Алишер Навоий таваллуд айёми Японияда кенг нишонланди

21:11 09 Февраль 2021 Маданият
801 0

Мамлакатимизнинг Япониядаги элчихонаси томонидан Токионинг Сока университети, Сока Гаккай ташкилоти, Самарқанд давлат университети ва Самарқанд чет тиллар институти билан ҳамкорликда буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишланган тантанали маросим ва ўзбек-япон форуми ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Сока университети таниқли япон файласуфи, ёзувчиси, «Сока Гаккай Интернационал» ташкилоти президенти Дайсаку Икеда томонидан 1971 йилда ташкил этилган. Университетнинг 8 факультетида 8 000 га яқин талаба таҳсил олади. Унинг таркибида болалар боғчаси, ўрта мактаб ва илмий тадқиқот институтлари мавжуд.

Тадбирда Сока Гаккай ташкилоти, Сока университети раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари ва талабалари, Япония оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Маросимда Сока университети ҳудудида 2004 йилда ўрнатилган Алишер Навоий ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди.

Тадбирда Алишер Навоийнинг ижодий мероси Японияда катта қизиқиш уйғотаётгани таъкидланди. Шу муносабат билан шоирнинг ижодий мероси ўзбек халқининг жаҳон маданияти хазинасига қўшган улкан ҳиссаси эканлиги айтилди.

Шундан сўнг «Алишер Навоийнинг маънавий меросини ҳозирги замон учун долзарблиги» мавзусида ўзбек-япон веб-форуми ташкил этилди.

Форумда «Zoom» платформаси орқали Сока университети тадқиқотчилари билан бирга Самарқанд давлат университети ва Самарқанд чет тиллар институти раҳбарияти, олимлари ва талабалари ҳамда Японияда яшаётган ватандошлар вакиллари қатнашди.

Веб-форумда буюк шоирнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган «Алишер Навоий - Япония ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик кўприги», «Алишер Навоийнинг онаси ким бўлган», «Алишер Навоийнинг маънавий мероси - Сока университети асосчиси Дайсаку Икеда нутқларида», «Алишер Навоий баркамол шахсни тарбиялашдаги шеъриятнинг ўрни тўғрисида» мавзуларида маърузалар тақдим этилди.

21 кишидан иборат япониялик шеърият мухлислари ва Шарқ фалсафаси институти тадқиқотчиси Кензо Кавасакининг Алишер Навоийни ғазал ва рубоийларидан намуналарни ўзбек ва рус тилларида ифодали ўқиши барча иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Тадбир сўнггида Навоий ҳаёти ва ижодига бағишланган ушбу мулоқотни Сока университети яқин ҳамкорликда ўтказилиши ўзбек-япон маданий, илмий ва маърифий алоқаларини кенгайтириш бўйича амалий қадам бўлишига умид билдирди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?