Зилҳа маҳалласининг Фарбонбибиси
Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Олтиариқ туманининг Қапчуғай қир-адирлари этагида сўлим Зилҳа қишлоғи жойлашган. Аҳолиси асосан деҳқончилик билан машғул. Қишлоқ ҳудуди бўйлаб ястаниб ётадиган қум барханлари Фарғона водийсида очиқ осмон остидаги табиий шифо маскани сифатида танилган.
«Зилҳа» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи 109 ёшли Шаҳрибону Тешабоева пиру бадавлат момо сифатида қишлоқдошларининг энг доно маслаҳатгўйи. Момонинг хотиралари бирда хурсандчилик улашса, бирда қайғули. Унинг болалиги ўтган асрнинг очарчилик, қаҳатчилик йилларига тўғри келди. Эсини танибдики, жамоа хўжалиги аъзоси бўлди. Меҳнатдан қўллари қаварди. Катта Фарғона каналини қазишда қатнашди.
Қишлоқнинг фронт ортида жонбозлик кўрсатган алп ўғлони Деҳқонбой Тешабоев билан оила қуриб, 3 ўғил ва 3 қизни тарбиялади. Ҳозирда 27 нафар набира ҳамда 50 дан зиёд чеваралар ардоғида умргузаронлик қилмоқда.
Шу кунларда момонинг хонадони янада гавжум. Шаҳрибону бувининг Президентимиз Фармонига кўра, «Шуҳрат» медали билан тақдирлангани Зилҳа бўйлаб яшин тезлигида тарқалди. Хушхабарни эшитган борки, онахонни йўқлаб, бир дуосини олиб кетмоқда. Бугун Фарғона вилояти ҳокими ушбу хонадонда бўлиб, табаррук ёшли ҳамюртимизнинг кўксига «Шуҳрат» медалини тақиб қўйди.
Самимий суҳбатда момо бундай эътибор ва рағбат учун давлатимиз раҳбарига энг эзгу тилакларини изҳор этиб, юрт тинчлиги ва халқимиз фаровонлиги учун дуога қўл очди.
— Хушхабарни эшитгандан буён онам ёш боладек севинади, гўё умрига яна умр қўшилгандек бўлди, — дейди момонинг кенжа фарзанди Маъруфжон Тешабоев. — Волидамиз хонадонимиз файзи, фариштаси. Оиламиз аъзолари байрамлар, турли тантаналарда ота ҳовлида йиғилсак, тўй бўлиб кетади. Шу боис бизга кўпчиликнинг ҳаваси келади.
Одатда, бахт тушунчасининг ўлчови кўп. Одам тинчгина ўтган бир куни, қорни тўқ, усти бутунлиги, бир қултум сувини хотиржам ичаётгани учун ҳам ўзини бахтли ҳис этиши мумкин.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг