Ўзбекистонда технопарклар фаолиятини ривожлантириш бўйича Корея тажрибаси асосида миллий стратегия ишлаб чиқилади

19:45 18 Апрель 2025 Жамият
254 0

Ўзбекистонда технопарклар фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида Корея Республикасининг илғор тажрибасига асосланган миллий стратегия ишлаб чиқилади. Ушбу ташаббус Кореянинг Фан ва технология сиёсати институти (STEPI) томонидан амалга оширилаётган К-Инновацион ҳамкорлик дастури доирасида ташқи беғараз кўмак маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Инновацион ривожланиш агентлиги директори Шароф Ражаббоев ва Кореянинг STEPI институти тадқиқотчилари, шунингдек, Геонгбук технопарки директори бошчилигидаги делегация иштирокида ўтказилган учрашувда лойиҳа расман бошлаб берилди.

2025–2027 йилларни қамраб олувчи лойиҳа доирасида Ўзбекистондаги технопарклар фаолиятини янада ривожлантириш, уларнинг самарадорлигини ошириш ҳамда Корея тажрибасига асосланган миллий стратегияни ишлаб чиқиш режалаштирилган. Шунингдек, технопарк ходимлари учун Корея Республикасида малака ошириш курслари ташкил этилади.

Инновацион ривожланиш агентлигининг Илм-фан ва инновацияларга инвестиция ва хорижий грантларни жалб қилиш бошқармаси бошлиғи Умиджон Ҳошимов ушбу лойиҳа ҳақида қуйидагиларни таъкидлади:

– Республикамиз ҳудудларида фаолият юритаётган 13 та Ёшлар Технопарки ва Тошкентдаги «Яшнобод» инновацион технопарки Инновацион ривожланиш агентлигига қарашли ҳисобланади. Бу технопаркларда робототехника, мехатроника, веб дастурлаш, 3D моделлаштириш каби кўплаб замонавий йўналишларда ўқув курслари ташкил этилган. Шу билан бирга, ёшларнинг стартап лойиҳаларини ривожлантириш ва амалиётга татбиқ этиш учун «FabLab» лабораториялари фаолият юритмоқда. Энди эса бизнинг асосий вазифамиз – технопаркларда талаб ва таклиф мувозанатини таъминлаш, бозор механизмларини жорий қилиш орқали уларни даромадли фаолиятга йўналтиришдир. Мазкур лойиҳа айнан шу мақсадни кўзлайди.

Лойиҳа доирасида Корея Республикасининг фан ва технология сиёсатини ривожлантиришдаги ёндашувлари ва моделларини ўрганиб, уларни маҳаллий шароитларга мослаштириш орқали технопарклар фаолиятини такомиллаштириш назарда тутилган. Бу эса нафақат технопарклар томонидан кўрсатиладиган хизматларнинг сифатини ошириш, балки уларни ёшлар учун янада жозибадор ва самарали қилиш имконини беради.

Маълумот учун, К-Инновацион ҳамкорлик дастури 2014 йилда STEPI томонидан Корея ва ривожланаётган давлатлар ўртасида фан, технология ва инновациялар соҳасида ҳамкорликни кучайтириш мақсадида йўлга қўйилган. Ўзбекистон ушбу дастур доирасида илк бор ғолибликни қўлга киритди.

Эслатиб ўтамиз, STEPI (Фан ва технология сиёсати институти) 1987 йилда ташкил этилган бўлиб, Корея ҳукумати томонидан молиялаштириладиган етакчи илмий-тадқиқот муассасаларидан бири ҳисобланади. Институтнинг асосий вазифаси – фан, технология ва инновациялар соҳаларида сиёсий тадқиқотлар олиб бориш ва миллий ҳамда глобал рақобатбардошликни оширишга хизмат қилишдир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?