50 йилдирки, мактаб остонасидан узоқлаша олмайман — Муҳаббат Шаропова
Фото: “Халқ сўзи”
Ўзбекистон Қаҳрамони Муҳаббат Шароповани 2000 йиллар бошида, Қарши шаҳридаги академик лицейда ўқиб юрган вақтларимда таниганман. Ўшанда Муҳаббат опа лицейимизнинг иқтисодиёт йўналиши ўқувчиларига математикадан дарс берар, айнан шунинг учун ҳам бу йўналишнинг нуфузи анча баланд энди.
Ўзим бошқа йўналишда ўқиганим боис Муҳаббат Шаропованинг дарсларида қатнашиш насиб қилмаган, лекин “иқтисодиёт”да ўқийдиган танишимнинг “устозимиз математикани ҳам худди адабиёт дарсидек ўтади, жуда осон тушунтиради, вақт қандай ўтганини сезмай қоламиз” деган гаплари ёдимда қолиб кетган.
Кейинчалик иш фаолиятим давомида Муҳаббат Шароповани янада яқинроқ танидим. Кўплаб лойиҳалар, тарғибот тадбирларида бирга иштирок этдик. Ундаги фидойилик, камтаринлик, хокисорлик, меҳнаткашлик, ўз касбига бўлган ҳурмат ва садоқат менда доим ҳавас уйғотган.
— Ўқитувчилик касбини танлашимга онам сабабчи бўлган, — дейди Муҳаббат опа. — У киши доим “шу қизим ўқитувчи бўлади” деб юрарди. Шу-шу ўқитувчилик касбига қизиқиб, 1966 йилда Самарқанд давлат университетининг математика факультетига ўқишга кирганман. 1971 йилда университетни тамомлаб, Қарши шаҳридаги 5-умумий ўрта таълим мактабида математика ўқитувчиси бўлиб иш бошладим. 26 йил давомида шу мактабда, 1997 йилдан 2022 йилга қадар эса лицейда ишладим. Ҳозир Қарши давлат университети талабаларига математикадан дарс бераяпман. Умумий ҳисобда эллик икки йилдирки ўқитувчилик қилиб келмоқдаман.
Муҳаббат опа мактабда ишлаб юрган вақтларидаёқ вилоятнинг энг таниқли математика ўқитувчиларидан бири эди. Шу боис унга олийгоҳлар, нуфузли таълим муассасаларидан чорловлар ҳам кўп бўлган. Бироқ у онасининг маслаҳати билан яна мактабни танлаганини айтади.
— Онам, қизим сени орзу ҳавас билан ўқитувчи қилганман. Мактабда ўзингни кўрсат, ишлаётган жойингда ўрнинг бўлиши керак, дерди, — дейди у. — Шу боис доим мактабда ўз ўрнимга эга бўлишга, натижалар кўрсатишга ҳаракат қилганман. Бу йўлда изландим, интилдим, тинимсиз меҳнат қилдим, янги-янги ташаббусларга қўл уришдан чарчамадим. 1985 йилда вилоят миқёсида илк бор мактабимизда математика фани чуқурлаштириб ўтиладиган синф ташкил қилганмиз. Ўша вақтдаги вазиятда бу осон иш эмасди. Бунинг учун қанча-қанча муаммоларни, ғалваларни бошдан ўтказмадик, дейсиз. Лекин ўз мақсадимизда қатъий туриб, бу ишни амалга оширдик. Бундан ташқари, математика фанига оид ўнлаб қўлланмалар нашр эттирдим. Кўплаб шогирдларим республика ва халқаро миқёсдаги турли танловлар, фан олимпиадаларида юқори натижаларни қайд этишди. Ана шундай дамларда барча машаққатларим унутилиб кетар ва яна янги-янги мақсадлар, режалар билан ишга киришардим. Ҳали ҳамон шогирдларим ютуғи менга куч, шижоат бағишлайверади. Бугун ўқувчиларимдан 3 нафари фан доктори, 20 дан ортиғи фан номзодлари бўлиб, республиканинг турли олийгоҳлари ва нуфузли ташкилотларида самарали меҳнат қилиб келишмоқда. Мана 50 йилдирки, мактаб остонасидан узоқлаша олмайман, сабаби ўқувчиларим мени ҳаётим мазмунига айланиб улгуришган.
Суҳбат давомида Муҳаббат опа яна бир қизиқ гапни айтиб қолди. Бир неча йил аввал биометрик паспорт олаётиб, махсус ускунага бармоқларини босибди. Аммо ҳар қанча қилмасин, бармоқ излари компьютерга тушмасмиш. “Ярим асрдирки, гоҳ бўр, гоҳ ручка-қаламдан бўшамаган бармоқларимнинг териси кўчиб, бармоқ изларим ҳам йўқолиб кетган экан”, дея кулади у.
Халқимизда қилинган ҳақиқий меҳнат албатта ўз эътирофини топади, деган нақл бор. Муҳаббат Шаропованинг мамлакатимиз таълим тизими ривожи йўлида амалга ошираётган ишлари ҳам давлатимиз ва халқимиз томонидан муносиб эътироф этиб келинмоқда. У 1996 йилда “Меҳнат шуҳрати” орденига, 2007 йили эса Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими” фахрий унвонига сазовор бўлди. 2016 йилда эса давлатимизнинг олий мукофоти – Ўзбекистон Қаҳрамони унвони ҳамда “Олтин Юлдуз” медали билан тақдирланди.
— Ҳаётда қандай ютуқларга эришган бўлсам, барчаси яхши кўрган касбим туфайли, — дейди Муҳаббат Шаропова. — Касбим ортидан ҳурматга ҳам, эътибор ва эътирофга ҳам эришдим. Бундан кейин ҳам кучим, имконим борича шу соҳанинг ривожига ҳисса қўшиш, ёшларимизни ҳар томонлама комил инсонлар этиб тарбиялаш йўлида меҳнат қилавераман.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг