Зулфияхоним қизи эканимдан фахрланаман

14:10 04 Март 2025 Жамият
152 0

Муҳтарам Президентимизнинг: «Қизларингизни ўқитинг, орзу-умидларини рўёбга чиқаришларида уларга кўмакдош бўлинг! Улуғларимиз айтганларидек, ўғил болани ўқитсак, бир киши саводли бўлади. Қиз болани ўқитсак, бутун оила, бутун жамият билимли бўлади» деган пурмаъно фикрлари жуда ўринли эканлигини ўз ҳаётимда кўриб турибман. Оилада аёл ўқимишли бўлса, фарзандлари ҳам ўқимишли, зиёли бўлади, уларнинг камолоти учун қайғуради, ғамхўрлик қилади. Керак пайтида ёрдам беради, йўналтиради, қўллаб-қувватлайди.

Болаликдан мумтоз санъатимизга қизиқиб, Қувасой шаҳрида ташкил этилган мусиқа тўгаракларида илк қадамларни ташлаган эдим. Устозлар кўмагида асрлар мобайнида сайқалланиб келаётган катта ашула, мақом қўшиқларини ўрганиш асносида бу борадаги қизиқишларим янада юксалди. Шу тариқа мумтоз санъатимизни дунё миқёсида янада кенг тарғиб этиш асосий мақсадимга айланди. Ўтган йиллар давомида жаҳон мумтоз санъати намуналарини ижро этиш орқали халқаро миқёсда ўтказиб келинаётган танловларда совриндор бўлиб келмоқдаман. Ўз навбатида мамлакатимизда ёшлар учун яратилаётган кенг имкониятлардан фойдаланиб, анъанавий хонандалик йўналишида республика кўрик-танловлари ва фестивалларида кўп бора ғолиб бўлиш бахти насиб этди.

2022 йили «Ниҳол» мукофоти совриндори, 2023 йилда «Ўн икки мақомнинг илмий тарихи ва Ислом дини билан боғлиқлик жиҳатлари» мавзусидаги илмий мақолаларим учун халқаро сертификатларни қўлга киритдим. Бу илмий соҳадаги изланишларимни давом эттириш учун рағбат бўлди.

2024 йили Қорақалпоғистоннинг Бўзатов туманида ўтказилган «Ёшлар овози» республика кўрик-танловининг ғолиби ҳамда халқаро санъат йўналиши бўйича «AL LIBITUM» кўрик-танловининг Гран при соҳибаси бўлдим. Республика ёш ижрочиларининг Жўрахон Султонов ва Маъмурхон Узоқов номидаги танловида иккинчи ўрин, «Ёшлар овози» танловида фахрли биринчи ўрин берилди.

Шунингдек, ўтган йили Юнус Ражабий номидаги Ўзбекистон Миллий мусиқа ва санъат институтининг анъанавий хонандалик йўналишини муваффақиятли тамомладим. Ҳозирда Қувасой шаҳар маданият бўлими тасарруфидаги 14-сонли маданият маркази тўгарак раҳбари сифатида фаолият кўрсатмоқдаман. Зулфияхоним қизи бўлганимдан фахрланаман.

Дурдона санъатимиз минг йиллардан буён дунё халқларининг ҳайратига сазовор бўлиб, боқий мерос сифатида қадр ва эъзоз топиб келаётгани бежиз эмас. Кейинги йилларда бу борада яратилаётган қулай шароитлар, янги истеъдодларни кашф этишга қаратилган эътибор ва рағбат ўзбек мумтоз санъати жаҳон ҳамжамиятида янада кенгроқ ҳурмат топишига хизмат қилади.

Лайлохон САЙНАЗАРОВА,

Қувасой шаҳар маданият бўлими тўгарак раҳбари.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?