Андижондаги Шодлик маҳалласи обод манзиллардан бирига айланди
Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Андижон вилоятида аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, бунинг учун ҳудудлар инфратузилмасини шакллантиришга бўлган эътибор ҳар доимгидан ортган. Айниқса, ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан шароити нисбатан оғир маҳаллаларда олиб борилаётган бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари кўлами кенгаймоқда. Жумладан, Асака туманидаги «Шодлик» МФЙ нафақат, вилоятдаги, балки, республикамиздаги энг обод манзиллардан бирига айланди.
— Унга қадар кўчаларимиз абгор ҳолатда эди, — дейди меҳнат фахрийси Нурислом Аҳмадалиев. — Охирги марта қачон таъмирланганини ҳам эслай олмаймиз. Қўни-қўшнилар ўз кучимиз билан бир неча марта шағал тўкканмиз, бироқ, бу билан муаммоларимиз аримади.

Ҳудудда олиб борилган ободонлаштириш ишлари давомида ҳатто ички кўчалар ҳам эътибордан четда қолмади. Бу борада вилоят автомобиль йўллари бош бошқармаси томонидан амалга оширилган ишлар туфайли йўллар равон ва текис кўринишни кашф этди.
— Бунинг учун 10 километрдан зиёд йўлда таъмирлаш ишлари бажарилди, — дейди бошқарма бошлиғи Мирзоҳид Нурматов. — Натижада бир пайтлар ёзда чанг, қишда лой кўчалардан ҳаракатланган аҳолининг узоқ йиллик муаммолари ижобий ечим топди. Бу кўчалардан нафақат, пиёдалар, балки, автомобиллар ҳам бемалол ҳаракатланиши учун қулай шароит яратилди.

— Маҳаллада аҳоли турмуш шароитини яхшилаш бўйича нимаики зарур шароит керак бўлса ҳаммаси эътиборга олинди, — дея суҳбатга қўшилди «Асака туман газ» газ таъминоти бўлими бошлиғи Улуғбек Зулфиқоров. — Жумладан, суюлтирилган газ таъминотини янада яхшилаш чора-тадбирлари кўрилди. Бунинг учун 708 та хонадондаги суюлтирилган газ баллонлари тўлдирилди. Уларни ўз вақтида алмаштириш тартиблари юзасидан аҳолига тушунтирилди. Йўналишга доир масала юзага келганда мурожаат қилишлари учун ишонч телефонлари маълум қилинди. Бир сўз билан айтганда, ушбу ҳудудда бундан буён мавзуга доир муаммолар юзага келмаслиги учун барча имкониятлар ишга солинди.
Қишлоқ аҳолисини энг кўп ташвишга соладиган вазият электр энергияси таъминоти билан боғлиқ. Айниқса, куз-қиш фаслидаги узилишлар ҳамюртларимиз хавотирига сабаб бўлаётганди.

— Энди бунга ҳожат йўқ, — дейди туман электр таъминоти идораси бош муҳандиси Азизбек Мамараҳимов. — Боиси, мавжуд камчиликлар ўз ўрнида бартараф этилди. Бунга 40 та янги электр бетон таянчларини ўрнатиш, 300 метр замонавий СИП кабелларини тортиш, 2 та трансформаторни таъмирлаш орқали эришдик. Маълумки, республикамизда аҳоли сони тез фурсатларда ортиб бормоқда. Жумладан, Асака туманида мавжуд шароитларга нисбатан истеъмолчилар сони кўпайган. Бу ўз ўрнида таъминотдаги узилишларга сабаб бўлаётганди. Шодлик маҳалласида олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида ҳудуддаги шу каби ҳолатларга чек қўйдик.
Маҳалладошлар бундан бир неча ой олдинги ҳолатни эслашар экан, вазият тубдан ўзгарганлигини тан оладилар. Жумладан, тоза ичимлик суви таъминотидаги муаммолар узоқ йиллар давомида қийнаб келганлигини эслашади.

— Бу маҳаллада ичимлик суви таъминотини яхшилаш учун кенг кўламдаги ишларни амалга ошириш зарур бўлган, — дея изоҳ беради «Андижон сув таъминоти» АЖ бош муҳандиси Хумоюн Алимов. — Унга қадар таъминотнинг муқобил турларидан фойдаланилган. Ҳозирга келиб, 3,5 км. масофага янги қувур тортилди. Мавжуд сув қудуқлари таъмирланиб, уларнинг ишлаш фаолияти созланди. Энди аҳоли сув ташиш учун кўчага чиқишларига ҳам ҳожат йўқ. Сабаби, ҳар бир хонадоннинг ичкарисига жўмраклар ўрнатилди. Сув ҳисоблаш ускуналари эса нафақат, фойдаланилаётган ичимлик сув миқдорини, балки, истеъмолчилар тўлаши керак бўлган тўлов қийматини ҳам 4-5 баробар иқтисод қилиш имконини бермоқда.
Маҳаллада инфратузилмани яхшилаш билангина чекланиб қолингани йўқ. Энг аввало, аҳолини бепул тиббий кўрикка жалб этиш, томорқасидан унумли фойдаланиш, доимий даромад манбаига эга қилиш, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш борасида ҳам бир қанча ишлар амалга оширилди. Натижада ҳудуд қисқа муддат ичида таниб бўлмас даражада ўзгарди. Шодлик маҳалласида яшовчи ҳамюртларимизнинг шодлиги шундан! Яна ҳам қувонарлиси эса бу каби хайрли ишлар вилоятдаги 50 та маҳаллада давом этаётганлигидир.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Андижон вилоятида халқимизнинг бугунги кунидан миннатдор бўлиб яшашлари учун барча имкониятлар ишга солинмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Башакшеҳир” Туркиянинг гранд клуби билан дуранг ўйнади
- Саккизта гол урилган ўйинда “Барселона” ғалаба қозонди
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- Германияда ўқувчилар ҳарбий чақирувга қарши намойишга чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг