«Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий ривожланиш» халқаро конференция ўз ишини якунлади

09:24 27 Июль 2022 Сиёсат
948 0

Жорий йилнинг 26 июль куни Тошкент шаҳридаги “Hilton” меҳмонхонасида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан «Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Нуфузли анжуманда 20 дан ортиқ давлатнинг Афғонистон бўйича махсус вакиллари, кўплаб халқаро ва минтақавий ташкилотлар, шунингдек, Афғонистон муваққат ҳукумати делегациялари, халқаро экспертлар, олим ва тадқиқотчилар, маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбирда асосий эътибор афғон замини халқаро террорчи ташкилотларнинг доимий бошпанасига айланишига ҳамда мамлакат ҳудуди қўшни ва бошқа давлатлар хавфсизлиги учун таҳдид солишда фойдаланилишига йўл қўймаслик, шунингдек, ушбу заминда умуммиллий ярашувнинг асосий шарти сифатида афғон жамиятининг барча қатламлари вакилларидан иборат ҳукуматни шакллантириш, инсонлар, айниқса, аёллар ва барча этник-диний гуруҳларнинг ҳуқуқ ва эркинлигини таъминлаш каби долзарб масалаларга қаратилди.

БМТ Бош котибининг Афғонистон бўйича махсус вакили М.Потсел ҳам ўз нутқида ҳеч ким урушлар такрорланиши ва Афғонистонни яккалаб қўйишни истамаслигини таъкидлади: «Мазкур муҳим конференцияни ўтказишнинг ўзи катта ютуқ ҳисобланади. Бугун илк марта минтақа давлатлари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, йирик донорлар ҳамда Афғонистоннинг де-факто ҳукумати иштирок этаётган форум ўтказилмоқда. Халқаро ҳамжамиятнинг асосий мақсади Афғонистоннинг ўзи, умуман, афғонлар, минтақа ва дунё манфаатларини мужассам этган — Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришга кўмаклашишдан иборат».

Анжуманда сўз олган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Хусрав Нозирий Афғонистонда реконструкция, тараққиёт ва ижтимоий-иқтисодий ўсишда долзарб ҳисобланган тинчлик, барқарорлик ва хавфсизлик учун барча имкониятлар кўриб чиқилаётганини қайд этди. «Бу омиллар мамлакат ва унинг ташқарисида ўзаро алоқалар, инвестицион фаоллик ва савдони қўллаб-қувватлашда асосий роль ўйнайди. ИҲТ учун Афғонистонда иқтисодий кооперацион алоқаларни ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга. Биз бу муаммоларга жиддий қарашимиз, амалий ечимлар ишлаб чиқишимиз ва ташаббуслар билан чиқишимиз зарур», — деди Х.Нозирий сўзи давомида. Унинг таъкидлашича, Афғонистонни яккалаб қўйиш мамлакатдаги мавжуд муаммоларни ечишга ёрдам бермайди. Шунингдек, у барча манфаатдор томонларни, шу жумладан, халқаро ҳамжамиятни Афғонистонни барқарор ривожланиши учун тадбирлар ишлаб чиқишга, бу борада ҳамкорликка йўналтирилган таклифларни ишлаб чиқиш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришга чақирди.

Халқаро тадбирда иштирок этаётган ЮНИСEФнинг Ўзбекистондаги вакили Мунир Мамадзе Афғонистонда ижтимоий-иқтисодий вазиятни нормаллаштиришда ва халқ фаровонлигини шакллантиришда, шунингдек, таълим жараёнларига ҳам катта эътибор қаратиш лозимлигини айтди. Унга кўра, Термиз шаҳридаги ўқув маркази афғон ёшларининг сифатли таълим олишлари учун тенгсиз платформа вазифасини ўтайди.

Хитой Халқ Республикасининг Афғонистон бўйича махсус вакили Юе Сяён конференцияда чиқиши давомида Пекин Афғонистонни Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи кўприк деб билишини таъкидлади. Шу ўринда Хитой ҳукумати трансминтақавий, жумладан, «Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар» темир йўли ва Ғарбий Хитойни Марказий Осиё билан боғловчи темир йўли қурилишини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди. «Бундай мегалойиҳаларни амалга ошириш афғон заминида мустаҳкам тинчлик ўрнатилишига, шунингдек, минтақавий муносабатларни мустаҳкамлашга ёрдам беради», — деди у сўзининг якунида.

АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Томас Вест ҳам сўзга чиқиб, Америка Афғонистонга гуманитар ёрдам кўрсатишда йирик донор бўлиб қолишини айтди. Унга кўра, халқаро ҳамжамиятнинг қатъий ҳаракатлари туфайли мамлакатда гуманитар инқирознинг олдини олиш ва аҳолининг қиш мавсумидан талофатсиз ўтишига эришилди.

Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Афғонистон бўйича махсус вакили Тарик Али Бахит тадбирнинг аҳамиятини юқори баҳолаб, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш ва зиддиятлардан кейинги тикланиш учун мазмунли, ҳар томонлама ва мувофиқлаштирилган ёндашувларни ишлаб чиқишга улкан ҳисса қўшишини таъкидлади.

Буюк Британиянинг Афғонистон бўйича махсус вакили Найжел Кейси халқаро ҳамжамият Афғонистон масаласини ҳеч қачон иккинчи планга қўймаганини айтди. Кейси халқаро ҳамжамиятнинг қатъий ва ўз вақтида кўрган чоралари кенг кўламли гуманитар ҳалокатнинг олдини олганини қайд этди. Шу билан бирга у Буюк Британия гуманитар ёрдам кўрсатишда чекланиб қолмаслиги, Афғонистоннинг иқтисодий барқарорлиги ва тараққиёти учун ҳисса қўшишга тайёрлигини билдирди.

Россия президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабулов анжуман доирасидаги нутқида Афғонистон Марказий банкининг 7 млрд. доллар миқдоридаги музлатилган активларини қайтариш зарурлигини таъкидлаб ўтди. «Афғон халқи бугун оғир иқтисодий инқирозга учраган ва молиявий маблағларга ўта муҳтож», — деди у нутқи давомида.

Ялпи мажлис йиғилишидан сўнг Ўзбекистон Президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Комилов ҳамда Афғонистон муваққат ҳукумати делегацияси раҳбари, мамлакат ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амирхон Муттақий маҳаллий ва хорижий журналистларнинг саволларига жавоб беришди.

Шундан сўнг «Иқтисодиётнинг тикланиши – Афғонистонда мустаҳкам тинчлик асоси» шиори остида мутасадди давлат органлари иштирокида қуйидаги йўналишларда гуманитар ва инфтратузилма лойиҳалар тақдимоти ўтказилди:

● «Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар» темир йўли қурилиши;

● «Сурхон – Пули-Хумри» электр узатиш тармоғини ётқизиш;

● инсонпарварлик ёрдамларини кўрсатиш бўйича халқаро кўп функцияли транспорт-логистика маркази;

● Термиз шаҳридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази фаолияти.

Халқаро анжуман сўнгида Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов Афғонистонда ижтимоий-иқтисодий барқарорликни тиклаш бўйича ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш мақсадида ташкил этилган конференция якунлари юзасидан ОАВ вакилларига баёнот берди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?