6,9 мингдан 80 минг АҚШ долларигача: ДХХ жойларда «ерфуруш»ларни ушлади
Фото: Иллустратив
Давлат хавфсизлик хизмати бир қатор жойларда ерларнинг ноқонуний сотилишининг олдини олди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг мансабдор ходими ўзининг турмуш ўртоғига деҳқончилик қилиш учун ажратиб берилган 1 гектар ерни танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 10 минг АҚШ доллари талаб қилиб, 6900 АҚШ доллари ва 15 миллион сўм олган вақтида ушланган.
Хабар қилинишича, 2024 йилнинг март ойида ушбу ер майдони мазкур мансабдор шахснинг турмуш ўртоғи томонидан аукцион орқали сотиб олиниб, апрель ойида туман ҳокимлиги билан ижара шартномаси тузилганлиги ҳамда давлат рўйхатидан ўтказилганлиги маълум бўлди.
Бундан ташқари, Хоразм вилоятида кузатилган ҳолатда Урганч тумани ҳокимлиги ходими 1977 й.т. шахс билан ўзаро келишган ҳолда, алдов йўли билан харидорнинг ишончига кириб олган ва унга маиший хизмат кўрсатиш объектлари қуриш мақсадида бошқа бир фуқарога ажратиб берилган жойни расмийлаштириб беришни ваъда қилган.
Маълумот учун айтиш мумкинки, тасдиқлаш учун вилоят ҳокимининг қарори чиқарилмасдан ва тегишли тартибда кадастр ҳужжатлари ишлаб чиқилмасдан, давлат рўйхатига киритилмай қолган 1 гектар ер майдонида енгил типдаги коттежлар қуриш мумкинлигини айтишади.
Шунингдек, туман ҳокимининг 2018 йилдаги қарорини жорий йилда қабул қилинган «Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида»ги қонунга мувофиқлаштириб беришни маълум қилишади.
Ушбу хизматлари эвазига 50 минг АҚШ доллари талаб қилишиб, олдиндан 30 минг АҚШ доллари олган вақтларида Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга туширилган.
Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, уларнинг жиноий шериги бўлган, кадастр ва архитектура фаолияти билан шуғулланувчи хусусий фирма раҳбари ҳам ушбу пул маблағидан 10 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Яна бир ҳолат ДХХ Навоий вилояти бўйича бошқармаси ва ИЖҚКД ҳамда вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда аниқланган. Ғозғон шаҳар кадастр бўлими бошлиғи ўз хизмат мавқейидан фойдаланиб, Нурота тумани ҳудудида жойлашган ва давлат захирасида бўлган 1 гектар ер майдонини мансабдор танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 40 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 6 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
ДХХ Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ва ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, Денов шаҳрида яшовчи, 1974 й.т. фуқаро ўзининг турмуш ўртоғи номидаги фермер хўжаликка чорва озуқа экинлари экиш учун ижара шартномаси асосида ажратиб берилган 5,33 гектар ер майдонини кадастр идораларидаги танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 80 минг АҚШ доллари олган вақтида қўлга олинди.
«Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», дейилади хабарда.
Аввалроқ, қайси енгил автомобил Ўзбекистонда кўпроқ ишлаб чиқарилгани ҳақида хабар берилганди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг