1 мартга қадар 11 та, 1 октябргача яна 18 та давлат хизматлари хусусий секторга берилади
Фото: Президент матбуот хизмати
Йиғилишда бу йилдан туманларда сервисни ривожлантириш бўйича янгича ёндашув бўлиши айтилди.
Ҳудудларда 1 минг 156 та «драйвер» лойиҳа танлаб олиниб, тасдиқланди. Бу лойиҳалар инфратузилмасига 1 триллион сўм бериладиган бўлди.
Бунинг ҳисобига тадбиркорлар билан биргаликда жорий йилда 72 та соҳил бўйи дам олиш масканларини ишга тушириш, 62 та истироҳат боғларини замонавий қиёфага келтириш, 154 та тун-у кун ишлайдиган туризм ва гастрономик кўчаларни ташкил қилиш, 364 та йўл бўйи ва бошқа сервис объектларини барпо қилиш режалаштирилган.
Магистраль ва маҳалла ички йўлларига катта эътибор берилмоқда. Лекин хизматлар ривожига катта туртки берадиган туманлараро йўллар масаласи очиқ қолмоқда.
Шу муносабат билан ҳокимликлар олдига 50 та туманлараро йўл инфратузилмасини яхшилаш вазифаси қўйилди.
Икки йил олдин савдо ва хизматлар соҳасидаги корхоналарга ижтимоий солиқ 1 фоиз қилиб белгиланди. Ўтган даврда корхоналар сони 1,5 карра ошиб, улардаги ишчилар 220 мингга кўпайди.
Муҳими, кўп корхоналар «соя»дан чиқиб, ойликни тўғри кўрсатишга ўтгани ҳисобига, иш ҳақи 3,2 карра кўпайиб, қўшимча 2,1 триллион сўм солиқ тушди.
Шу боис кўп тадбиркорлар имтиёз муддатини яна уч йилга узайтиришни сўрамоқда. Бу таклиф маъқулланиб, эндиликда имтиёз сервис корхоналарининг камида 3 миллион сўм ойлик оладиган 30 ёшгача бўлган ишчиларига қўлланиши белгиланди.
Ва аксинча, хуфиёна фаолият юритиб, «конвертда» ойлик тўлаётган тадбиркорлар устидан назорат кучайтирилади.
Қурилиш, савдо ва умумий овқатланиш корхоналарига ишчилар билан қисқа муддатли, соддалашган (кунбай, ишбай) меҳнат шартномасини тузишга рухсат берилади.
Сўнгги уч йилда 27 турдаги давлат хизматлари хусусий секторга берилди. Лекин вазирликларда бу йўналишда ҳали қилинадиган ишлар жуда кўплиги кўрсатиб ўтилди.
Масалан, Давактив агентлиги риэлтор ва баҳоловчини имтиҳондан ўтказиш, тоифа беришни, Туризм қўмитаси гидларга малака сертификати бериш хизматини, Агросаноат инспекцияси қишлоқ хўжалиги ва махсус техникаларни мажбурий кўрикдан ўтказишни хусусий секторга бериши мумкинлиги таъкидланди. Бошқа вазирлик ва идораларда ҳам тадбиркорлар бемалол қила оладиган хизматлар жуда кўп.
Шу муносабат билан мутасаддиларга 1 мартга қадар 11 та, 1 октябргача яна 18 та давлат хизматини хусусий секторга бериш чораларини кўриш топширилди.
Ҳар бир вазирликка ўз тизимидаги қайси хизматни хусусий секторга, жумладан аутсорсингга бериш ва янги хизматларни жорий қилиш мумкинлиги бўйича таклиф тайёрлаш топширилди. Бу борада Рақобат қўмитасининг масъулияти белгиланди.
Тадбиркорларда ер участкалари ва давлат мулкини ижарага олиш ёки хусусийлаштириш шартлари бўйича саволлар кўплиги боис, бу борада очиқ, шаффоф, манфаатли шартларни ишлаб чиқиш ва эълон қилиш вазифаси қўйилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Лўлилар фақат тиланчими?...” Улар яшаётган маҳалладан фоторепортаж
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
- Янгиланаётган Марказий Осиё: бирлик, дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи
- «Адабиёт ва ҳаёт»: Султонбой Деҳқоновнинг шахсий фотокўргазмаси очилди (+фоторепортаж)
- Ногиронлиги бўлган фуқароларга 30 млн сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг