Адабиёт дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлайди

13:36 23 Август 2024 Маданият
183 0

Дилшод КАРИМОВ/«Халқ сўзи». Пойтахтимизда Халқаро туркий маданият ташкилоти — ТУРКСОЙ бош котиби, Қирғизистон халқ ёзувчиси, Ўзбекистон Ўзувчилар уюшмасининг фахрий аъзоси Султон Раевнинг «Танланган асарлар» китоби тақдимоти ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари, олимлар, ёзувчи ва шоирлар, китобхонлар, туркий давлатлар ижодкорлари қатнашди.

Иштирокчилар дастлаб Султон Раевнинг ҳаёти ҳамда ижодига бағишланган фотокўргазма билан танишди.

Тадбирда моҳир ижодкорнинг ҳаёти, серқирра фаолияти, туркий давлатлар ўртасида маданий алоқаларни ривожлантириш борасидаги улкан хизматларига бағишланган фильм намойиш этилди.

Ўзбекистон Ўзувчилар уюшмаси раиси С. Саййид, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А. Саидов ва бошқалар Султон Раевнинг тил ҳамда услуби ўзига хос, содда, айни пайтда теран мазмун-моҳиятга эгалиги, жўшқин фаолияти ибратли эканини таъкидлади.

Атоқли қирғиз адиби китобининг ўзбек тилига ўгирилиб, юртимизда тақдимот қилиниши кейинги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг очиқлик, тенглик, қўшни республикалар билан дўстлик алоқаларини ривожлантириш, Марказий Осиёда тақдирларнинг ягоналиги, умумий макон руҳиятини яратишга қаратилган кенг кўламли сиёсати самарасидир, десак, айни ҳақиқат.

— Мамлакатимизда кейинги йилларда «Адабий дўстлик — абадий дўстлик» деган Қоя юксак мақомга кўтарилди, — деди Ўзбекистон Ўзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид. — Жумладан, Низомий Ганжавий, Махтумқули Фироғий, Чингиз Айтматов ва бошқа кўплаб туркий халқлар ижодкорларининг асарларини тарғиб этиш, уларнинг таваллуд саналарини нишонлашга катта аҳамият қаратилмоқда. ТУРКСОЙ билан ҳамкорлигимиз изчил кенгайиб бораётир. Бу борадаги эзгу ишларга муносиб ҳисса қўшиб келаётган Султон Раев, чин маънода, ўзбек халқининг ҳам ёзувчиси саналади. Унинг ўзбек тилида чоп этилган «Танланган асарлар» китоби адабиётимиз хазинасидан мустаҳкам ўрин олади.

Дарҳақиқат, Султон Раев бугун асарлари, фаолияти билан туркий халқларнинг қадим булоқлардан сув ичган азалий томирларини адабиёт, маданият воситасида янада мустаҳкамлашдек буюк миссияни бажармоқда. Адибнинг китоби ўзбек тилида чоп этилиши ўзбек ва қирғиз халқлари ўртасидаги дўстлик, қардошлик алоқалари бугун янги босқичга кўтарилганининг яна бир ифодасидир.

Китобга таниқли ўзбек ёзувчиси Хайриддин Султон сўзбоши ёзган. «Довруғи Олатоғдан ошган адиб» сарлавҳали ушбу битикда Султон Раев шахси, унинг ижодий олами, серқирра истеъдоди, ибратли ҳаёт йўли, қизғин фаолияти аниқ мисоллар, ҳаётий кузатишлар асосида очиб берилган. Адиб — буюк ёзувчи Чингиз Айтматовнинг шогирди, издоши сифатида баҳоланган. Муаллиф «…ноёб инсоний туйғуларни баланд пардаларда тараннум этадиган, Ер юзини, одамзод қалбини маънавий тўфон ва таназзуллардан асрашга, азалий қадриятларни қатъият билан ҳимоя этишга хизмат қиладиган ушбу китобни юксак дидли ўзбек китобхонларига тақдим этиш шарафига муяссар» бўлганидан мамнунлигини яширмаган.

Китобдаги роман, ҳикоя, қисса, ва саҳна асарларини ўқиган киши борки, адибнинг ўзига хос услуби, ширали тили, теран фалсафий-бадиий тафаккури, ижодий қадриятлари бошқа ҳеч кимда учрамаслигига амин бўлади.

Сўзбошида урғу берилганидек, Султон Раевнинг довруғи Олатоғнинг баланд чўққиларидан аллақачон ошиб кетган. Унинг ғоявий-бадиий жиҳатдан етук ўнлаб китоблари инглиз, француз, рус, венгер, хитой, украин, турк, қозоқ, озарбайжон, татар ва бошқа тилларга ўгирилгани, дунёнинг турли мамлакатларида нашр қилинаётгани айни эътирофнинг ҳаётий исботидир.

— Қирғиз юртида ўзбеклар орасида улғайганман, — дейди Султон Раев. — Халқларимизнинг томирлари туташ. Орзу-мақсадлари муштарак. Қадимдан яхшию ёмон кунини елкадош бўлиб ўтказган халқларимиз бугун ҳам аҳил-иноқ, дўст ва ҳамкор бўлиб ҳаёт кечирмоқда. Албатта, ҳамжиҳатликдаги бугунги ютуқларимизда Ўзбекистон ва Қирғизистон раҳбарларининг хизматлари беқиёс. Бугун Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан оламшумул ўзгаришлар юз бермоқда. Ўзбекистон эришаётган ютуқлар бу мамлакатда кечаётган улкан янгиланиш жараёнларининг амалий натижаси. Ўзбекистон дунёнинг ривожланган давлатлари билан бўйлашмоқда. Буюк соҳибқирон Амир Темур даврида бу диёр қанчалик шон-шавкатга бурканган бўлса, ҳозир ҳам Ўзбекистон шунчалик юксакка интилмоқда. Буларнинг замирида Президент Шавкат Мирзиёевнинг адабиёт, маънавият, маърифатга бўлган эътибори турибди. Китобим Алишер Навоий тилида чоп этилганидан чексиз қувонч ва ифтихор туймоқдаман. Зотан, инжа санъат орамиздаги дўстлик ришталари, қалбларимизни янада мустаҳкам боғлайди.

Тақдимот сўнгида таниқли адиб адабиёт ихлосмандларига дастхат қўйилган китобларини ҳадя қилди. Адабий алоқаларни мустаҳкамлашга ҳисса қўшаётган бир гуруҳ адабиёт фидойилари тақдирланди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Хайриддин Султонов иштирок этди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?