2021/2022 ўқув йилида юридик техникумларга 3 180 нафар киши қабул қилинади

16:23 24 Июнь 2021 Жамият
12205 0

Мамлакатимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб замирида илғор ва халқаро таълим стандартларини жорий этиш, кадрлар салоҳиятини ошириш ва мустаҳкамлаш уларни ҳаётда ўз ўринларини топишга кенг имкониятлар яратишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Адлия вазирлиги томонидан 21 июнь куни АОКА анжуманлар залида «Адлия вазирлиги юридик техникумлари 2021/2022 ўқув йили қабул жараёни» мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Таъкидланишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида» 2018 йил 13 апрелдаги қарори билан Адлия вазирлиги тузилмасида ҳар бир ҳудудда биттадан — 14 та юридик техникум ташкил этилган эди.

Бугунги кунда юридик техникумларда жами 5 042 нафар ўқувчи (шундан, 3 081 нафар 1-курсда, 1 961 нафари – 2-курсда) таълим олиб, ўқувчиларга 218 нафар педагог ходимлар томонидан дарс машғулотлари ўтиб келинмоқда.

Юридик техникумларга қабулни амалга ошириш

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб юридик техникумларда Ўзбекистон Республикаси фуқароларини қабул қилиш Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази (кейинги ўринларда — Давлат тест маркази) томонидан ўтказиладиган тест синовлари орқали амалга оширилади.

Жорий йилда юридик техникумларга жами 3 180 нафар талаба ўқишга қабул қилинади. Шундан 1 950 нафари учун кундузги, 1 230 нафари учун эса сиртқи таълим шакли ташкил этилиши режалаштирилган.

2021/2022 ўқув йили учун техникумларга абитуриентларнинг ҳужжатларини қабул қилиш 2021 йил 1 августдан 20 августга қадар (20 август куни ҳам) амалга оширилади. Бунда ҳужжатлар давлат хизматлари марказлари, Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (www.my.gov.uz) ёки Давлат тест марказининг расмий веб-сайти (www.dtm.uz) орқали қабул қилинади.

Ўқув жараённи мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил

10 июндаги «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимидаги таълим муассасаларида кредит-модуль тизимини жорий этиш

чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, юридик техникумларда Кредит тўплаш ва кўчиришнинг Европа модели (European Credit Transfer and Accumulation System – ECTS) тўлиқ жорий этилиши белгиланган.

Шунга кўра, янги ўқув йили учун «юриспруденция» мутахассислиги бўйича малака талаблари, ўқув режалари ва фан дастурлари қайта ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши назарда тутилмоқда.

ТДЮУ томонидан юридик техникумлар учун жами 22 номидаги янги авлод дарсликлар яратилди ҳамда уларнинг электрон вариантлари техникумларга етказиб берилди.

Ўқув жараёни ва ўқувчиларни билимини баҳолашда шаффофликни таъминлаш, ўқувчилар билимини назорат қилиш ва баҳолаш жараёнини рақамлаштириш мақсадида ўқувчиларни билимини баҳолашни электрон тизими(SRS – Student Reсords System) жорий қилинди.

Педагогларнинг ўқувчилар билан мулоқоти ҳамда ўқувчиларнинг ўзаро мулоқотини ўз ичига олувчи ходимлар ва ўқувчилар учун ички ахборот-коммуникация восита ва ресурсларини ташкил этиш мақсадида «Электрон юридик техникум» инновацион электрон платформаси концепцияси ва техник талаблари ишлаб чиқилди ҳамда ушбу платформани яратиш бўйича ишлар бошланди.

Битирувчиларни иш билан таъминлаш

Юридик техникум битирувчиларига давлат таълим стандартларига мувофиқ ўрта махсус профессионал таълимдаги йўналишлар, касблар ва мутахассисликлар бўйича малака даражаси кўрсатилган ҳолда, ўрта махсус профессионал таълим тўғрисида давлат намунасидаги диплом берилади.

Юридик техникумни тамомлаган ўқувчи республика миқёсида малака талабларига биноан ўрта махсус юридик маълумот зарурати мавжуд бўлган давлат органлари ва ташкилотларида, шу жумладан:

▫️Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг ҳудудий тузилмалари;

▫️Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг ҳудудий органлари;

▫️ нотариал идоралар, адвокатлик тузилмалари ва шу каби қатор идораларнинг умумий штат бирликлари сони доирасида вакант лавозимларга ишга кириш бўйича танловда белгиланган тартибда иштирок этиш мумкин.

Юридик техникум битирувчилари эгаллаши мумкин бўлган лавозимлар сони 90 дан ортиқни ташкил этади. Ушбу лавозимлар билан Қонунчилик маълумотлари миллий базаси www.lex.uz да танишиш мумкин.

2019/2020 ўқув йилида юридик техникумларини (собиқ юридик коллежларни) 4364 нафар талаба битирган. Шундан, 1542 нафар (35,3%)битирувчиларнинг бандлиги таъминланган бўлиб, ишга жойлашиш бўйича энг юқори кўрсаткич Самарқанд вилояти юридик техникумида қайд этилган (575 нафар битирувчидан 498 нафари ёки 86,6%иш билан таъминланган).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?