоқда. Шунингдек, Россия билан кенг кўламли урушдан қўрқишмоқда. Улар Вакиллар палатаси спикери Майк Жонсон демократларга ён берса, уни лавозимидан четлатишни бошлаш билан таҳдид қилмоқдалар.
Байден, ўз навбатида, Конгрессда муҳокама қилинаётган қонун лойиҳаларини қўллаб-қувватлашини ва уларни имзолашга тайёрлигини билдирди. Оқ уй Американинг Украинага ёрдами шундан сўнг дарҳол қайта тикланишига ваъда берди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг