Аграр соҳада аҳоли бандлигини таъминлашга оид ишлар ҳолати қандай?

16:59 24 Ноябрь 2023 Жамият
187 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси ҳамда Сенатнинг Аграр ва сув хўжалаги масалалари қўмитасининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ҳамда аграр соҳада аҳоли бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда ички бозорни озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш, маҳсулот етиштиришни кўпайтириш ҳисобига аҳоли даромадини ошириш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларни моддий ресурслар (хизматлар) билан узлуксиз таъминлаш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Ҳудудларда аҳоли ва тадбиркорларга қулайликлар яратиш мақсадида плантация усулида барпо этилган интенсив боғ ва токзорлар ҳамда логистика объектлари тайёр ҳолда топшириш шарти билан лизинга бериш бўйича ҳам амалий ишлар қилиняпти. Жумладан, фермер хўжаликлари томонидан жорий йил баҳор мавсумида 18,9 минг гектар мевали боғлар барпо этилган бўлса, бугунги кунда 24 та лойиҳа асосида интенсив боғ ва токзорларни барпо этиш устида ишлар олиб борилмоқда.

Шунингдек, пиллачиликда кластерларни ташкил этиш, соҳани янада ривожлантириш бўйича ҳам тизимли саъй-ҳаракатлар йўлга қўйилмоқда. Хусусан, 64,8 млн. долларлик ипак маҳсулотлари экспорти амалга оширилиб, соҳада 880 минг нафар аҳолининг бандлиги таъминланган.

Қайд этилганидек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни кенгайтириш мақсадида ҳудудларда ишчи гуруҳ тузилган ҳолда дала четлари ва канал коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги ерлар хатловдан ўтказилиб, улардан самарали фойдаланиш амалиёти жорий этилди. Жумладан, республика бўйича жами 58,9 минг гектар, шундан 34,6 минг гектар дала четлари, 24,3 минг гектар коллектор-дренаж атрофидаги ер майдонлари аниқланиб, уларда экинларни жойлаштириш хариталари яратилган.

Соҳаларда олиб борилган ишлар натижасида жорий йилнинг январь-октябрь ойларида 2 766 минг иш ўринлари яратилиб, қишлоқ аҳолиси, айниқса, ёшлар, аёллар ва хориждан қайтганларнинг доимий ва мавсумий бандлиги таъминланган.

Тадбирда озиқ-овқат етиштиришда муҳим йўналиш бўлган чорвачилик соҳасини ривожлантириш масаласига эътибор қаратилиб, сўнгги уч йилда қиймати 20,2 трлн. сўмлик 5 323 та лойиҳа амалга оширилгани, 171 минг нафардан ортиқ доимий ва мавсумий янги иш ўринлари яратилгани эътироф этилди.

Парламент аъзолари мутасаддилардан кун тартибидаги масала юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олдилар, ўзаро мақсадли мулоқотлар асосида соҳани такомиллаштириб бориш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш зарурлигини айтиб ўтдилар.

Тадбирда муҳокама этилган масалалар юзасидан келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди ҳамда қўмиталарнинг тегишли қўшма қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер