“AGROPRO EXPO-2023": қишлоқ хўжалигида инновацион ечимлар, самарали мулоқот ва истиқболли келишувлар
Фото: Халқ сўзи
Аввал хабар берганимиздек, 21-23 февраль кунлари Самарқандда “AGROPRO EXPO-2023" агросаноат II халқаро кўргазма ярмаркаси бўлиб ўтди. “SOF EXPO SAMARKAND” кўргазмалар марказида ташкил қилинган ярмарка қишлоқ хўжалиги техникалари ва ускуналари, қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатиш тармоқлари, чорвачилик, паррандачилик, стандартлаштириш ва сертификатлаштириш каби соҳа вакилларини бир ерга жамлади. Унда Марказий Осиё, МДҲ давлатлари, Европа ва Осиё мамлакатлари, жумладан, Германия, Голландия, Россия, Туркия, Эрон ва Жанубий Корея каби қишлоқ хўжалиги ривожланган давлатлар ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан 150 дан ортиқ компания ва корхоналар 20 мингдан ортиқ маҳсулот ва хизматларни таклиф этди.
Ушбу кўргазманинг йил бошида ўтказилиши бежиз эмас. Чунки баҳорги юмушлар бошланишидан олдин деҳқон-фермерларимиз сифатли уруғ танлаш, майдонларга сув тежовчи технологиялар жорий этиш ва замонавий техникалар харид қилиш учун айни палла жуда қулай ҳисобланади.
— Аграр соҳада инновация нима учун керак, деб ўйлаган деҳқон хато қилади, — дейди Самарқанд вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари в.б. Феруз Абилов. — Деҳқон янгилик қилмаса, инновацион технологияларни жорий этмаса, ҳар йилгидай уруғни экаман, ҳосилни олавераман, деб ўйлаши нотўғри. Бугун қишлоқ хўжалигида бутунлай янги технология, янгича услублар қўлланилмоқда. Жаҳоннинг соҳада етакчи давлатларида ҳам ерга нисбатан муносабат тамомила ўзгарган. Ҳар қарич ердан унумли фойдаланиш, тежамкор йўллар билан юқори ҳосилдорликка эришиш – замон талаби. Бу кўргазмада ҳам замонавий ва тежамкор ускуналар намойиш этилмоқда. Улар ёрдамида бир нечта жараённи бир вақтда бажариш мумкин. Биргина пиёз экишда биз одатий усулда гектарига 16 килограмгача уруғ сарфлаймиз. Замонавий сеялка ёрдамида гектарига 4 килограмм уруғ экиш мумкин. Мана, деҳқон эски усулда ишлаб уруғ экишнинг ўзидан зарарни бошлайди. Шунинг учун инновация қишлоқ хўжалигида долзарб ҳисобланади.
Кўргазмада мевали ва манзарали дарахт кўчатлари, уруғлар, қишлоқ хўжалик корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар, замонавий ускуналар, тўқув-трикотаж маҳсулотлар, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сақлаш, қадоқлаш хизматлари ҳам намойиш этилди. Шунингдек, хориждан келтирилган йирик ва майда шохли чорва моллари, қуёнчилик, балиқчилик, паррандачилик хўжаликлари учун ускуналар ва озуқа маҳсулотлари ҳам тақдим этилди.
Сувни тежаш, юқори ҳосилдор уруғ танлаш деҳқоннинг бугунги кундаги асосий ташвишига айланган. Ушбу кўргазма павильонларидан ўрин олган асосий янги ишланмаларни ҳам шулар ташкил этди.
— Корхонамиз 2018 йилдан буён асосан экин майдонларига сув тежовчи технологиялар ўрнатиш билан шуғулланади, — дейди “Agro Boss IRRIGATION” МЧЖ вакили Шамсиддин Қурбонов. — Корхонамиз қишлоқ хўжалик кластерлари билан ҳамкорликда пахта, ғалла, полиз экинлари ва бошқа турдош экин майдонларига сув тежовчи технологияларни жорий этамиз. Ўтган вақт давомида корхонамиз томонидан 4 минг гектарга яқин майдонда ушбу технология ўрнатиб берилди. Самарқанднинг иқлим шароити ва ернинг ҳолати ва самарадорлигидан келиб чиқиб асосан томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологияларига талаб юқори бўлмоқда. Талабдан келиб чиқиб, Самарқанд шаҳрида сув тежовчи технологияларнинг 80 фоизини ўзимизда ишлаб чиқарувчи корхона ҳам ташкил қилдик.
Германиянинг «Кронен» компанияси эса қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, хусусан, мева ва сабзавотларни қайта ишлаш, саралаш, қадоқлаш ва сақлаш соҳасида корхоналарга замонавий технологияларни етказиб бериш билан шуғулланади. Кўргазмада мазкур компания вакиллари ҳам иштирок этиб, фермер ва тадбиркорлар билан мулоқотда бўлишди. Мева-сабзавотларни қайта ишлаш саноатини ривожлантириш, ташкил этиладиган корхоналар учун ускуналар етказиб бериш бўйича ҳамкорлик келишувларига эришди.
Бугунги кунда аграр соҳани ҳар томонлама ривожлантириш, замонавий агротехнологияларни тармоққа кенг жалб қилиш орқали юқори ҳосилдорликка эришиш устуворлик касб этмоқда. Айниқса, қишлоқ хўжалиги экин майдонларини соғлом, сифатли ва серҳосил кўчатлар билан таъминлаш энг долзарб масалага айланган. Жомбой туманида хориждан келтириладиган интенсив кўчатларни лаборатория шароитда кўпайтириш борасида амалга оширилаётган ташаббуслар ана шу йўлдаги муҳим қадамлардан бири бўлмоқда. Замонавий INVETRO лабораториясида ҳозирда 100 турга яқин мевали дарахт кўчатлари етиштириляпти. Кўргазмада фермер, деҳқон ва боғбонлар учун ушбу кўчатларнинг афзалликлари, иқтисодий самараси ҳамда янги боғларни ташкил этиш бўйича иштирокчиларга зарур тавсиялар берилди.
Тадбирда, шунингдек, тижорат банклари ва бошқа молия ташкилотлари томонидан қишлоқ хўжалик ходимлари учун қулай хизмат турлари билан таништирувлар ҳам ўтказилди.
Уч кун давом этган “AGROPRO EXPO-2023" II халқаро кўргазма ярмаркаси якунига етди. Унда 20 мингдан ортиқ қишлоқ хўжалиги корхоналари ходимлари, фермер ва деҳқонлар иштирок этиб, қатор ўзаро манфаатли ҳамкорлик шартномаларини имзолашга муваффақ бўлди.
Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг