Амалий ишларимиз билан жавоб берамиз

22:58 18 Февраль 2023 Жамият
750 0

Биз дунё тамаддуни, илм-фан, маърифат тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган ва Шарқ уйғониш даври ҳамда икки Ренессанснинг тамал тошини қўйган буюк аждодларимиз билан ҳақли равишда фахрланиб, уларнинг амалий фаолияти, илмий меросини ўрганишга эътиборимиз ҳар қачонгиданда ошган. Бу бежизга эмас, албатта. Боиси бугунги шиддаткор замонамизда тараққиёт ва мамлакат иқтисодиёти барқарорлиги, халқнинг фаровонлиги бевосита инсон интеллекти билан чамбарчас боғланиб қолди. Юқори технологияларга асосланган ишлаб чиқариш ривожланиб, рақобат кучаймоқда. Бунинг натижасида ҳар бир соҳада илмга асосланган янгиликлар яратиш ҳаётий заруратга айланмоқда. Бинобарин кон-металлургия саноати ҳам бундан мустасно эмас.

Замонавий тоғ-­кон саноатида ишланиши мураккаб бўлган маъдан таркибидан металларни ажратиб олиш бўйича илмий ишлар олиб бориш, янги технологияларни яратиш муҳим вазифалардан бири саналади.

Комбинатимиз жамоасининг шу йўлдаги изланиш, фан ва техника соҳасида янгиликлар яратиш ва уларни ишлаб чиқаришга жорий этиш бўйича саъй-ҳаракатлари ўз натижасини бераётганлиги мамлакатимизда инсон интеллектига эътиборнинг самараси, десам асло муболаға эмас.

«Технологик ва ишланиши мураккаб бўлган олтин таркибли маъданларни қайта ишлаш ва ўзлаштиришнинг комплекс технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш» мавзусидаги ишланма ана шундай илмий изланишларимиздан бири ҳисобланади.

Мураккаб таркибли маъдандан олтинни юқори самарадорликда ажратиб олишга мўлжалланган мазкур ишланма устида иш 2009 йилда олим ва мутахассислар жалб этилган ҳолда бошланган эди.

Қарийб ўн йил изчил илмий изланиш ва тадқиқотлар олиб борилди. Натижада дунёда муқобили бўлмаган ноёб технология яратишга, бу ихтирони назарий ҳамда амалий жиҳатдан республика ва халқаро миқёсда исботлаб беришга муваффақ бўлдик.

Илмий изланиш ва тадқиқотлар кўламини тасаввур қилиш учун муҳим бир фактни келтириб ўтмоқчиман. 2009-2019 йиллар давомида уч мингдан ортиқ ҳар хил муваффақиятли ҳамда муваффақиятсиз тажриба ўтказилди ва оқибатда жаҳон бозори талабларига мос технологик жараён ишлаб чиқилди.

Бу Германия, Қозоғистон ва Россияда ўтган халқаро конференцияларда муносиб ҳимоя қилиниб, илмий анжуманларнинг 1-даражали дипломларига сазовор бўлди. Кўп йиллик машаққатли изланишлар, аниқ исбот ва далилларга асосланган ихтиромиз халқаро миқёсда ҳам тан олиниб, Ўзбекистон ва Германияда патент олинди.

Ишланмамиз дунё кон-металлургия саноатида муҳим янгилик сифатида катта эътирофга сазовор бўлди. Янги технологиянинг жорий этилиши туфайли 3-гидрометаллургия заводида йилига қўшимча равишда чиқиндидан 1,5 тонна олтин олинмоқда.

Дастлаб соҳа мутахассислари ва хорижлик олимлар ишимизнинг натижадор ва самарали бўлишига ишончсизлик билан қарашгани ҳам бор гап. Бу табиий ҳол эди. Чунки ишланмамиз янги назарияга асосланган ва бунинг натижаси ҳозирги замон технологияларидан анча олдинни кўзлаган эди.

Амалиётга муваффақиятли татбиқ этилган ихтиро ортидан кутилган самарадорликка эришдик. Бу ютуғимиз халқаро миқёсда ҳам эътироф этилиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Интеллектуал мулк ташкилоти Олтин медалига лойиқ топилди.

Янги Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги даврига қадам қўймоқда. Кенг кўламли ислоҳотлар самараси ҳар бир соҳа ва жабҳада тобора яққолроқ кўзга ташланмоқда. Бугунги давр, яъни, дунёда бўлаётган ўзгаришлар, глобаллашув жараёнлари барчамиздан ҳар қандай қийинчиликларга қарамай, олдимизга қўйилган масъулиятли вазифаларни ўз вақтида бажариш йўлида фидойилик кўрсатишни тақозо этмоқда. Зеро, мамлакатимиз раҳбари Республика Олий Мажлиси ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида таълим сифатини ошириш — Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўли эканлигини, жорий йилда илм-фан ва инновацияларга 1,8 триллион сўм ажратилишини таъкидлаб, «Энди олимларимиз сув ва энергияни тежаш, тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорлик, геология, саноат, қурилиш каби бугунги кунда биз учун долзарб йўналишларда аниқ натижалар кўрсатишлари керак», деган даъватни илгари сурди.

Мазкур даъват, эътибор ва ишончга амалий ишларимиз билан жавоб бериш ҳар биримиз учун ҳам фарз ва ҳам қарздир.

Қувондиқ САНАҚУЛОВ,

«Навоий кон-металлургия комбинати» акциядорлик

жамияти бошқаруви раиси — бош директори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?