АҚШ Б-2 бомбардимончи самолётлари билан Ҳусийларга зарба берди
АҚШ мудофаа вазирининг маълум қилишича, Америка Қўшма Штатлари ҳарбийлари Яманнинг Ҳусийлар гуруҳи назорати остидаги ҳудудларида бир қатор нишонларни бомбардимон қилди. Мудофаа вазири Ллойд Остиннинг айтишича, зарбалар гуруҳнинг беқарорлаштирувчи ҳатти-ҳаракатларига қаратилган.
Вазирнинг қўшимча қилишича, АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларининг Б-2 яширин бомбардимончи самолётлари бешта ер ости қурол сақлаш жойига аниқ зарбалар берган. Қурол омборида Ҳусийлар томонидан минтақадаги фуқаролик ва ҳарбий кемаларни нишонга олиш учун ишлатиладиган қурол компонентлари сақланган.
"Бу Қўшма Штатларнинг ер остида қанчалик чуқур кўмилган ёки мустаҳкамланган бўлишидан қатъи назар, душман объектларини нишонга олиш қобилиятининг ноёб намойиши бўлди”, деган Остин.
Ҳусийларнинг “Ал Масираҳ” телеканали Яман пойтахти Сана ва унинг қалъаси Саада атрофида ҳаво ҳужумлари уюштирилгани ҳақида хабар берди. У вайронагарчилик ва қурбонлар ҳақида ҳозирча маълумот бермаган.
Ноябрь ойидан бери Ҳусийлар Қизил денгиз, Адан кўрфази ва Боб ал-Мандеб бўғозларида Исроил билан боғлиқ кемаларга кўплаб ҳужумлар уюштирди ва улар буни Исроилнинг Ғазога қарши уруши пайтида фаластинликлар билан бирдамлик кампанияси, деб таърифладилар. Аммо гуруҳ урушга аниқ алоқаси бўлмаган тижорат кемаларига ҳам ҳужум қилгани айтилади.
Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ўртасидаги зиддият кучайиб борар экан, Ҳусийлар Исроилдан Ливанга ҳужумини тўхтатишни талаб қилмоқда.
Ўтган ой Ҳусийлар Исроилнинг Тел-Авив ва Ашкелон шаҳарларига, шунингдек, АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг учта ҳарбий кемасига ракеталар ва учувчисиз самолётлар билан ҳужум қилганликларини даъво қилишди.
Б-2 Спирит Ҳусийларга қарши ҳужумларда олдин ишлатилгани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Ядровий қувватга эга Б-2 биринчи марта 1999 йилда Косово урушида ишлатилган ва шундан бери Афғонистон, Ироқ ва Ливияга жойлаштирилди. У АҚШ ҳарбийлари томонидан камдан-кам ҳолларда қўлланилади. Чунки ҳар бир самолёт тахминан 1 миллиард долларга тушади.
“Bloomberg” агентлиги хабарига кўра, Б-2 самолётлари АҚШнинг Миссури штатидаги Уайтман ҳаво кучлари базасидан нишонга учган. Ҳар бир Б-2 20 тоннагача бомба, шу жумладан 80 та 227 кгли GPS ўқ-дориларини олиб юришга қодир.
Охирги портлашлар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Яман бўйича махсус вакили Ханс Грундбергнинг мамлакат Яқин Шарқдаги ҳарбий кучайиш сари тортилиши хавфи борлиги ҳақида огоҳлантирганидан бир кун ўтиб содир бўлди. Грундберг БМТ Хавфсизлик Кенгашида яманликлар тинчликка интилаётган бир пайтда, минтақада зўравонлик кучайиб бораётганининг тўхташига умид қилишлари узоққа чўзилиши мумкинлигини айтди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
- «Адабиёт ва ҳаёт»: Султонбой Деҳқоновнинг шахсий фотокўргазмаси очилди (+фоторепортаж)
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
- Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш бўйича 16 кунлик кампания бошланди
- “Матонатли Марям” фильми кенг жамоатчиликка тақдим этилди
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг