«Афсоналар водийси»да ватанпарварлик фестивали

11:34 27 Декабрь 2024 Жамият
78 0

Қудратилла Нажмиддинов/«Халқ сўзи». Наманган шаҳридаги «Афсоналар водийси» тематик паркида «Янги Ўзбекистон армияси – мамлакат таянчи, халқимиз фахри« шиори остида ватанпарварлик фестивали ўтказилди. Юртимизда давом этаётган «Ватанпарварлик ойлиги» доирасида ташкил этилган тадбирда ҳарбий хизматчилар томонидан ёшлар ўртасида юртга муҳаббат ғояларини тарғиб этишга йўналтирилган мусиқий ва кўргазмали чиқишлар намойиш этилди. Ҳарбий техника ва қурол-яроғ кўргазмалари айниқса, кўпчилик эътиборини тортди. Тадбирнинг ёрқин лаҳзаларидан бири гулхан атрофидаги мусиқа кечаси бўлди. Бунда миллий куй ва ҳарбий мавзудаги қўшиқ ва рақслар иштирокчилар қалбига чинакам байрамона кайфият олиб кирди.

— Анжуманга йиғилган уч юздан ортиқ йигит-қизлар фестивалдаги кўргазма ва томошалардан завқланди, — дейди Ёшлар ишлари Наманган вилоят бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Мирзатов. — Ҳарбий техникалар намойиши, аскарларнинг спорт ва жанговарлик йўналишидаги чиқишлари уларнинг мамлакат мудофаа қудрати, ватан ҳимоячиларининг салоҳияти ҳақидаги тушунчаларини янада бойитди. Аскарлар билан мулоқот, жанговар қуроллар билан яқиндан танишув ҳарбий хизматни орзулаб юрган кўплаб йигитларнинг юрагига чўғ ташлади.

Ойлик доирасидаги учрашув ва мулоқотлар вилоятдаги ҳарбий қисмлар ва таълим муассасаларида ҳам давом этмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер