Андижонда чиқиндиларни тўкишни назорат қилувчи камералар ўрнатилмоқда
Фото: “Халқ сўзи”
Андижон вилоятида белгиланмаган жойларга маиший чиқиндиларни тўкиш ҳолатларининг олдини олиш, атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш мақсадида 360 градусли камералар ўрнатилмоқда. Ҳозирча вилоят марказининг 12 та ҳудудида синов тариқасида ўрнатилган назорат воситалари томонидан кунида ўндан зиёд ҳуқуқбузарликлар қайд этилмоқда. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.
— Бугунги кунда аҳолига хизмат кўрсатиш сифати анча яхшиланган, — дейди бошқарма бошлиғи Азизбек Акбаров. — Авваллари чиқиндиларни олиб кетувчи транспорт воситалари маҳаллаларга ҳафтада бир марта борган бўлса, эндиликда чиқиндилар ҳар куни йиғиб олиняпти. Қолаверса, “Сигнал бекати” услубини жорий этдик. Бунда аҳоли истаган пайтида маиший чиқиндиларни олиб кетиш учун махсус транспорт воситаларини чақиртириш имкони мавжуд. Бу эса чиқиндилар тўпланиб қолишининг олдини олишда қўл келмоқда.
Анжуманда, шунингдек, баҳор ва куз фаслида кўчат экиш мавсумини амалга оширишда самарадорликни оширишга доир лойиҳалар ҳам тилга олинди.
— Андижон вилоятида ҳар мавсумда 5 миллион тупдан зиёд кўчат ўтқазилади, — дейди бошқарма бошлиғи мавзу юзасидан фикр юритар экан. — Тан олиш керак, уларнинг барчаси ҳам тутиб кетмайди. Бунга ўз вақтида етарли эътибор бермаслик ёки дуч келган жойга кўчат экиш каби амаллар сабаб бўларди. Бу йилдан бошлаб, сонга эмас, сифатга ишлаймиз. Кўчат экиш мумкин бўлган майдон олдиндан ўрганиб чиқилади, суғориш ва бошқа парваришлаш учун қулай жой танлаб олинади. Ҳар бир кўчат алоҳида эътиборга олиниб, уч йил давомида масъул ишчилар томонидан қатъий назорат қилинади. Қоғозда бор, қаторда йўқ, қабилида ишлаш тизимига чек қўйиб, амалий ишларимиз самарадорлигини оширамиз.
Ортда қолган давр мобайнида амалга оширилган ишларга оид маълумотларда билдирилишича, шу кунгача экологик тартиб-қоидаларни бузишга доир 1842 та ҳолат қайд этилди. Натижада 882 нафар фуқаро 937 млн. 237 минг сўм миқдорида жаримага тортилди.
Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- «Олтин куз» II Халқаро камер ва симфоник мусиқа фестивали бўлиб ўтади
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг