“Ангрен” полигонида махсус тактик машғулотлар ўтказилди

17:52 07 Август 2023 Жамият
2948 0

Тошкент ҳарбий округига қарашли “Ангрен” умумқўшин тоғ полигонида ҳарбий ҳизматчилар билан махсус тактик машғулотлар ўтказилди.

Машғулотлар аввалида кун тартиби ва унда белгиланган вазифалар назарий жиҳатдан кўриб чиқилиб, иштирокчиларга зарур кўрсатмалар берилди. Шундан сўнг ҳарбий хизматчилар йўналишлари бўйича якка ва гуруҳ таркибларига ажратилиб, амалий ўқув машғулотларига киришилди. Жумладан, иштирокчилар мажмуавий-тактик ҳамда узоқ масофага юриш машқи, жисмоний тайёргарлик, 3 ва 5 километр масофага тўлиқ жанговар ҳолатни қабул қилган ҳолатда югуриш, махсус тўсиқлардан ўтиш, тоғ тайёргарлиги ва тактик тайёргарлик, тактик-тиббий тайёргарлик синовларидан ўтказилди.

Хусусан, ушбу машғулотлар давомида ҳарбий хизматчилар томонидан шартли душман билан жанг олиб бориш, қўлга олиш учун объектни қуршовга олиш, турли хилдаги муҳандис тўсиқларни разведка қилиш ва уларни олиб ташлаш, махсус миналарни портлатиш ва объектни йўқ қилиш, мерган жуфтлиги ва гранатомётчилар ҳамкорлигида душманни яксон этиш, пиёда ҳаракатланган ҳолда турли позицияларни эгаллаб ўт очиш, жанг майдонида ярадорларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш каби яккалик, жуфт ва жамоавий ҳаракатлар амалга оширилди.

Бир неча кун давом этган махсус тактик машғулотларни Мудофаа вазирлиги масъуллари бевосита кузатиб борди. Якунда эришилган ютуқлар ва йўл қўйилган хатолар чуқур таҳлил қилиниб, юқори қўмондонликка келгуси ўқувларда аҳамият берилиши зарур бўлган кўрсатмалар етказилди.

Жанговар ўқув машғулоти муваффақиятли якунланди.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер