«Ёш «оқ бўрилар» Осиёда тенгсиз эканлигини исботлади»: Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасининг чемпионлиги хориж нашрлари нигоҳида

Кеча, 20 апрель куни Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Осиё кубоги финалида мусобақа мезбони ҳисобланган Саудия Арабистони терма жамоаси устидан 2:0 ҳисобида ғалаба қозониб, турнир чемпионлигини қўлга киритди. Аҳамиятлиси шундаки, финал баҳсида икки киши кам бўлиб қолган футболчиларимиз ирода намойиш этиб, кубок соҳибига айланишди.
Бир қанча хориж нашрлари терма жамоамизнинг нафақат финал, балки бутун турнир давомидаги ўйинларини ижобий фикрлар билан ёритиб борди.
Жумладан, ФИФА ўзининг расмий сайтида Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасининг Осиё чемпионлигини қўлга киритганлиги ҳақида ёзди.
«ОФК U-17 Осиё Кубоги жуда драматик тарзда якунланди. 9 нафар футболчи билан қолган Ўзбекистон Саудия Арабистонини мағлуб этиб, иккинчи марта қитъа чемпионига айланди. Ажабланарлиси шундаки, ёш «оқ бўрилар» жамоаси биринчи бўлим охирида иккита қизил карточка сабаб 9 киши бўлиб қолди. Аммо бу ҳолат жамоанинг руҳини синдира олмади ҳамда якунда чемпионликка эришди.
Шу тариқа, Ўзбекистон терма жамоаси сўнгги саккиз қитъа чемпионатининг еттисида камида чорак финалга чиққан ва 2023 йилда Индонезияда ўтказилган U-17 Жаҳон чемпионатида ҳам шундай натижа қайд этган эди», — дейилади ФИФА расмий сайтида эълон қилинган хабарда.
Шунингдек, Осиё футбол конфедерацияси президенти Шайх Салмон бин Иброҳим Ал-Халифа ҳам Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасининг Осиё кубогида ғолибликни қўлга киритгани муносабати билан Ўзбекистон футбол ассоциацияси президенти Баҳодир Қурбонов номига табрик йўллади.
«Саудия Арабистонида бўлиб ўтган 17 ёшгача футболчилар ўртасидаги Осиё кубогида ғолибликни қўлга киритганингиз билан сизни ва Ўзбекистон футбол оиласини чин қалбимдан табриклашдан мамнунман. Ўзбекистоннинг мусобақа давомида кўрсатган ажойиб ўйинлари юртингизда футболни ривожлантириш ва оммалаштириш йўлида амалга оширилган меҳнат ва саъй-ҳаракатларидан далолатдир.
Бош мураббий Ислом Исмоилов ва бутун жамоага турнир давомида намойиш этган ёрқин ўйинлари учун миннатдорчилик билдираман ва ФИФА U-17 Жаҳон чемпионатида ҳам муваффақият тилайман. Ўзбекистон футбол жамоатчилигига эса келгуси фаолиятида зафарлар тилайман», — дейилади ОФК президентининг табригида.
МДҲ давлатларининг спорт соҳасидаги янгиликларини ёритиб борувчи «Sports.tj» нашри ўзининг «Facebook»даги саҳифасида жамоамиз футболчиларининг хурсандчилиги акс этган видеолавҳани улашди.
«Майдондаги қанча қийинчилик ҳамда омадсизликларга қарамай, Ўзбек футболчилари ғалабани тортиб олишди. Ўзбекистонлик ёш футболчилар чемпионликни муносиб равишда нишонлашлари керак», — дейилади хабарда.
Саудия Арабистонининг «Arab News» нашри финал баҳсида ўзбекистонлик футболчиларнинг икки киши кам бўлиб ҳам ғалабага эришгани ҳақида хабар эълон қилди.
«Якшанба куни U-17 Осиё Кубоги финалида Саудия Арабистони Ўзбекистонга 2:0 ҳисобида мағлуб бўлди. Биринчи бўлимда ғолиблар сафида икки футболчи қизил карточка олди. Йигитлар ирода намойиш этиб, кутилмаган тарзда иккинчи бўлимда иккита гол уришга муваффақ бўлди ҳамда 2012 йилдаги каби, иккинчи бора қитъа биринчилигида ғолиб бўлишди.
Чорак финалда Японияни, ярим финалда Жанубий Кореяни ортда қолдирган мезбонлар учун ҳақиқий синов финал баҳсида содир бўлди. Балки мезбон футболчилар қийин жамоаларга қарши ўйнагани учун бироз чарчоқ бўлгандир. Бу унчалик муҳим эмасди, чунки биринчи бўлим тугаши арафасида Ўзбекистон терма жамоасининг икки футболчиси майдондан четлатилганди. Бу ҳолат мезбонлар учун қулай имконият яратганди.
Танаффус вақтида Саудия Арабистони футболчилари ғалабага эришадигандек туйилди. Иккинчи бўлим ақл бовар қилмайдиган даражада старт олди. Ўзбекистонликлар бўлим бошиданоқ ҳужумга ўтиб, қийин вазиятдан чиқиш учун имкониятлар ярата олишди.
Саудия Арабистони ўйинга қайтиш учун ҳамма нарсани олдинга ташлади, аммо якунда Ўзбекистоннинг ишончли ҳимоясидан ўтиш йўлини топа олмади. Мезбонлар учун имконият бор, чунки улар шу йил охирида Қатарда бўлиб ўтадиган U-17 Жаҳон чемпионатида иштирок этади», — дейилади «Arab News» нашри хабарида.
Қозоғистоннинг «Nur.kz» нашри ҳам Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасининг Осиё кубогидаги иштироки ҳақида хабар чоп этди.
«Ўзбекистонлик ёш футболчилар бошқа тенгдош рақибларидан устун эканлигини исботлашди. Биринчи бўлимдаёқ икки киши кам бўлиб қолган терма жамоа вакиллари иккинчи бўлимда умуман ўзгача ўйин намойиш этди. Ўзбекистон терма жамоаси ўз тарихида иккинчи марта ўсмирлар ўртасидаги Осиё кубогини қўлга киритди», — деб ёзган нашр.
Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи Исломбек Исмоилов Саудия Арабистонига қарши учрашув ҳамда чемпионлик хусусида ўз фикрларини билдирди.
«Аввало, Ўзбекистон халқига ғалаба муборак бўлсин. Бу ғалаба замирида жуда кўпчиликнинг меҳнати ётибди. Сўнгги йилларда юртбошимиз спортга, айниқса футболга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бунинг учун ташаккур айтамиз. Шунингдек, ЎФА раҳбарияти, Халқаро алоқалар ва Терма жамоалар бўлими ҳамда бизнинг жамоамиз учун меҳнати сингган ҳар бир инсонга миннатдорлик билдирамиз. Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан шу кунга қадар биз учун жуда кўплаб йиғинлар ташкил этилди, халқаро турнирларда иштирок этишимиз учун шароит яратиб берилди.
Ватанимиз доимо қаҳрамонлар, мард инсонлар юрти бўлган. Буни футболчиларимиз яна бир бор майдонда кўрсатиб беришди. Фантастик ўйин бўлди, бу жасорат, матонат намунаси. Йигитларга раҳмат айтаман, улар имконсиз вазифани бажаришди. Ҳиссиётларимизни сўз билан таърифлаб бўлмайди. Олдимизда янада муҳим турнир бизни кутмоқда. Жаҳон чемпионатида ҳам юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қиламиз», — дейди мутахассис.
Ислом Исмоилов бошчилигидаги Ўзбекистон U-17 терма жамоаси турнирнинг гуруҳ босқичида дастлаб Таиландни 4:1 ҳисобида мағлуб этган, иккинчи турда эса Хитой устидан 2:1 ҳисобида иродали ғалабага эришиб, гуруҳ босқичи ва жаҳон чемпионати йўлланмасини ҳал қилган эди. Учинчи турда мезбон Саудия Арабистонига қарши расмиятчилик учун ўтказилган ўйинда ҳам 3:0 ҳисобида ғолиб бўлган. Плей-офф босқичида эса аввалига БАА 3:1 ҳисобида таслим этилди, яримфиналда эса КХДР дарвозасига жавобсиз 3 та тўп киритилди.
Терма жамоамиз турнирнинг гуруҳ босқичини 100 фоизлик натижа билан якунлаган ҳамда жорий йилнинг 3–27 ноябр кунлари ўтказиладиган жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритган. Қатар яшил майдонларида ўтказиладиган Жаҳон чемпионатида Индонезия, Япония, КХДР, Корея Республикаси, Саудия Арабистони, Тожикистон, Бирлашган Араб Амирликлари ҳамда мезбон Қатар терма жамоаси Осиё қитъаси шарафини ҳимоя қилади.
Маълумот учун, Ўзбекистон ёшлар футболи сўнгги 11 йил мобайнида қатор ютуқларга эришди.
2014-2025 йилларда U-17, U-20 ва U-23 тоифаларида 5 мартадан Осиё чемпионатлари ўтказилди. Бу даврда ҳар бир ёш тоифасидаги терма жамоамиз бир мартадан чемпионликни қўлга киритди.
- Ўзбекистон U-17: 4 та иштирок, 2 чорак финал, 1 ярим финал ва 1 чемпионлик;
- Ўзбекистон U-20: 4 та иштирок, 2 чорак финал, 1 ярим финал ва 1 чемпионлик;
- Ўзбекистон U-23: 5 та иштирок, 1 марта гуруҳ босқичи, 1 ярим финал, 2 финал ва 1 чемпионликни расмийлаштиришган.
Отабек САИДАҲМАДОВ
«Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Ўзбекистон паспорти халқаро индексда паст натижа қайд этди
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг