Аҳолининг микромолиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилмоқда

18:09 25 Декабрь 2023 Сиёсат
352 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси йиғилишида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётига дахлдор, жумладан, интеллектуал мулк ҳуқуқлари ҳимоясини такомиллаштириш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг кредитларни қайтариш қобилиятини яхшилашга қаратилган муҳим қонун лойиҳалари қизғин муҳокама қилинди.

Дастлаб депутатлар «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига кредит мажбуриятларини бажариш тартибини такомиллаштириш ҳамда аҳолининг микромолиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар.

Кейинги йилларда аҳоли ва тадбиркорлар учун қулай ва замонавий молиявий хизматлар сонини ошириш ҳамда кредит ташкилотлари томонидан кўрсатилаётган молиявий хизматлар сифатини янада яхшилаш ва жойларда банк хизматлари кўрсатилиши бўйича юзага келаётган тизимли камчиликларни бартараф этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Лекин ҳозирги кунда кредит ташкилотларидан кредит олган аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари айрим объектив сабабларга кўра кредит тўловларини кечиктирган ёки қисман тўлаган ҳолларда, ушбу тўловларнинг кредит қарздорлигига сўндириш навбати бўйича амалдаги тартибни такомиллаштириш зарурати юзага келмоқда.

Шу билан бирга, бугунги кунда иқтисодиётда микромолиявий хизматларга бўлган талаб ошиб бораётганлиги аҳоли учун ажратиладиган микроқарзнинг энг кўп миқдорини қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда.

Ушбу қонун лойиҳаси билан жисмоний шахс бўлган қарз олувчига ажратиладиган миқроқарз миқдорини эллик миллион сўмдан — юз миллион сўмга ошириш таклиф этилмоқда.

Қизғин савол-жавоблар давомида фракция аъзолари Зафар Худойбердиев ва Адҳам Назирқуловлар партия мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, қонун лойиҳаси юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Хусусан, лойиҳанинг аҳамияти ва заруратига эътибор қаратар экан, ушбу ҳужжат аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг кредитларни қайтариш қобилиятини яхшилашга қаратилганлигини қайд этдилар.

Ўз навбатида, қонун лойиҳасига киритилаётган айрим нормалар бўйича асосли саволларни беришди. Қонун ташаббускорлари берилган саволлар юзасидан батафсил жавоблар қайтарди. Уларнинг фикрича, лойиҳанинг қабул қилиниши кредит мажбуриятларини бажариш тартибини такомиллаштириш орқали қарз олувчилар учун қулай молиявий имкониятлар яратиш ҳамда аҳолининг микромолиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Йиғилишда кўриб чиқилган навбатдаги ҳужжат — «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 121-моддасига қўшимча ва ўзгартириш киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси бўлди.

Интеллектуал мулк инсон томонидан яратиладиган ижодий ақлий фаолият маҳсулидир. Шу боис, илм-фан ва инновацияни ривожлантириш, бу соҳадаги ютуқларни юқори қўшилган қийматли маҳсулотга айлантиришда интеллектуал мулкнинг ишончли ҳимоясини таъминлаш ғоятда муҳимдир.

Мазкур Қонун билан «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқ эгаларининг ҳуқуқларини Интернет жаҳон ахборот тармоғида ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартириш киритилмоқда.

Қонун ташаббускорларининг айтишича, ушбу лойиҳанинг қабул қилиниши мамлакатимизнинг иқтисодий ривожланишига ва инновациявий жиҳатдан юксалишига кўмаклашувчи интеллектуал мулк тизимининг, шунингдек рақамли муҳитда ижодий фаолиятга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилишнинг таъсирчан механизмларини шакллантиришнинг ҳуқуқий асосини яратади.

Қизғин баҳс-мунозаралардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.

Йиғилишда кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер