Йўлларни йўлларга, дилларни дилларга боғловчи кўприк

10:33 05 Ноябрь 2025 Жамият
145 0

Бекобод туманида — Сирдарёнинг икки соҳилида яшаётган аҳоли орасида азалий бир орзу яшарди — йиллар, ҳатто авлодлар орзуси.

Бу орзу нафақат соҳилларни, йўлларни, балки дилларни, юракларни, орзуларни боғлайдиган кўприк орзуси эди. Ниҳоят, орадан қарийб қирқ йил ўтиб, умид чироғи яна қайта ёнди — дарё узра янги кўприк қад ростлади, халқ орзуси рўёбга чиқди. Сирдарё белига яна бир белбоғ боғланди.

Кўприк очилиши муносабати билан ўтказилган тантанали маросимда Президент Администрацияси масъул ходимлари, Тошкент вилояти фаоллари, туман жамоатчилиги, нуронийлар ҳамда ёшлар, қурувчи бунёдкорлар, соҳа мутасаддилари, журналистлар ва кенг жамоатчилик қатнашди.

Сўзга чиққанлар кўприкни фақат бетон ва темир устунли йўлўтказгич эмас, балки одамларнинг Янги Ўзбекистон ислоҳотларига, эртанги кунга умиди янглиғ «ишонч кўприги» сифатида таърифлади.

Аслида, бу иншоот тарихи ўтган асрнинг охирларига бориб тақалади. Гап шундаки, 1989 йилда илк марта рухсат олиб, қурилиш бошланган, аммо 1991 йилда турли сабаблар билан тўхтаб қолган.

Вақт ўтди, авлодлар алмашди, орзулар сўнмади. 2025 йилда Президентимизнинг тегишли қарори билан лойиҳа ижроси қайта бошланди. Ҳақиқий ишонч ва изчил ҳаракат натижасида узоқ йиллар худдики етишиб бўлмас саробга айланиб келган масала ҳал этилди.

Лойиҳанинг умумий қиймати 72 миллиард сўм, аммо унинг қиймати фақат пул билан ўлчанмайди. Чунки мазкур кўприк халқ ҳаётини ўзгартираётган, юзлаб, минглаб инсонлар тақдирига ёруғлик олиб кираётган, умидни қайта тирилтираётган лойиҳадир.

200 метрли кўприк ва 6 километрли замонавий автомобиль йўли нафақат ҳаракат учун қулай, балки тараққиёт, ободлик ва фаровонлик йўлининг рамзига ҳам айланди.

Йўл бўйлаб тунги ёритиш чироқлари порлаб, янгича ҳаётга йўл кўрсатгандек нур сочади. Пиёдалар учун йўлаклар, ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус қулайликлар, янги тўрт тасмали йўл — буларнинг барчаси инсон қадрига бўлган ҳурмат ифодаси.

Аввал бу йўлдан бир кунда 2 мингта автомобиль ўтган бўлса, эндиликда 14 мингта машина бемалол ҳаракатланмоқда. Бу рақамлар ортида бутун бир туманнинг нафаси, иқтисодиётнинг юриш суръати, одамларнинг ҳаётга ишончи мужассам.

Энг муҳими, энди Дўстлик ва Янгиовул маҳаллаларидан туман марказигача бўлган масофа 44 километрга қисқарди. Бу одамлар вақтини, меҳнатини, ҳаётини тежайди. Бу оилалар тезроқ учрашади, фарзандлар мактабига қулай ва хавфсиз етиб боради, тадбиркору деҳқонлар маҳсулоти бозорга тезроқ киради, деганидир.

Бекобод учун бу кўприк — янги ҳаёт, янги ривож, янги нафас демакдир. Эндиликда у туманнинг «юзи», ифтихор тимсоли, элнинг ҳамжиҳатлиги ва меҳнати билан қурилган мўъжиза сифатида узоқ йиллар давомида хизмат қилади.

Сирдарёнинг икки соҳилини боғлаган бу кўприк, аслида, инсонларнинг қалбини боғлади. Бу — эл орзуси рўёбга айланган, Ватан тараққиётига тамал тоши қўйилган кун бўлди.

Кўприкнинг тантанали очилиш маросимида Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев иштирок этди ва нутқ сўзлади.

Ғайрат ШEРАЛИЕВ.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?