Шавкат Мирзиёевнинг МО давлатлари раҳбарларининг VII Маслаҳат учрашувидаги нутқи

13:10 16 Ноябрь 2025 Сиёсат
129 0

Видеодан кадр

Ҳурматли давлат раҳбарлари!

Ҳурматли саммит иштирокчилари!

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувида сизларни самимий қутлайман.

Ўзбекистон заминига хуш келибсиз!

Бугун бизнинг қардош халқларимиз учун ҳақиқатан ҳам тарихий кун. Биз Озарбайжон Республикасини Маслаҳат учрашувларимиз форматига тўла ҳуқуқли аъзо сифатида қабул қилиш тўғрисида принципиал қарор қабул қилмоқдамиз. 

Ушбу стратегик қадам умумий тарих, қардошлик ришталари, маънавий ва маданий яқинлик билан узвий боғланган халқларимиз манфаатларига тўлиқ жавоб беради.

Мен қатъий ишонаманки, қардош Озарбайжоннинг қўшилиши Маслаҳат учрашувларимизга кучли шиддат беради, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, барқарор тараққиёт масалалари бўйича ҳамжиҳатликда қарорлар ишлаб чиқиш учун янги уфқларни очади.

Моҳиятан биз Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасида мустаҳкам кўприк барпо этмоқдамиз, ҳамкорликнинг ягона маконини шакллантиришга йўл очмоқдамиз. Бу икки минтақанинг стратегик боғлиқлиги
ва барқарорлигини кучайтириши шубҳасиз.

Ушбу муҳим қарор қабул қилингани учун барча ҳурматли ҳамкасбларимга самимий миннатдорлик билдираман ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Гейдарович Алиевни Маслаҳат учрашувларимиз форматига тўла ҳуқуқли иштирокчи бўлиб қўшилгани билан табриклайман.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Каха Имнадзе жанобларини ушбу тарихий саммитимиздаги иштироки билан қутлаймиз.

Бугун мана шундай жўшқин муҳитда ҳамкорлигимизни янада ривожлантириш бўйича сизлар билан атрофлича фикрлашиб, муҳим қарорлар қабул қиламиз, деб ишонаман. 

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!

Қадрли дўстлар!

Биз илк учрашувимиздан буён ўтган қисқа даврда жуда катта, аҳамиятига кўра тарихий йўлни босиб ўтдик. Очиқ мулоқот ва биргаликдаги фаол саъй-ҳаракатларимиз натижасида минтақамиз учун долзарб бўлган қатор муаммоларга самарали ечимлар топишга муваффақ бўлдик. 

Ҳудудий масалалар узил-кесил ҳал этилди, чегара пунктлари очилди, сув-энергетика соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўлга қўйилди, транспорт алоқалари қайта тикланди, мамлакатларимиз ўртасида фаол савдо-инвестиция ва гуманитар алоқалар учун қулай шароит яратилди.

Бугунги кунда Марказий Осиё – бу барқарор ўсиш ва фаровонлик учун олдимизда янги имкониятлар очаётган жадал тараққиёт ва самарали ҳамкорлик маконидир.

Минтақамиз жаҳон иқтисодиётига фаол интеграциялашмоқда: инвестициявий жозибадорлик ошмоқда, учинчи бозорларга экспорт имкониятлари кенгаймоқда, транзит салоҳияти ўсмоқда.

Ўтган йили мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 10,7 миллиард АҚШ долларига етди. Минтақамизга киритилган инвестициялар умумий ҳажми 17 фоизга кўпайди.

Мамлакатларимиз хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш масалалари, терроризм ва экстремизм таҳдидлари, трансчегаравий жиноятчиликка қарши курашиш борасида тизимли чора-тадбирларни кўрмоқда.

Ҳамжиҳатлик ва умумий тараққиёт сари интилишнинг кучайиши Марказий Осиёнинг халқаро муносабатлар субъекти сифатидаги мақомини мустаҳкамлаш ва глобал миқёсдаги ролини оширишга хизмат қилмоқда. 

“Марказий Осиё плюс” форматидаги муносабатлар кучайди. Минтақамиз нуфузли халқаро майдонларда ягона позицияни намоён этмоқда.

Форматимизга Озарбайжоннинг қўшилиши билан минтақамизнинг дунё ҳамжамиятидаги овози янада кўпроқ аҳамиятга эга бўлиши шубҳасиз.

Ҳурматли ҳамкасблар!

Ўзбекистоннинг раислиги даврида ҳамкорлигимиз салоҳиятини янада ошириш мақсадида 20 дан ортиқ йирик тадбирлар ўтказилди.

Бош вазир ўринбосарлари даражасида минтақалараро ҳамкорлик форуми иши йўлга қўйилди, илк бор мудофаа идоралари, махсус хизматлар раҳбарлари, шунингдек, геология, саноат, қишлоқ хўжалиги, экология ва маданият вазирлари йиғилишлари ўтказилди. Тошкентда Марказий Осиё давлатлари етакчи аёллари мулоқотини муваффақиятли ўтказдик.

Буларнинг барчаси минтақавий шерикликнинг институционал асослари ва механизмлари тизимли равишда кенгайиб бораётганидан яққол далолат беради.

Фурсатдан фойдаланиб, яқинда ЮНЕСКО Бош конференциясининг илк бор минтақамизда – Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган тарихий 43-сессияси муваффақиятли ўтишида қўллаб-қувватлаганингиз учун барчангизга миннатдорлик билдираман.

Ҳеч шубҳасиз, ушбу ноёб воқеа Марказий Осиёнинг ишончли ва аҳамиятли шерик сифатидаги имижининг яна бир тасдиғидир.

Ҳурматли ҳамкасблар!

Мураккаб ва олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган халқаро-сиёсий жараёнлар шароитида ўзаро ҳамжиҳатлигимиз ва бир-биримизни қўллаб-қувватлашни кучайтириш алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Ишончим комилки, бугун биз минтақамизнинг Янги Марказий Осиё сифатидаги тарихий уйғониш даври остонасида турибмиз.

Биз ҳамкорлигимизнинг институционал асосларини янада мустаҳкамлаш, хавфсизлик ва барқарор тараққиётга нисбатан таҳдидларга ўзаро мувофиқлаштирилган жавобни ишлаб чиқишни ўз олдимизга вазифа қилиб қўйганмиз.

Биз учун ҳозирнинг ўзида минтақамизни бундан 10-20 йилдан кейин қандай кўришни хоҳлашимиз бўйича аниқ тушунчага эга бўлиш муҳимдир. 

Шу муносабат билан қатор таклифларни илгари сурмоқчиман.

Биринчидан, ҳамкорлик механизмлари ва шартномавий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш принципиал аҳамиятга эгадир.

Учрашувларимизни минтақавий мулоқотнинг маслаҳат шаклидан “Марказий Осиё ҳамжамияти” стратегик форматига айлантиришни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. 

Ушбу мақсад йўлида форматимиз институционал ва ташкилий асосларини изчил мустаҳкамлашни назарда тутадиган Маслаҳат учрашувлари тўғрисидаги низомни ишлаб чиқиш, ротация асосида фаолият юритадиган Котибиятни таъсис этиш, миллий мувофиқлаштирувчилар мақомини Президентларнинг махсус вакиллари даражасига кўтаришни таклиф этамиз.

Бундан ташқари, халқ дипломатияси соҳасидаги қадрият ва анъаналаримизга таянган ҳолда, бой ҳаётий тажриба ва обрў-эътиборга эга жамоат арбобларидан иборат Оқсоқоллар кенгашини тузишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз. Бу мамлакатларимизда авлодлар ўртасидаги алоқаларни кучайтириш, шунингдек, умумминтақавий ҳамжиҳатлик ва ўзига хосликни мустаҳкамлашга хизмат қилади, деб ўйлаймиз.

Иккинчидан, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янги сифат босқичига кўтариш устувор вазифа бўлиб қолмоқда.

Минтақа мамлакатларининг ўзаро савдоси ва умумий ташқи савдо айланмаси салоҳияти ўрта истиқболда улар ҳажмларини камида 1,5-2 баробар ошириш имконини беради.

Маъмурий тўсиқларга барҳам бериш, солиқ ва божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш, эркин иқтисодий ва саноат зоналаридан биргаликда фойдаланиш бўйича чора-тадбирларни кўриш вақти аллақачон етган, деб ҳисоблайман. 

Бизнинг нуқтаи назаримизда, юқорида кўрсатиб ўтилган барча масалаларни қамраб оладиган, савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича 2035 йилгача бўлган даврга мўлжалланган кенг қамровли минтақавий дастурни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш савдо ҳажмларини сезиларли даражада ошириш учун қулай шароит яратиш имконини беради.

Яқин истиқболда умумий инвестиция макони тўғрисидаги декларацияни қабул қилишни айниқса муҳим, деб ҳисоблаймиз. Бу бизнинг инвестиция сиёсатимизнинг умумий тамойилларини мустаҳкамлаш, инвесторлар ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳимоя қилишни таъминлаш, кенг минтақамизда ягона инвестиция муҳитини шакллантириш учун шарт-шароитлар яратиш имконини берган бўлар эди. 

Электрон савдо соҳасида салоҳият ва янги имкониятлардан фойдаланишни муҳим, деб ҳисоблаймиз. Турли ҳисоб-китобларга кўра, ушбу соҳанинг бозори фақат Марказий Осиёнинг ўзида яқин ўн йилликда 150 миллиард долларгача ўсиши мумкин.

Шу муносабат билан, бизнинг ёндашувларимизни уйғунлаштириш, виртуал савдо майдончалари ва ишончли рақамли тўлов тизимларини яратишни енгиллаштириш имконини берадиган Электрон тижоратни ривожлантириш бўйича қўшма чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ. 

Учинчидан, юқори технологияли минтақавий инфратузилмалар ва транспорт-логистика салоҳиятини биргаликда ривожлантириш минтақамиз келажаги учун муҳим аҳамиятга эга.

Электр станциялари ва узатиш тармоқлари, автомобиль ва темир йўллар, чегара орқали ўтказиш пунктлари, “яшил йўлаклар”, оптик-толали линиялар ва бошқа объектларни қуриш ва модернизация қилиш бўйича стратегик аҳамиятга эга бўлган умумминтақавий лойиҳаларни амалга ошириш учун саъй-ҳаракатларимизни бирлаштиришни таклиф этамиз. 

Биз минтақалараро транспорт боғлиқлигини мустаҳамлаш мақсадида, “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли, шунингдек, Трансафғон транспорт йўлаги қурилиши каби лойиҳаларга устувор аҳамият қаратамиз. 

Минтақамизни Европа мамлакатлари билан боғлайдиган Транскаспий йўлаклари бизнинг олдимизда катта имкониятлар эшигини очмоқда. 

Бу йўналишлардаги ишларни мувофиқлаштириш учун мамлакатларимиз бош вазирлари ўринбосарлари даражасида Инфратузилмани ривожлантириш бўйича кенгаш ташкил этиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.

Тўртинчидан, минтақамизнинг гуллаб-яшнаши ва фаровонлиги бевосита бизнинг минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларимизга боғлиқ. 

Бугун қабул қилинаётган Минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик концепцияси, шунингдек, Таҳдидлар ва хавфлар каталоги ушбу соҳадаги ҳамкорлигимиз самарадорлигини сезиларли даражада ошириш имконини беришига ишонаман.

Бутун минтақамиз хавфсизлиги ва барқарор тараққиётига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатадиган Афғонистондаги вазият алоҳида диққатимиз марказида бўлиши керак.

Биз қатъий ишонамизки, Афғонистонни инфратузилмавий, энергетика ва транспорт лойиҳаларимизга интеграцияси умумий минтақавий сиёсатимизнинг ажралмас қисмига айланиши лозим. 

Фурсатдан фойдаланиб, яқинда бўлиб ўтган “Фарғона тинчлик форуми”ни қўллаб-қувватлаганингиз учун сизларга алоҳида миннатдорлик изҳор этаман. Биз минтақамизда яқин мулоқот ва ўзаро ишонч руҳини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган ушбу экспертлик платформасини мунтазам ўтказиладиган халқаро анжуманга айлантириш тарафдоримиз.

Бешинчидан, экология, иқлим ва сув ресурслари тақчиллиги масалалари эътиборимиз марказида бўлиши лозим. 

Биринчи Самарқанд иқлим форумида Марказий Осиёни “яшил” ривожлантириш концепцияси тақдим этилган эди. Ушбу ҳужжат қабул қилинишини қўллаб-қувватлашингизга умид қиламиз.

Минтақада сув тақчиллиги тобора ўсиб бораётгани ва унинг барқарор ривожланишдаги салбий оқибатларини ҳисобга олиб, 2026-2036 йилларни “Марказий Осиёда сувдан оқилона фойдаланиш бўйича амалий ҳаракатлар ўн йиллиги” деб эълон қилишни таклиф этамиз.

Қўшни Афғонистонни Амударё ҳавзаси сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш бўйича минтақавий мулоқотга фаол жалб этишни муҳим, деб ҳисоблаймиз. 

Соҳа кадрларини профессионал тайёрлашга инвестиция жалб этмасдан туриб, сув ресурсларини самарали бошқариш имконсиз. Шу мақсадларда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти базасида Сув хўжалиги соҳасида компетенциялар минтақавий марказини ташкил этишни режалаштирганмиз. 

Сизларга маълумки, келгуси йилда мамлакатимизда Сувни тежаш бўйича бутунжаҳон форуми ўтказишни режа қилганмиз. Бу борада сизларнинг қўллаб-қувватлашингизга ва анжуманда фаол иштирок этишингизга умид қиламиз.

Ҳурматли саммит иштирокчилари!

Маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш биродар халқларимизнинг умумий интилишларига тўлиқ жавоб беради. 

Бизнинг минтақа минг йиллар давомида жаҳон цивилизацияси, буюк ғоялар яратиладиган, халқларни маданий ва маънавий жиҳатдан ўзаро бойитадиган марказлардан бири бўлиб келган. 

Кеча биз сизлар билан биргаликда Ислом цивилизацияси марказида бўлдик. Ушбу марказ илмий билимлар ва ғоялар яратиш, тадқиқотлар олиб бориш, умумий маданий-тарихий меросимизни оммалаштириш учун ноёб платформадир. 

Марказ ёшларимиз, уларнинг илмий ва маънавий юксалиши учун хизмат қиладиган масканга айланишига умид қиламиз.

Куни кеча Тошкентда маънавий мерос ва маърифатпарварлик ғояларига бағишланган биринчи Халқаро конгрессни ўтказдик. Бундай учрашувларни мунтазам ташкил этишни зарур, деб ҳисоблайман. Конгрессни ҳар йили, форматимизда раислик қилувчи мамлакатда ўтказиб боришни таклиф этамиз.

Шу ўринда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг минтақамиз таниқли олим ва мутафаккирларининг глобал маърифатпарварлик ривожига қўшган ҳиссасига бағишланган Махсус резолюциясини қабул қилиш борасида Ўзбекистоннинг ташаббусини қўллаб-қувватлашингизга умид қиламиз.

Бундан ташқари, Минтақавий илмий тадқиқотлар жамғармасини тузишни таклиф этамиз. Бу давлатлараро илмий лойиҳаларни молиялаштириш, академик ҳамжамиятни рағбатлантириш, минтақанинг интеллектуал салоҳиятини мустаҳкамлаш, шунингдек, мамлакатларимизнинг устувор ижтимоий-иқтисодий вазифаларини ҳал қилиш учун сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича имкониятларимизни кенгайтиришга хизмат қилган бўлар эди. 

Азиз дўстлар!

Бугун қабул қилинаётган ҳужжатлар ва илгари сурилган ташаббуслар замирида барчамиз учун умумий бўлган барқарор, хавфсиз ва гуллаб - яшнаган Марказий Осиёни барпо этиш мақсади мужассамдир. 

Алоҳида таъкидламоқчиман: бизнинг кучимиз – бирликда, муваффақият сари йўлимиз – дўстлик ва ҳамкорликда.

Фақат ҳамжиҳат бўлиб, ўзаро ҳурмат, бирдамлик ва стратегик ёндашувларга таяниб, эзгу мақсадларимизга эришишимиз мумкин.

Ҳурматли ҳамкасблар!

Сизларга бугунги очиқлик ва ишчанлик руҳидаги чиқишларингиз, илгари сурилган конструктив ғоялар ва аниқ ҳаракат режалари учун яна бир бор самимий миннатдорлик изҳор этаман.

Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон ва халқимиз шаънига, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар ҳамда кенгашдаги раислигимиз ҳақида билдирган самимий сўзларингиз учун барчангизга ташаккур айтаман. 

Ҳеч шубҳасиз, сизлар илгари сурган барча таклифларнинг амалга оширилиши Марказий Осиёда дўстлик, ўзаро ишонч ва ҳар томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшади.

Азиз дўстлар!

Фурсатдан фойдаланиб, Туркманистон Президенти, ҳурматли Сердар Гурбангулиевич Бердимуҳамедовни 2026 йилда, эндиликда янги – “Марказий Осиё ва Озарбайжон” форматида ўтадиган давлатлар раҳбарларининг Маслаҳат учрашувида раисликни қабул қилиб олгани билан чин дилдан табриклайман.

Биз Туркманистоннинг бўлажак раислиги давридаги саъй-ҳаракатларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрмиз ва бу йўлда Сизга катта ютуқлар тилаб қоламан. 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер