Алишер Навоийнинг устозлари ҳақида

18:15 14 Февраль 2022 Маданият
22269 0

Фото: Архив сурат

Алишер Навоийнинг бадиий маҳорати билан дунёқараши ва билим доирасининг кенглиги унинг серқирра ижодида баралла кўриниб туради. У нафақат ўзигача мавжуд барча адабий анъаналар, тур ва жанрлардан маҳорат билан фойдаланди, балки уларни такомиллаштиришга ҳаракат қилди. Шунингдек, асарларининг юксак фалсафий маъно-моҳиятидан унинг фақат исломий илмлар эмас, балки турли Шарқ диний-фалсафий таълимотларидан чуқур хабардорлиги, мутафаккир сифатида уларнинг асосларини яхши билган мутафаккир экани англашилади. Достонларининг ҳамду наътларида Яратувчи Зот ва Коинот қонуниятлари, Олам ва одамнинг яратилиш эволюцияси ҳақида гапириш, Қуръони карим оятларининг чуқур илмга асосланган шеърий тафсири Алишер Навоийнинг фавқулодда буюк идрок соҳиби эканидан далолатдир. Унинг шеъриятини таҳлил қилиш инсондан катта ва ҳар томонлама кенг билимларга эга бўлишини тақозо этади. Албатта, ҳар бир тадқиқотчи унинг шеъриятини ўз билим доираси даражасида таҳлил ва талқин қилади. Кимдир диний, кимдир дунёвий, яна кимдир шоир тафаккурининг чуқур маъно қатламларига киришга, мутафаккир даҳосининг илоҳиёт билан боғлиқ концепциясини англашга уринади. Ҳеч бир талқинни рад этиб бўлмайди. Фақат ёндашувлар турлича ва бу табиий. Алишер Навоий шеърияти таҳлили ва талқини ўз даврида ҳам кенг баҳсларга сабаб бўлган. Ўтган олти асрдан шу кунларгача ҳам унинг дунёқараши ҳақида хилма-хил қарашлар яшаб келмоқда. Шоирнинг ўта исломий ақидаларга содиқ бўлган ҳолда бошқа диний таълимотларга ижобий муносабати, суфия тариқатларига ўзига хос ёндашуви ҳали-ҳануз кўпгина олимларнинг ўзаро тортишувига сабаб бўлиб келмоқда. Бу ҳаммаси, яна бир карра Алишер Навоий валий зот экани, замондошлари эътироф этганидек, Яратувчи Зот уни ладун илми билан сийлаганига ишонч туғдиради. Бу илм ўз-ўзидан кашф бўлмайди. Унинг калити устозлар сабоғи орқали қўлга киритилиши маълум. Агар биз Навоийнинг ҳаёт йўлига диққат қиладиган бўлсак ва унинг ўзи ўз хотираларида тилга олиб ўтган устозлари сабоқларига эътибор берсак, Алишер Навоийни ёшликдан қандай саволлар қийнагани ва уларга жавоб излаб қайси устозлардан таълим олгани ҳақида бир мунча тасаввур олишимиз мумкин.

Алишер жуда ёш чоғидан шеърият шайдоси эди. 3-4 ёшлигида Қосим Анворнинг “Риндему ошиқему жаҳонсўзу жомачок, Бо давлати ҳами ту зи фикри жаҳон чи бок” байтини айтиб меҳмонларни лол қолдиргани тарихдан маълум. Ҳатто Фаридиддин Атторнинг “Мантиқ ут-тайр” асарини ёдлаб олгани ҳам унинг ўз хотираларида келтирилган. У илк шеърларини кимга кўрсатганини ёзиб қолдирмаган бўлса-да, ўспиринлик пайтида севимли мураббийси Саййид Ҳасан Ардашер уни шеър ёзишга ҳамиша рағбат қилганини айтиб ўтган. Шунингдек, у Саййид Ҳасан Ардашерни фақру фано тариқи ва Имом Ғаззолий таълимотида устози деб билади: “...Салтанат тахти Султон Иброҳим Мирзога қарор тутгандаким тарих секкиз юз олтмиш эрди (мил. 1455-1456) бу фақир алар суҳбатиға мушарраф бўлдум... Алар тариқи ва равиши бу фақирни андоқ шифта қилдиким, бир кун алар мулозиматиға етмасам эрди, сабру тоқатим қолмас эрди... Ва бу фақирни фақр тариқиға далолат ва иршод қилурлар эрди ва назм айтурға тарғиб кўргузурлар эрди... Форсий ашъордин Ҳазрати Хожа Ҳофиз Шерозий девониға кўп ақидалари бор эрди... ҳазрати Шайх Фаридуддин Атторнинг “Мантиқ ут-тайр”ининг кўпрагини ёд билур эрдилар... Ҳужжат ул-ислом Имом Муҳаммад Ғаззолий мусаннафотиға муътакид эрдилар ва кўп ўқур эрдилар...батахсис, “Кимиёи саодат”дин ва Шайх Азиз Насафий расойилин ҳам таъриф қилурлар эрди ва андин сўзлар нақл қилурлар эрди... бу фақир фуқаро аҳли, дарвешлар ва аҳлуллоҳ мулозаматига кўп етибмен, фано тариқида алардек оз кўрубмен” .

Навоий “Мажолис ун-нафоис” асарида ўз устозларини ҳурмат билан эслайди. Жумладан, ўз даврининг малик ул-каломи Мавлоно Лутфий ёш шоирнинг буюк иқтидор соҳиби эканини тан олган ва унинг шеърларига устоз мақомида дастлабки баҳони берган. Алишер аруз илми бўйича илк сабоқларни Дарвеш Мансур Сабзаворийдан олган (Фақир арузни Дарвиш қошида ўқубмен). Қуръони каримни қироат билан ўқиш санъатини Ҳофиз Али Жомий қошида ўзлаштиради (...қироат илмида жамеи қурро анинг шогирдлигига мубоҳат қилурлар эрди. Ва фақир ҳам неча сабақ ўқубмен). Ёш Алишернинг дунёқарашига қаттиқ таъсир кўрсатган “Ваҳдат ул-вужуд” таълимоти ҳақидаги дастлабки тасаввурларни Шайх Садриддин Ривосий уйғотади (..Шакли дилписанд ва ҳақойиқ ва маориф айтмоғи дилфириб эрди. Шариф суҳбатиға фақир мушарраф бўлдум... “Фусус” дарс айтур эрди, кўнглумни басе сайд қилди...).

Навоий Самарқандга кетгунга қадар қаерда машҳур олим бўладиган бўлса, албатта унинг сабоқларини олишга тиришар эди. Жумладан, фалакиёт илмини Хожа Авҳад Муставфийдан (...ўз асрининг ягонаси эрди.Кўпроқ улум ва фунунни билур эрди., батахсис улуми ғарибани, аммо фалакиётда шуҳрати бор эрди. Бу фақир ул бузруквор суҳбатиға етар эрди, кўп илтифотлари бор эрди...) мусиқа илмини Хожа Юсуф Бурҳондан (...Фақр ва фано тариқида сулук қилур эрди. Ва тажарруд ва инқитоъ расмин кўп маслук тутар эрди. Фақир мусиқий илмида анинг шогирдимен).

Алишер Машҳадда юрганда Камол Турбатий билан дўстлашади. Навоий шундай хотирлайди: “...Фақирнинг ани кўрарга кўп орзум бор эрди, ошнолиғ бу навъ воқеъ бўлдиким, Султон Абу Саъид Мирзо замонида Машҳадда ғариб ва хаста бир буқъада йиқилиб эрдим. Қурбон вақфаси бўлди, оламнинг ақсо билодидан халқ Имом равзаси тавофига юз қўйдилар. Расмдурким, мусофирлар мутааййин буқъа гаштига ҳам борурлар.Ул буқъадаким, фақир йиқилиб эрдим, жамоат сайр қилиб, деворда битилган абётни ўқуб, бир байт устида баҳсга туштилар. Бир улуғроқ кишиким, ул жамоат анга тобеъ эрдилар, ул жамоатни илзом қилди. Фақир заъф ҳолида ул жамоат жонибидин сўз айттим. Анга дедиларким: бу бемор йигит ҳам бир сўз айтадур. Ул улуғ киши худ Шайх Камол эрмишким, зиёратга келган эрмиш, бошим устига келиб, мабҳасни ораға солди. Фақир жавоб бергач, ўз сўзидан қайтиб таҳсинлар қилиб, ҳолимни тафаҳҳус қилди. Эрса ул ҳам фақирни эшитган экандур ва кўрар ҳаваси бор экандур... Шайх била ошнолиғ тақриби бу навъ воқеъ бўлди”.

Алишер Навоий Самарқандда Хожа Фазлуллоҳ Абуллайсий қошида исломий илмларни, хусусан фиқҳ илми бўйича ўз билимларини чуқурлаштиради. Хондамир бу шахсни “Макорим”да “иккинчи Абу Али ибн Сино” деб атаса, Навоий уни “Иккинчи Абу Ҳанифа “деб улуғлайди (... Фиқҳда ани Абу Ҳанифаи Соний дерлар эрди.. Фақир икки йил аларнинг қошида сабақ ўқуб эрдим...)

Абдураҳмон Жомийнинг Навоий дунёқараши ва ижодига таъсири ниҳоятда катта бўлди. Жомий Султон Абу Саъид замонида Хуросон нақшбандия тариқатининг азим пири комили бўлиб, халқ орасида катта эътиборга эга эди. Шу билан бирга, у етук шоир ва адабиёт назарияси билимдони эди. Алишер бу зот билан яқиндан танишишни жуда истар эди. У “Хамсат ул-мутаҳаййирин” асарида унинг ўша даврдаги мақомини ва илк танишувини шундай тасвирлайди: “...Шоҳруҳ султон замони авоситидин султон Абу Саид замонининг авойилиғача шаҳрда сокин эрдилар. Андин сўнгра Хиёбон бошида ҳазрати пир махдум Мавлоно саъд ул-миллат вад-дин Саъдиддин Кошғарий мазори бошида иқомат расмин зоҳир этдилар. Шаҳрнинг жамеи уламо ва акобиру ашрофи аларға мулозамат ва тараддуд бунёд этдилар...Сойир ниёзмандлар ва оммаи бехеш ва пайвандлар ҳам кўзларин ул эшик туфроғидин ёрутурлар эрди. Бу фақири ҳақир бу сўнгги жамоат зумрасида Хиёбон бошида кўрган замонида мухтасар битилган рисола сабақига мумтоз бўлдум... Алишер Навоий тилга олган бу рисола “Қофия” рисоласи эди. У Абдураҳмон Жомийдан шеърият назариясига оид яна бир неча сабоқлар олади. Бу ҳақда шундай ёзади: “Ул расоил ва кутуб теъдодиким, фақир алар хизматида таълим ва истифода юзидин ўқубмен: аввал – алар битиган “Қофия” рисоласидурким, анингдек мухтасар ва муфид рисола бу фанда ҳеч ким билмайдур. Яна “Муаммо”нинг иккинчи рисоласидурким, “Ҳуляи ҳулал”дин сўнграроқ битилибдур. Яна ҳам аларнинг “Аруз” рисоласидур”.

Алишер Навоий тасаввуф илми, Ваҳдат ул-вужуд концепцияси ва истилоҳлари ҳақидаги ўз қарашларини бевосита Абдураҳмон Жомий сабоқлари воситасида такомиллаштирди: “яна “Лавоиҳ”дурким, суфия машойихи истилоҳида битилибдурким, андоқ рисола ҳеч роқимнинг қаламидин ва ҳеч қаламнинг рақамидин таҳрир топмайдур. Яна “Лавоми”дур, ҳам бу истилоҳдаким, ҳар ламъасининг партави соликка ҳирмон қоронғу тунида ҳидоят шамъининг осоридур, балки иноят машъалининг анвори. Яна “Шарҳи рубоийёт”дур, ҳам бу истилоҳдаким, фано тариқида мосиваллоҳ азосиға тўрт такбир урмоқ анинг мутолаасидин муяссардур. Навоий яна бир ўринда ёзади: “...Ул вақтдаким, фақир алар хизматида суфия румузу ишорот ва алфозу иборот истилоҳин ўткарур эрдим, ҳазрати қутб ус-соликин шайх Фахриддин Ироқийнинг “Ламаот”и орзуси хаёлга кўп эврулур эрди. Бир кун тақриб била бу маънини изҳор қилдим. Алар дедиларким: “Тариқат машойихининг форсий кутуб ва расойили оз мутолаа қилилибдур, аммо чун ҳавасинг бор, андоқ бўлсун. То улким, ул шариф китобни сабақ айтурға муртакиб бўлдилар, ҳар кун ҳар сабақда хушҳол бўлуб таъриф қилурлар эрди... . Бир неча сабақдин сўнгра сўз мушкулроқ бўлуб, шуруҳга эҳтиёж изҳори қилдилар ва шайх Ёрали шарҳин ва яна баъзи шуруҳни муборак назарлариға қўюб, ул сабақни айтурлар эрди, то улким кўп мавозеъда шориҳларга таънлар қила бошладиларким “ бу сўзнинг ва ул сўзнинг аросида кўп фарқ бор. Ҳамоноки маънисиға етмай шарҳ битибдурлар ва бу сўз такрор топқондин сўнгра фақир арз қилдимким: “Мундоқ нафис ва мушкил китобдин фақире баҳра топай деса ва шарҳ бу шарҳлар бўлса, оё, не чора қилғай? Магар ҳам ҳазрати Махдум шафқат юзидин толибларға бу мушкулни осон қилғайлар.”Андин сўнгра алар “Ашиъат ул-ламаот” ки бу тоифа кутуб ва расоили орасида маълум эрмаским ҳаргиз андоқ шарҳ қаламга келмиш бўлғай, бунёд қилдилар...Ул шарҳни битурда “Фусус” ва “Футуҳот” ва “Нусус” ва “Фукук” ва аксар қавмнинг умда кутуби муборак назарларида эрди, агарчи ҳеч қайсиға боқғали эҳтиёжлари йўқ эрди. То улким, бу шарҳ била “Ламаот”ни алар қошида фақир тугаттим.”.

Алишер Навоий ёшликдан илоҳиёт сир-асрорларини англашга тиришарди. Тасаввуф тариқатлари ўртасидаги келишмовчиликлар, мазҳабий курашлар, ақида ва риё муаммоларига асосли жавоб бера оладиган устозни излади. Ва ниҳоят, тақдир уни Абдураҳмон Жомий билан юзлаштирди. Алишер Навоий Абдураҳмон Жомий сиймосида қарашлари унинг динга, тариқатларга, илоҳиёт ва фалсафага муносабатига уйғун бўлган буюк зотни кўрди. Алишер Навоий уни ўз пири деб билиб, умрининг охиригача унга улкан муҳаббат ва миннатдорлик туйғуси билан яшаб ўтди.

Шуҳрат СИРОЖИДДИНОВ,

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат

ўзбек тили ва адабиёти университети ректори

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер