Андижон вилоятида 46,1 гектар ер ноқонуний ўзлаштирилгани аниқланди

16:13 11 Июль 2023 Жамият
692 0

Фото: Архив сурат

Республикамизда ердан қонуний фойдаланиш тартиблари ишлаб чиқилган бўлишига қарамай, афсуски, бу борадаги салбий ҳаракатлар давом этмоқда. Мисол учун, Андижон вилоятида йилнинг ўтган даври мобайнида Кадастр агентлигининг вилоятдаги бошқармаси томонидан 500 та ҳолатда 46,1 гектар ер ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани аниқланди.

— Энг кўп ҳолат қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер билан боғлиқ бўлиб, бу борадаги кўрсаткич 38,6 гектарни ташкил этмоқда, — дейди бошқарма бошлиғи Фаёзиддин Бердиқулов. — Шунингдек, аҳоли турар жойлари, саноат, транспорт, алоқа мудофааси турлари бўйича ҳам ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этилган.

Олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида 14,5 гектар ер билан боғлиқ салбий ҳаракатлар ихтиёрий равишда бартараф этилди. Шунингдек, 93 та ҳолат бўйича Фуқаролик ишлари бўйича судларга даъво аризаси киритилди. Тўпланган ҳужжатларнинг 61 тасида жиноят аломатлари мавжудлиги сабабли ҳуқуқий баҳо бериш учун прокуратура органларига тақдим этилди.

Билиб-билмай содир этилган бу каби хатти-ҳаракатлар юзасидан қонунбузарларга нисбатан огоҳлантириш хатлари етказилган, қолаверса, оғзаки тушунтириш ишлари олиб борилаётган бўлсада, содир этган ноқонуний ҳаракатларидан тегишли хулоса чиқармаётганлар ҳам йўқ эмас.

Избоскан туманида истиқомат қилувчи Одилжон Эргашев “Юқори чувама” МФЙга қарашли Н. Жўраев номли массив ҳудудидан ўзига бириктирилган ер майдонининг 1 сотих қисмига қурилиш ишларини амалга оширган. Бунинг натижасида экин майдонидан ўринли фойдаланиш амаллари бузилган. Бир неча бор огоҳлантирилишига қарамай, фуқаро ноқонуний қурилмани бузишни пайсалга солиб келмоқда.

Фуқаро Элёрбек Асронов эса Улуғнор туманидаги “Бўстон” МФЙ “Дўстлик” массивида 5 гектар ерда балиқ боқиш учун ҳовузини барпо этди. Аҳолини озиқ-овқат маҳсулоти билан таъминлашда бу яхши лойиҳа, албатта! Бироқ, тадбиркорлик ноқонуний йўл билан фаолият кўрсатиш дегани эмас. Экин майдони ўрнига ноқонуний қурилмани амалга оширган фуқаро эндиликда қилмиши учун жавоб беришига тўғри келади.

Айни кунларда ушбу ҳолатлар юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?