«Al Ain Cup». Ўзбекистон кучлироқми ёки Эрон?
Фото: ЎФА
Бугун, 18 ноябрь куни Бирлашган Араб Амирликларида бўлиб ўтадиган «Al Ain Cup» тижорий турнирининг финал учрашуви ўтказилади. Унда Ўзбекистон миллий терма жамоаси Эрон термаси билан куч синашади. Қуйида бугунги ўйин олдидан иккала жамоани ўзаро таққослаб кўрамиз.
Умумий кўрсаткичлар
Ўзбекистон миллий терма жамоаси айни пайтда FIFA рейтингда 1453,31 балл жамғарган ҳолда 55-ўринни эгаллаб турибди. Бу Фабио Каннаваро бошчилигидаги жамоа Осиёда 6-ўринда эканини билдиради.
Эрон терма жамоаси эса FIFA рейтингида 1618 балл тўплаган ҳолда 21-ўринни эгаллаб турибди ва Осиё миқёсида 2-ўринда барқарор турибди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси мусобақанинг ярим финалида FIFA рейтингда 32-ўринда турган Африкадаги энг кучли терма жамоалардан бири — Миср термасини 2:0 ҳисобида мағлуб этди. Голларни айни вақтда Эроннинг «Персеполис» жамоасида тўп суриб келаётган Остон Ўрунов киритди.
Эрон терма жамоаси эса ярим финалда Кабо-Верде термаси билан куч синашди. Асосий вақтда дуранг қайд этилди, аммо пеналтилар сериясида омад «форслар» томонида бўлди. Қайд этиш жоизки, Кабо-Верде FIFA рейтингида 71-ўринда туради ва Эрондан 50 поғона паст.
Мураббийлар
Ўзбекистон миллий терма жамоасини ҳозирда италиялик мутахассис Фабио Каннаваро бошқармоқда. Унинг қўл остидаги жамоа ҳозиргача 3 та ўйин ўтказган.
Ушбу баҳсларда Элдор Шомуродов сардорлик қилаётган жамоага Миср, Уругвай ва Қувайт термалари рақиблик қилди.
Каннаваро жамоаси Миср ва Қувайтни 2:0 ҳисобида мағлуб этган, Уругвайга эса 2:1 ҳисобида имкониятни бой берган. Янгича шаклланиб келаётган жамоа учун бу ёмон кўрсаткич эмас.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро жамоани яқинда қабул қилган. Эрон термасини эса Амир Ғаленоий 2023 йил март ойидан бери бошқариб келмоқда.
Амир Ғаленоий ҳақида
Амир Ғаленоий 1963 йил 22 ноябрда Эрон пойтахти Теҳронда туғилган. Футболчи сифатида 1981–1997 йилларда «Раҳ Аҳан», «Шаҳин», «Истиқлол Теҳрон», Қатарнинг «Ал-Садд» жамоаларида фаолият юритган. Эрон миллий терма жамоасида 20 дан ортиқ ўйин ўтказган.
У 1999 йилда мураббийлик фаолиятини бошлаган. Қизиғи шундаки, у мураббийликни бошлаганидан 1 йил олдин Ўзбекистон термасининг собиқ бош мураббийи Тимур Кападзе футболчиликни бошлаган эди.
Ғаленоий мураббий сифатида «Кешаварз», «Барғ Теҳрон», «Истиқлол Теҳрон», «Мес Керман», «Сепахон», «Трактор», «Зоб Аҳан», «Гол Гоҳар» клубларида ишлаган.
Эрон миллий терма жамоаси бош мураббийи сифатида 57 та ўйин ўтказган:
39 та ўйин — ғалаба;
13 та — дуранг;
5 та — мағлубият.
Ғаленоий 5 карра Эрон Олий лигаси чемпиони, 2 карра «Ҳазфи кубоги» ғолиби. Шунингдек, 5 марта Эронда “Йилнинг энг яхши мураббийи“ деб топилган.
Сўнгги вақтларда маҳаллий журналистлар ва мухлислар Эрон футбол федерациясидан Ғаленоий истеъфосини талаб қилмоқда. Бу талаблар 2024 йилги Осиё кубогидан сўнг янада кучайди.
Эрон Жаҳон чемпионати саралашини биринчи ўрин билан якунлаган бўлса-да, ўйин сифати қаттиқ танқид қилинган. Ўзбекистонни мағлуб эта олмади, Шимолий Корея ва Қирғиз Республикасига қарши ўйинларда қийинчиликлар билан ғалаба қозонди.
Ғаленоийнинг тактик қарашлари реалистик ва прагматик футболга асосланган. Унинг жамоалари одатда 4-2-3-1 ёки 4-1-4-1 схемасида ҳаракат қилади.
Марказий ярим ҳимояда «double pivot» (икки таянч) қўллаб, рақиб прессингини синдириш ва қарши ҳужум учун жой қолдиришга эътибор беради.
Эрон терма жамоасининг тезкор қанотлари ва кучли марказий ҳужумчилари (масалан, Меҳди Таремий ёки Сардор Азмун) орқали кескин қарши ҳужумлар ташкил қилинади. Тўпни эгаллаш фоизи кам бўлиши мумкин, аммо самарадорлик юқори бўлади.
Футболчилар
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ўзагини ташкил этадиган футболчилар — легионерлар ҳисобланади. Терма жамоамиз етакчилари Англия, Туркия, Эрон, Бирлашган Араб Амирликлари ва Саудия Арабистони каби мамлакатларда тўп суришмоқда.
Эронда ҳам терма жамоа етакчиларининг асосий қисмини легионер футболчилар ташкил этишади. Жамоа таркибида Бирлашган Араб Амирликлари, Польша, Нидерландия, Россия, Греция каби мамлакатларда тўп сураётган футболчилар бор.
“Transfermarkt” порталига кўра, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг энг қиммат футболчиси Абдуқодир Ҳусанов ҳисобланади. “Манчестер Сити“да тўп сураётган ушбу ҳимоячининг нархи 35 миллион евро этиб белгиланган.
Эрон миллий терма жамоасининг энг қиммат футболчиси эса «Transfermarkt» портали маълумотларига кўра, Сардор Азмун ҳисобланади. Унинг нархи 8 миллион еврога баҳоланган. Бироқ ушбу футболчи турнирга келгани йўқ. Шу тариқа Эроннинг ҳозирги таркибидаги энг қиммат футболчиси Меҳди Гаеди. БААнинг «Ал-Наср» клубида фаолият олиб бораётган ушбу футболчи «Transfermarkt» портали томонидан 5 миллион еврога баҳоланган.
Ўзаро ўйинлар статистикаси
Ўзаро ўйинлар статистикаси эса айни вақтда Ўзбекистон терма жамоаси мухлисларини яхшигина хафа қиладиган ҳолатда. Ушбу жамоалар шу вақтга қадар, турли мусобақалар доирасида 17 бор тўқнаш келган ва ушбу ўйинларнинг 10 тасида Эрон миллий терма жамоаси ғалаба қозонган. 5 та ўйинда дуранг натижа қайд этилган. 2 тагина ўйин Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ғалабаси билан якунланган.
Жамоалар сўнгги бор шу йилнинг 8 сентябр куни “CAFA National Cup” мусобақасининг финалида ўзаро тўқнаш келишди ва ушбу ўйинда Ўзбекистон миллий терма жамоаси Ҳожиакбар Алижонов томонидан киритилган гол эвазига ғалаба қозонди.
Жамоаларнинг финалдаги имкониятлари
Айни вақтда ҳар икки жамоа тенг ҳолатда дейиш мумкин. Ҳар икки жамоа таркибида йўқотишлар бор.
Шундай экан, финал олдидан айнан қайсидир жамоанинг имкониятларини юқори баҳолаш осон эмас. Лекин ишонамизки, Фабио Каннаваро шогирдлари бугун ҳам Эрон термасига қарши давом этиб келаётган 5 та ўйинли мағлубиятсиз сериясини давом эттира олишади.
Муҳаммадамин Зуҳриддинов,
(«Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- Ёш ўзбек ёзувчисининг асари Халқаро болалар адабиёти кенгашининг фахрий рўйхатига киритилди
- Туркия суди Нетаньяҳуни Ғазода геноцид содир этганликда айблаб, ҳибсга олиш ордерини маъқуллади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг