Ахсикент осори атиқалари ҳинд сайёҳларини ҳайратга солди
Фото: Халқ сўзи
Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги кўҳна Ахсикент шаҳри харобалари узоқ вақтлардан буён тарихшунос олимлар ва сайёҳларни қизиқтириб келмоқда. Зеро, тарихи икки ярим минг йилга бориб тақаладиган Ахсикент дунё илм-фани тараққиётига муносиб улуш қўшган алломалар, хусусан, Темурийлар сулоласининг забардаст вакили - ўн икки ёшида тахтга ўтирган шоир ва саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобурни тарбиялаб ўстирган кент сифатида маълуму машҳур. Гарчи 1620 йилдаги кучли ер силкиниши гуллаб-яшнаган Ахсикентни тамоман вайронага айлантирган бўлсада, унинг номи, аждодлардан қолган осори атиқалар асрлар қаърига сингиб кетмади. Ўз даврида «Фарғона шаҳарларининг онаси» деб улуғланган шаҳристон бугун илм вакиллари, сайёҳлар билан гавжум.

— Қадим тамаддун, аждодларингиз ақлу закоси, тўғриси, бизни лол қолдирди, — дейди ҳиндистонлик сайёҳ Раму Маниможи. — Бундан минг йил аввалги шаҳарнинг сув тақсимлаш иншоотлари, очиқ осмон ости музейида кўрганимиз - ўша даврда ҳар бир хонадонда тозаликка риоя этилиши юртингизда азалдан илму маърифат, юксак маданият ҳукмрон эканлигидан далолатдир.
Бобур камол топган масканни зиёрат этиш учун Ченнай шаҳридан келган муҳандис-конструкторлар Раму Маниможи ва Асвини Раму бу ердаги объектлар билан яқиндан танишгандан сўнг шундай хулосага келишди.
Маълумотларга қараганда, Ахсикентни археологик жиҳатдан ўрганиш ишлари XIX аср охири ва XX аср бошларидан бошланган. Айни жараёнда унинг харобаларидан ғарброқда ўрта асрларга оид яна бир шаҳар қолдиқлари борлиги аниқланган. Академик Яҳё Ғуломов ва археолог Инқилоб Аҳроров мазкур тадқиқотлар асосида бу ерда турли даврларга оид иккита шаҳар бўлганлигини, улардан бири қадимги Ахсикат ва иккинчиси Заҳириддин Муҳаммад Бобур камолга етган Ахсикент эканлигини исботлаганлар. Бу ерда узоқ йиллардан бери қазишма ишларини олиб бораётган ЎзФА Тарих институти бўлим бошлиғи, профессор Абдулҳамид Анорбоевнинг амалий меҳнатлари эвазига ёдгорлик ҳудудида саккизта янги объект очилди. Ушбу объектлар очиқ осмон остидаги саккизта музейга асос бўлади.

— Тарихий ёдгорликни чинакам жозибадор туристик масканга айлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар натижасида уни томоша қилиш учун келаётган сайёҳлар сони йилдан-йилга ошиб бормоқда, — дейди Ахсикент археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш дирекцияси раҳбари Анвар Икромов. — Якунланган йилнинг ўзида келувчилар сони 59 минг кишидан ортгани бунинг яққол тасдиғидир. Уларнинг 641 нафари хорижликлардан иборат. Жорий йилда ташриф буюрувчилар сони 100 минг нафарга яқинлашиши кўзда тутилмоқда.
Айтиш керакки, Ахсикент замини остида тарихнинг очилмаган сирлари ҳали бисёр. Давлатимиз раҳбарининг алоҳида эътибори билан бу жойни янада чуқур ўрганиш мақсадида илмий тадқиқотлар, археологик изланишлар изчил давом эттирилмоқда. Улар баробарида мажмуада Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳайкали ўрнатилиб, турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиладиган меъморий ансамбль ташкил этиш, Ахсикентни очиқ осмон остидаги музейга айлантириб, халқаро сайёҳлик йўналишларига киритиш кўзда тутилган.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- Туркия суди Нетаньяҳуни Ғазода геноцид содир этганликда айблаб, ҳибсга олиш ордерини маъқуллади
- Комилжонов Мухаммадсолиҳ Собиржон ўғлининг “Сaломaтлик лaндшaфтлaрини тaшкил этиш тaмойиллaрини ишлaб чиқиш” мавзусидаги (архитектура фанлари бўйича) фалсафа доктори (PhD) диссертациясининг ҳимояси эълони
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг