Касби туманида номаълум махлуқ қўй ва паррандаларни бўғизлаб кетаётгани ростми?
Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятининг Касби туманидаги «Қоратепа» МФЙ ҳудудида номаълум махлуқ пайдо бўлиб, қўй ва паррандаларни бўғизлаб кетаётгани, 9 та хонадондаги 30 бош қўй жароҳатлангани ҳақида хабарлар тарқалди. «Халқ сўзи» мухбири вазиятни ўрганди.
Ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида «Қоратепа» МФЙ раиси Ҳотам Холматов билан боғландик.
«Касбида махлуқ пайдо бўлибди, деган фикрлар ғирт ёлғон, уйдирма, шов-шув кўтариш учун ўйлаб топилган сохта ахборотлардир. Аслида маҳалламиз ҳудудидаги «Шукрона» кўчасида истиқомат қилувчи Шавкат Чориев хонадонида қўйнинг қўзисини дайди итлар талаб кетишган. Қўй ҳам жароҳат кўрган. Бу ҳақда Шавкат Чориевнинг (Тошкентга ишга кетган) рафиқаси – Шамсия Набиева бизга хабар берди. Биз тезда бориб, қўйни сўйдик ва гўштини кўмиб ташладик. Бор-йўғи шу», деди Холматов.
Ҳ. Холматовнинг қўшимча қилишига кўра, дайди итларни йўқ қилиш мақсадида тумандаги ветеринария бўлимига хат юборилган. Маҳаллада 3980 нафар аҳоли яшайди, 750 хонадон мавжуд. Шов-шувга ўч блогерлар томонидан тарқатилган бу хабарнинг ҳеч қандай асосга эга эмаслиги, ваҳимага берилмаслик борасида аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Фахриддин Бозоров,
«Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саккизта гол урилган ўйинда “Барселона” ғалаба қозонди
- “Башакшеҳир” Туркиянинг гранд клуби билан дуранг ўйнади
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- Германияда ўқувчилар ҳарбий чақирувга қарши намойишга чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг