Андижон ва Сурхондарёда Солиқ бошқармалари бош инспекторлари қамоққа олинди

10:17 10 Июль 2025 Жамият
213 0

Фото: ДХХ

Андижон ва Сурхондарёда Солиқ бошқармаларининг бош инспекторларига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилди, деб хабар бермоқда Давлат хавфсизлик хизмати.

Маълум бўлишича, Андижон вилояти Солиқ бошқармасининг Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш – хизмат кўрсатиш бўлими бош инспектори мансаб мавқеидан фойдаланиб, Олтинкўл туманида радио ва телеаппаратуралар савдоси билан шуғулланувчи МЧЖ томонидан солиқ ва йиғимлар бўйича топширилган солиқ ҳисоботларида товарлар реализацияси тўғри акс эттирилмаганлиги натижасида МЧЖга жуда кўп миқдорда солиқ ҳисобланиши ҳамда солиқ текшируви ўтказилишини айтган.

Сўнгра Солиқ бошқармасидаги ҳамкасблари орқали ушбу текширувни ўтказмасликни ваъда қилиб, эвазига 3 минг доллар талаб қилади ва муқаддам МЧЖ таъсисчисидан 500 доллар олган. Аммо, у қолган 2,5 минг долларни олган вақтида ДХХ ва ИЖҚКД ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

Бошқа ҳолатда эса Сурхондарё вилояти Солиқ бошқармасининг Солиқ органлари фаолияти устидан назорат қилиш бўлими бош инспектори Жарқўрғон туманида мототцикллар ва эҳтиёт қисмлар савдоси билан шуғулланувчи МЧЖга нисбатан ўзининг ваколатли ҳамкасблари орқали сайёр солиқ текшируви ўтказиш билан қўрқитиб, мазкур текширувни амалга оширмаслик эвазига МЧЖ раҳбаридан 2,5 минг доллар олган вақтида ДХХ ва Прокуратура органлари ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Қайд этилишича, ҳозирда ушбу солиқ идоралари ходимларига нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди ва 28,211-моддаси 1-қисми билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?