9-12 август кунлари Ўзбекистонда Давлат меҳнат инспекторларининг биринчи минтақавий форуми бўлиб ўтади

10:58 09 Август 2022 Сиёсат
537 0

Фото: Иллюстратив фото

Жорий йилнинг 9 август куни Ўзбекистонда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури кўмагида ташкил этилган Давлат меҳнат инспекторларининг биринчи минтақавий форуми иш бошлайди.

МДҲ Ижроия қўмитаси матбуот хизмати томонидан маълум қилинишича, форумнинг асосий вазифаларидан бири Марказий Осиё минтақаси ва Россияда меҳнат соҳасида давлат назорати сиёсатини ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш, меҳнат инспекторларининг тренинг ва тажриба алмашиш воситасида билим даражасини, самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш бўйича ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборатдир.

9-12 август кунлари иштирокчи мамлакатларнинг давлат меҳнат инспекциялари вакиллари Халқаро меҳнат ташкилотининг асосий тамойиллари, миграция қонунчилиги, травматизм концепцияси, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни текшириш, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги меҳнат қонунчилиги билан боғлиқ масалаларни муҳокама қиладилар. Шунингдек, давлат меҳнат инспекторининг шахсий ва касбий равнақига, ҳиссий ҳолатни бошқариш кўникмаларига ва бошқа мавзуларни қамраб олган тренинглар ўтказилади.

Тадбир натижалари бўйича Марказий Осиё минтақасида хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлаш ва меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш, шу жумладан, мамлакатимиз Меҳнат инспекциясининг ҳуқуқий ва ташкилий салоҳиятини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш бўйича ягона ёндашувлар ишлаб чиқилади.

Шу билан бирга, форум фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари ва иш берувчилар манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги энг долзарб муаммоларни ҳал қилиш жараёнида фаол иштирок этаётган ёш меҳнат инспекторлари жамоасини шакллантириш, шунингдек, ишчиларнинг хавфсизлигини, уларнинг соғлиғи ва фаровонлигини таъминлашга кўмаклашади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?