40 турдаги дори-дармонлар, 10 турдаги антисептик воситалар аҳолига текин берилади
Фото: "Халқ сўзи"
Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси (ДТСЖ) Сирдарё вилоятининг Сардоба ва Оқолтин туманларида ОАВ ходимлари учун пресс-тур ташкил этди.
Тадбирда ОАВ вакиллари туманлардаги оилавий шифохоналарда тиббий суғурта хизматини жорий қилиниши ва натижалар билан яқиндан танишди.
Эндиликда Давлат бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларини бюджетдан аҳоли жон бошига молиялаштиради. Ушбу маблағ кафолатланган пакет доирасида бепул тиббий хизматлар кўрсатишга йўналтирилади. Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси тиббиёт ташкилотлари билан шартномалар тузиш орқали, уларни молиялаштириб боради. Бунда, туман (шаҳар) ва вилоят даражасидаги шифохоналарга ажратиладиган маблағларнинг 10 фоизидан кам бўлмаган қисми ҳар бир даволанган ҳолатлар сони ҳамда бажарилган ишлар ҳажмидан келиб чиқиб белгиланади.
Қайд этиш керакки, мажбурий тиббий суғурта туфайли шифохоналарнинг моддий аҳволи яхшиланиб, ходимлар маоши ошади. Шифокор ҳам беморнинг соғлиғига қайғуради, унинг чўнтагига эмас. Шу тариқа шифокор учун бой ва камбағальнинг аҳамияти йўқолади. Шунингдек, тиббиёт муассасалари ўртасида соғлом рақобат кучаяди. Бунда улар кўпроқ беморларга хизмат кўрсатиш учун сифатни оширишга, моддий-техник базани яхшилаш, малакали кадрларни жалб қилишга ҳаракат қилади.
Фуқароларни давлат томонидан тиббий суғурталаш масаласи Президентимизнинг 2020 йил 12 ноябрда қабул қилинган «Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида ўз аксини топган.
ОАВ вакиллари Сардоба туманидаги 22-оилавий поликлиникада тиббий суғурта тизимини жорий этилиши билан танишдилар.
— Соғлиқни сақлаш тизимида кўплаб янгиликлар юз бермоқда, — дейди мазкур поликлиниканинг оилавий шифокори Назира Ҳайдарова. — Жумладан, тизимга тиббий суғурта хизматини йўлга қўйилиши орқали кўрсатиладиган хизматлар сифати янада ошади. Зеро, бунда ҳар бир фуқаро кафолатланган пакетга эга бўлади. Бу эса дори-дармонлар олиш, турли текширувлардан текин ўтиш ва етакчи мутахассислар кўмагидан режали фойдаланиш имконини беради.
Аслида ҳам соғлиқни сақлаш тизимида тиббий суғуртани татбиқ этишнинг ўзига хос талаблари бор. Ана шундай талаб асосида Оқолтин туман тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли марказий поликлиника филиалида ҳам қатор ишлар бажарилмоқда. Бу борадаги хизматлар «Янги Тошкент» маҳалласи аҳолисига ҳам манзур бўлмоқда.
— Қон босимим тез-тез кўтарилади, — дейди ушбу маҳаллада яшовчи Одина Нурматова. — Ҳамшираларни тез-тез чақириб тураман. Келганимда қон босимини туширадиган дори-дармонлар беришади. Олдинлари дорилар, шприцларни ўзимиз билан олиб келардик. Ҳозир барчасини ўзларидан текинга беришяпти.
— Соҳага тегишли қарор билан жорий йилнинг 1 июнидан синов-тажриба доирасида тиббий суғурта шаклига ўтдик, — дейди оилавий шифокор Нилуфар Абдулаҳатова. — Унга кўра, уч нафар ҳамшира, битта доя ва оилавий шифокордан иборат бригада шакллантирдик. Энг аввало, аҳолини рўйхатини шакллантирдик. Хатлов натижасида аҳоли 4 хавф гуруҳига ажратилди. Албатта, аҳолининг қайси қисми кўпроқ қайси турдаги касалликдан азият чекаётгани ёки мойиллиги борлиги аниқланса, уларни тезроқ даволашда ҳам ўзига хос тарзда ижобий таъсир қилади.
Шундан сўнг ОАВ вакиллари Гулистон шаҳридаги 4-оилавий поликлиникада амалга оширилаётган тажриба-синов ишлари билан ҳам яқиндан танишдилар. Ушбу тиббиёт масканига 13 мингдан ортиқ аҳоли бириктирилган бўлиб, хатлов натижалари асосида электрон база шакллантирилмоқда.
— Бизда аҳолига хизмат кўрсатишни янада яхшилаш мақсадида тиббий бригадалар ташкил этилди, — дейди 4-оилавий поликлиниканинг амалиёт ҳамшираси Наргиза Примқулова. — Уларнинг бир қисми уйма-уй юриб аҳолининг саволларига жавоб бериб, оилавий шифокор кўригига боришини таъминлайди. Битта амалиёт ҳамшираси келган беморларни қабул қилиб, соғлиғини, қон босимини текшириб, тегишли маслаҳатларни беради. Агар зарурат бўлса, давлат тиббий суғуртаси жамғармаси текин тарқатаётган 40 турдаги дори-дармон, 10 турдаги антисептик воситалар ва 16 турдаги стоматология учун керакли сарфлов материаллари кўмагидан беморларга ёрдам берамиз. Энди беморлар шифокорнинг кўригидан кейин дори қидириб юрмайди. Ўзимизда мавжуд дориларни муолажа хонасида олишади.
Сирдарёда ана шу тариқа поликлиникаларда кафолатланган тиббий хизматларни амалга оширилиши бошланди. Бунда ўзи яшаётган ҳудуддаги поликлиникага келган ҳар бир фуқаро врач маслаҳати, профилактик кўриклар, скрининг текширувлари, лаборатория текширувлари ва даволаш ишларини ўзида жамлаган кафолатланган пакетга эга бўлади. Ушбу хизматлар бепул амалга оширилади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг