«Устимдан асоссиз ариза берилган». Расул Кушербаев Янгийўл туман ИИБда асоссиз ушлаб турилганини айтмоқда

18:54 20 Апрель 2025 Жамият
356 0

Видеодан кадр

Экология вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаев Янгийўл тумани ички ишлар бўлимига чақирилгани, иш учун аҳамияти бўлмаса-да мобиль телефони олиб қўйилганини билдириб, Telegram каналида мурожаат эълон қилди.

Унинг маълум қилишича, кеча, 19 апрель куни маслаҳатлашиш «баҳонасида» Янгийўл тумани Ички ишлар бўлимига чақирилган ва у ерда бир неча соат ушлаб турилган.

«Яшаш жойим ҳам, пропискам ҳам Янгийўлда эмас. Бироқ нега Янгийўл ИИБ бу иш билан шуғулланаётгани тушунарсиз. Тўғриси, мен бу ишларни тушунмаяпман», дея Ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатовдан тушунтириш сўраган Кушербаев.

Унинг қўшимча қилишича, барчасига устидан «асоссиз» ариза берилгани сабаб бўлмоқда.

«Яна бир жиҳати, шу кунларда ҳатто қўшниларимдан ҳам ИИБ ходимларининг мен ҳақимда яширин ва шубҳали суриштирувлар олиб боришаётгани, маълумотлар тўплашаётгани ҳам тушунарсиз», деб ёзган Экология вазири маслаҳатчиси.

Мазкур мурожаат жамоатчилик муҳокамаларига сабаб бўлиб, турлича талқин қилина бошлагач, Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизмати раҳбари Бобур Тўлаганов ҳолат юзасидан расмий изоҳ берди.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 19 апрель куни фуқаро Р.Ф. Янгийўл тумани ИИБга киритган шикоят аризасида, Экология вазирининг маслаҳатчиси Расул Кушербаев, унга нисбатан ижтимоий тармоқлар орқали шахсни шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда ҳақорат қилувчи маълумотлар тарқатганлигини баён қилган.

«Ушбу иш доирасида ҳозирги вақтда терговга қадар текширув ишлари олиб борилаётганлиги муносабати билан, жорий йилнинг 19 апрель куни Р. Кушербаев қонунда белгиланган тартибга кўра, ИИБга чақиртирилган ва тегишли процессуал ҳаракатлар амалга оширилди.

Жиноят-процессуал кодексининг 157, 159-моддаларига асосан терговга қадар текширувни ҳар томонлама тўлиқ ва сифатли олиб борилишини таъминлаш ҳамда аризачи баён этган ҳолатларга аниқлик киритиш учун тергов бўлинмаси томонидан қарор чиқарилиб, Р. Кушербaевга тегишли мобиль телефони вақтинча олиб қўйилган. Мазкур иш доирасида, процессуал ҳаракатлар давом эттирилмоқда», деб ёзади ИИББ матбуот котиби.

Шунингдек, Тўлаганов Кушербаев ва айрим жамоатчилик фаоллари томонидан тарқатилаётган гўёки асоссиз ариза бўйича ушлаб турилиши, мобиль телефоннинг аҳамиятсиз олиб қўйилиши ёки қандайдир алоҳида суриштирувлар олиб борилаётгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатдан йироқ эканлигини таъкидлаган.

Билдирилишича, фуқаронинг аризаси тегишли қонун ҳужжатларига кўра, тўлиқ текширилиши ва ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади. Шу билан бирга, ҳар бир процессуал ҳаракатнинг асослилиги ва қонунийлиги устидан ўрнатилган тартибда шикоят келтирилиши ҳам мумкин.

«Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикасининг «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги, «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги ҳамда «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги қонунларга мувофиқ, жамоатчилик субъектларидан асоссиз маълумот тарқатмасликларини сўраймиз. Қонунлардаги ахборот тарқатиш юзасидан белгиланган талаблар барча учун мажбурийдир.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг фаолиятига аралашиш ва маълум бир мақсадда ишни кўриб чиқиш натижаларига, шу жумладан оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали таъсир қилишга уриниш, белгиланган тартибда жавобгарлик келтириб чиқаришини эслатиб ўтамиз», дейилади ИИББ хабарида.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?