Зиёратгоҳдан таралган зиё
Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Хожа Баҳоуддин Нақшбанд – нақшбандия тариқатининг асосчиси. У 1318 йилда Бухоронинг Қасри Ҳиндувон қишлоғида туғилган. Хўжа Абдухолиқ Ғиждувонийдан руҳий тарбия олган. Тариқатининг асосини «Кўнглинг Аллоҳда, қўлинг ишда бўлсин!» шиори ҳамда ўн бир қоида ташкил этади. 1389 йилда вафот қилган.
– Зиёратгоҳга келганимда руҳим енгил тортади, – дейди саксон етти ёшли Раҳмат Абдуллаев. — Қадамжодаги ободончилик ишларини кўриб суюнаман. Хайрли ишлар бошида турган Президентимиз ҳақига дуо қиламан. Зиёратгоҳнинг аввалги ҳолати билан ҳозирги қиёфасини хаёлан таққослаб, кўнглимда шукроналик ҳисси уйғонади. Эсимда, шўро тузумида бу муқаддас жой хароб аҳволда эди. Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд қабрлари, Шоҳлар хилхонаси, масжид, муқаддас сув сақланадиган сақохона, хонақолар нураб қолган, не-не зотларга сўнгги макон бўлган бу манзил қамишзору юлғунзорга айланганди.
Ўша кезларда қадамжодаги нохуш манзарани кўрган зиёратчиларнинг кўнгили қабрдек чўкиб ортга қайтарди. Шукрки, у кунлар ўтмишда қолди. Бугун Раҳмат бобо каби нуроний отахонлар невараларига Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанднинг маърифат, маънавият, иймон-эътиқод ҳақидаги ўгитларини айтиб, уларни меҳр-оқибатли бўлишга, эзгу ишларнинг этагидан тутишга даъват этмоқда. «Кўнглинг Аллоҳда, қўлинг—меҳнатда бўлсин» деган ҳикматни ёшларимиз онгу шуурига сингдирмоқда...
– Мажмуада ободончилик, қурилиш, таъмирлаш ишлари истиқлолимизнинг дастлабки йилларидан бошланди, – дейди Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси маркази раиси Ф.Аминов. – Чунончи, 2003 йилда «Боби Ислом» дарвозаси қурилди. Ҳазрат дафн қилинган жой билан ул зотнинг оналари мангу қўним топган гўша йўлак билан бирлаштирилиб, яхлит мажмуа шаклига келтирилди. Анжуманлар зали, илмий марказ, меҳмонхона ва таҳоратхоналар қурилди. Ён-атрофда боғ-роғлар барпо этилди. 1993 йилда Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 675 йиллиги, 2003 йилда 685 йиллиги халқаро миқёсда кенг нишонланди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бу ердаги бунёдкорлик ишлари янги босқичга кўтарилди.
Ўрганишлар кўрсатдики, қадимда Дарвозаи Тоқи Миёна дарвозаси зиёратгоҳнинг асосий кириш қисми саналган. У Абдуллахон II ( 1534-1598) даврида бунёд этилган. Ҳозирги кунда иншоот қайта тикланди. Натижада юз йилдан сўнг у яна зиёратчилар учун хизмат қила бошлади. Бундан ташқари, Дониёлбий Оталиқ томонидан барпо этилган мадраса ва мақбаралар бўлган. Улар кўнгилни, дилни тортадиган маъносини англатувчи «Диловар» дарвозасига уйғун тарзда қурилган. Афсуски, мадраса ўтган асрнинг 30 – йилларида батамом вайрон қилинган. Унинг бизгача етиб келган пойдевори археологлар томонидан аниқланди. Сақланиб қолган эски фотосуратлар, чизмалар, вақф ҳужжатлари ўрганилди. Улар асосида ушбу иншоотлар янгидан барпо этилмоқда. Мажмуа ҳудудида 100 нафар зиёратчига мўлжалланган таҳоратхона, Тасаввуф ва Нақшбандия таълимоти музейи, автомобиллар тўхташ жойи қурилди. Миллий услубда янги дарвоза тикланди. Баҳоуддин Нақшбанд даҳмасига олиб борадиган йўлаклар ва Даҳмаи Шоҳон деворлари таъмирланди.
Етти пир зиёратгоҳидан бири саналган бу гўша нафақат юртдошларимиз, балки бутун дунё мусулмонлари учун ҳам табаррук маскандир. Индонезия, Покистон, Малайзия, Туркия сингари қатор давлатлардан келган фуқароларнинг буюк аждодимиз мангу қўним топган қадамжони зиёрат қилаётгани шундан далолат беради. Мажмуа европалик сайёҳларда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда.
– Юртингиздаги тозалик, ободлик, мусаффо осмон, тарихий обидалар, чеҳраси очиқ одамлар, тансиқ таомлар ҳақида бир дўстимга ёзиб юборгандим. Унда Ўзбекистон айнан, Бухорони томоша қилиш истаги туғилди, – дейди англиялик сайёҳ Каролин Эзбек. – Биз бу ерда тасаввуф тарихи, Нақшбандия тариқати тўғрисида ҳам кўпгина маълумотларга эга бўлдик. Миллий ва диний қадриятларни кўз қорачиғидек асраб-авайлаб келаётган халқингизга тасанно айтаман.
...Ён-атрофга назар ташлаймиз. Қадамжо тонг саҳардан зиёратчилар ва хорижлик сайёҳлар билан гавжум. Қулоққа нафақат ўзимизнинг Фарғона водийси-ю Хоразм лаҳжаси, балки япон, корейс, инглиз, немис, француз, араб тилларидаги сўзлар ҳам чалинади. Бунинг сира ажабланарли жойи йўқ. Негаки, Нақшбандия таълимоти замирида миллати, дини, тилидан қатъи назар, инсонни азиз билиш, одамлар кўнглига меҳр-шафқат, мурувват уруғини сочиш, эҳтиёжмандларга ёрдам қўлини чўзиш, улар қалбида эртанги кунга умид уйғотиш сингари олижаноб мақсадлар ётади. Шу боисдан ҳам бу таълимот юракларга яқин. У ҳеч қачон завол топмайди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ватан ва виждон
- Актриса Ҳалима Ибрагимова 45 ёшида вафот этди
- Алишер Усмонов янги лавозимга сайланди
- Сирдарёда Тўра Сулаймон уй-музейи очилди
- Бош прокуратура музейига ноёб экспонатлар киритилди
- Ўзбек полвонлари кураш бўйича Жаҳон чемпионатида 72 та медаль билан биринчи ўринни эгаллади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг