Андижондаги масжидда ҳалок бўлганларнинг яқинларига моддий ёрдам берилди

Фото: Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар Андижон вилоятида портлаш юз берган масжидини мутасаддилар иштирокида кўздан кечирди. Бу ҳақда идора матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, бугун, 1 апрель куни муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар бахтсиз ҳодиса туфайли таъзияли бўлган оилалардан хабар олиб, хонадон эгаларига ҳамдардлик билдирган. Муфтий ҳазратлари бошчилигидаги уламолар вафот этганларнинг жаноза намозларида, маърака-маросимларида ҳақларига дуолар қилган.
Шунингдек, ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан моддий ёрдамлар берилган. Тан жароҳати олиб, шифохонада муолажа олаётганларга тез фурсатда соғайиб кетишлари тиланган.
Шу билан бирга, амалдаги қонунчиликка асосан моддий ёрдам пули ҳам тўлаш назарда тутилган.
«Масжиднинг талафот кўрган қисмини қайта тиклаш ишлари учун ҳам белгиланган тартибда маблағлар ажратилади», дейилади идора хабарида.
Масжд таҳоратхонасидаги портлаш
Ҳодиса Избоскан тумани Мирзо Улуғбек МФЙ ҳудудида жойлашган Аҳмадали Ҳожи жомеъ масжиди ҳудудида жорий йилнинг 31 март куни соат 12:19 да юз берганди.
Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазирлигининг маълум қилишича, чақнаш оқибатида 3 нафар фуқаро — М. Абдуллаев, Ж. Анваров ва Б. Бурхонов ҳалок бўлган. Яна 10 нафар фуқаро — Ғ. Тойлоқов, А. Абдирайимжонов, Ҳ. Зухриддинов, И. Рахимов, М. Маматураимо в, И. Шомуродов, К. Қосимов, У. Болтабоев, М. Абдурахмонов ва М. Болтабоев тан-жароҳати олиб, шифохонага юборилган.
Воқеа жойига вилоят ҳокими, ФВБ, ИИБ, МГ, ССБ, прокуратура ва «Ҳудудгазтаъминот», туман ФВДқТ хизматлари куч, воситалари етиб бориб, ҳодиса оқибатлари бартараф этишда иштирок этди.
Ҳодиса содир бўлганлиги хабар қилинганида водийда бўлиб турган Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазири генерал майор Б.Қудратхўжаев Избоскан туманига етиб борган.
Шу куннинг ўзида бахтсиз ҳодиса оқибатида ҳалок бўлган фуқароларнинг оила аъзоларига ҳар томонлама кўмаклашиш ҳамда жабрланган фуқароларга тез тиббий ёрдам кўрсатиш, ушбу бахтсиз ҳодисанинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш, шунингдек, бу каби фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойиши қабул қилинди.
Мазкур фармойиш билан Бош вазир ўринбосари О.Раматов бошчилигида Ҳукумат комиссияси тузилган.
Шунингдек, ҳолат юзасидан Андижон вилоят прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 205, 259-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари бошлаб юборилган.
Прокуратуранинг ойдинлик киритишича, таҳоратхона биноси ертўласида иситиш мосламаларига уланган газ қувурларидан сизиб чиққан табиий газ, хона ичига тўпланиб қолиши натижасида, электр энергияси ёқилган вақтда чақнаш содир бўлиб, бино қулаб тушган.
«Тергов ҳаракатлари давомида барча ҳолатлар тўлиқ ўрганилиб, қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади» дейилади хабарда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг