Ахсикент йирик сайёҳлик марказига айланмоқда

14:42 23 Январь 2024 Жамият
321 0

Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида жойлашган Ахсикент ёдгорлиги уч минг йиллик тарихга эга. Ўз даврида гуллаб-яшнаган кўҳна шаҳар кучли зилзила туфайли таназзулга юз тутганидан сўнг унинг бутун сир-асрорлари тупроқ остида қолиб кетган.

Кейинги пайтларда қадимий шаҳристонга яширинган маънавий хазина кўзини очиш ва халқимизга етказиш борасидаги ишлар жадаллашди. Айни пайтда ёдгорлик мажмуасини замонавий сайёҳлик инфратузилмаси марказга айлантириш борасида кенг кўламли бунёдкорлик тадбирлари амалга оширилмоқда.

— Ёдгорлик объектида тўртта очиқ осмон остидаги музейлар ўзига хос услубда қуриляпти, — дейди мажмуа бош меъмори Гурай Каймак. — Уларнинг устини ёғоч конструкция асосида юқори чидамли материал билан ёпамиз. Ишлар режа асосида давом этмоқда. Енгил конструкцияли экспонатлар музейи ва ёдгорликни юқори қисми билан боғловчи тарихийликни ўзида акс эттирган сўқмоқ йўл лойиҳасини ҳам ишлаб чиқмоқдамиз.

Жорий йилда Ахсикентда тарихий манбаларни сақлашга мўлжалланган топилмалар музейидан ташқари амфитеатр, Сирдарё соҳилида экотуризм тизимини барпо этиш кўзда тутилган. Маҳаллий тадбиркорлар томонидан меҳмонхоналар тармоғи ҳам қурилади.

Маълумотларга қараганда, Ахсикентга ўтган йили йигирма мингдан ортиқ маҳаллий, мингдан зиёд хорижий сайёҳлар ташриф буюрган. Яқин вақт ичида ишга тушириладиган объектлар ҳисобига сайёҳлар салмоғи кескин ортиши кутилмоқда.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?