“Журфак”даги жўмард жадид...”

12:52 31 Январь 2024 Маданият
370 0

Илм-фан фидойилари

(“Одамийлик сийрати. Бойбўта Дўстқораев замондошлари хотирасида” китобига сўнгсўз ўрнида)

Устозимиз Абдулла Орипов “Ҳаёт мендан аямади неъматларини”, дея эътироф этганидай, тақдирга шукроналар бўлсинки, бу сахий ва бағрикенг ҳаёт устоз ва муаллимлар бобида ҳам биздан меҳру карамини асло дариғ тутмади.

Биз ТошДУнинг (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети) журналистика факультетига ўқишга кирган 1974 йил — куз, қиш, баҳор, талабалик давримизнинг илк дамларию илк фасллари — ажиб ва бетакрор паллалар эди...

Авваламбор, “Тошкент давлат университети талабаси” деган жарангдор ва муҳташам номнинг ўзи чексиз ғурур бағишлар, кўнгиллар ёшлик сурурию орзу-ҳаваслар ила лиммо-лим саодатли кезларда, шундай завқу шавқ ва жўшқинлик билан гуруллаб ўқишга шўнғиб кетганимизни ҳам сезмай қолдик.

Университетнинг физика-математика факультети талабалар орасида “физмат” дейилар, биология — “биофак”, химия, география — “химфак” ва “географак” деб аталса, юридик факультети — “юрфак”, бизники эса “журфак” номи билан маълум ва машҳурлигини аста-секин билиб олдик. “Филфак” — филология факультети бизнинг тепамизда, бешинчи қаватда жойлашган бўлиб, у ерга кенг ва узун зинапоялар олиб чиқар, бу зинапоялардан ким биландир баланд-баланд гаплашиб, шовқин-сурон солиб тушиб келаётганида биринчи бор кўрганимиз — бизга кириш имтиҳонларидан олдин консультациявий машғулот ўтган домла Норбой Худойберганов бўлган. Кейин эса Озод домла, Озод Шарафиддиновни ҳам шу ерда кўриб, салом бериш бахтига муяссар бўлганимиздан бир неча кун теримизга сиғмай севиниб юрганмиз.

Гап шундаки, ўша кезларда Озод домла адабий жамоатчилик, айниқса, университет талабалари орасида чўрткесар ва ҳақгўй олим сифатида гап-сўз бўлиб турар, у кишининг жадидлар ижодиётидан тартиб бериб тайёрлаган “Тирик сатрлар” тўплами билан “Замон. Қалб. Поэзия” китоблари атрофидаги баҳс-мунозаралар ҳали ҳам давом этиб келарди.

Шеърият шайдолари бўлмиш биз, ҳаваскор талабалар учун ҳамма нарса жозиб ва қизиқарли эди. Устоз шоирларимиз Эркин ака, Абдулла акаларнинг шу даргоҳда таълим олганлари, айниқса, ўзгача завқ ва фахр бағишлар, Озод домла шу устозларимизнинг ҳақиқий устози, мард ва танти маслаҳатгўйи эканига ҳам кейинчалик ижодий ва ҳаётий ҳолатларда кўп маротаба гувоҳ бўлганмиз.

Биз ўқийдиган беш қаватли бинонинг узун, кенг ва ёруғ йўлаги тугаб, чап томон “журфак”, ўнг томон “филфак”ка чиқиладиган зинапоялар бошланадиган жойда — рўпарадаги деворни деярли бутунича эгаллаган, ҳозирги замон тили билан айтганда, катта “баннер” ўрнатилган бўлиб, унда журналистика факультетининг тарихию “таржимайи ҳоли” ҳақида батафсил маълумот ва рақамлар келтирилган эди. Баннерда бир талай фотосуратлар ҳам жойлаштирилган, чап томон — энг тепа қисмида “Бизнинг... стипендиантларимиз” деган катта-катта ёзувлар остидан Аҳмаджон Мелибоевнинг сурати, сурат тагида эса у кишининг исми-насаби, қачон ўқишга кирганию қачон битирганини билдирувчи саналар ёзилган эди. Ҳар кун дарсга келганимизда, биринчи бўлиб шу фотодевор бизни қарши олар, бир қур кўз ташлаб ўтаётганимизда, “ўқиш мана бунақа бўлади, билиб қўйларинг!” дегандай Аҳмаджон аканинг жиддий ва синчков сурати бизни кузатиб қўяётгандай туюларди.

Кунларимиз Тошкент елларидай елиб ўтар, завқу шавқ, шеърхонлик ва мушоиралар борасида бизнинг курсимиз ном қозониб борар, дарс ва машғулотлар давомида домлаларимиз билан ҳам танишиб олгандай бўлдик. Профессор Тўғон Эрназаров, Мухтор Худойқулов, Фатхулла Лутфуллаев, Воҳид Абдуллаев, Сайди Умиров, Очил Тоғаев, Абдулла Сайфиддинов ва яна у ён-бу ён факультетлардан келиб дарс ўтувчи домла Ғайбулла Саломов, Нажмиддин Комилов, Сайёра Низомиддинова, Муҳсин Олимов, Саттор Ҳайдаров, Ражаб Жуманиёзов, Анвар Исмоилов, Талъат Солиев сингари устоз-муаллимларнинг жонкуярлик ва фидойилик билан берган дарс ва сабоқлари, уларнинг таълим-тарбия йўлида чеккан беминнат ранжу заҳматлари ҳеч қачон эсдан чиқмайди. Шунча ўқитувчи-педагогларнинг бошини бириктириб турган, яхлит мустаҳкам жамоани шакллантириб бошқариб бораётган факультет декани, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, хокисор ва камтарин инсон домла Анвар Шомақсудовнинг номи ва фаолияти алоҳида ҳурмат ҳамда эҳтиромга лойиқ, албатта.

Ҳар бирлари ҳақида достон-манзумалар битса арзийдиган бу камтарин устозларнинг кўпчилиги аллақачон ҳаётдан кўз юмган, фақат ному ёдлари, илму маърифат ва эзгулик йўлида чеккан заҳматлари миннатдор шогирдлар қалбида яшаётгани кишига таскин ва тасалли беради. Таниқли адиб Чингиз Айтматов лутф қилганидай: “Бизнинг қувончимиз ҳам, юпанчимиз ҳам шунда”.

Яна талабалик даврига қайтадиган бўлсак, факультетга ҳар кун келиб-кетадиган тўрт-беш инсонлар бор эдики, улар бизга дарс ҳам ўтмас, биз уларни билмас эдик ҳам. “Тошкент университети” кичик ҳажмли газетасининг масъул муҳаррири шоир Абдулла Турдиев, Дониёр Бегимқулов, Тилак Жўра, шулар қаторида, Бойбўта Дўстқораев билан ҳам сал кейинроқ, Сайди Умиров домла “иккинчи дорилфунунларингиз” дея таъриф берган пахтазорларда, аниқроғи, Сирдарё далаларида пахта йиғим-терими пайтида танишганмиз. Ҳақиқий ҳаёт, бир-биримизни билиш ва ўрганишнинг очиқ осмон остидаги чинакам дарсхонаси бўлмиш ўша пайкаллар, “миллион эгатларга эгилган” (А. Орипов ибораси) юпун ва серсинов чоғларимиз бизни маълум маънода тарбиялаб, камол топишимизда ёрдам берган бўлса, ажабмас.

Кузатувчи масъул вакил сифатида биз билан сафарбар этилган Бойбўта домла уззу-кун жим юрар, ўз хаёллари билан ўзи банд, у ўқариқдан бу ўқариққа, бу пайкалдан у пайкалга ўтаётганда бир ҳол сўраб қўйгандай бўлар, бошқа пайтлар эса иложи борича бизни ўз эркимизга қўйиб, халал бермасликка ҳаракат қиларди. Кечки қизғин мушоираларимизга ҳам бир кўрингандай бўлардию астагина билдирмасдан даврани тарк этар эди.

Ўз вазифасини ҳалол бажариб, ҳаммамизни эҳтиёт қилар, ўқишимизга, уйимиз ва ота-онамизнинг бағрига соғ-омон қайтишимизни тилаб, доим ҳушёр ва сергак бўлсада, лекин қанақадир оғир бир юк домлани қўйвормайин зимдан босиб турар, шундай лаҳзаларда Бойбўта ака ўзига ўзини ғарқ қилаётгандай ноилож ва кимсасиздек бўлиб кўринар эди. Шу ҳолатларни бугун кўз олдимга келтирсам, беихтиёр биз ўша дийдираган оқшомларда жўшиб-қайнаб айтганларимиз устознинг армонли оташин сатрлари ёдга тушади:

Кеч куз эди, мен сени кўрдим,

Деразамдан боқарди биров.

У сен эдинг, о, деҳқон юртим,

Турар эдинг ялангтўш, яёв.

— Ташқарида изиллар ёмғир,

Кир, бобожон, яйрагил бир оз.

Дединг: — Пахтам қолдику ахир,

Йиғиштирай келмасдан аёз.

Кетдинг умри маҳзаним маним,

Ўзбекистон, Ватаним маним.

“Эллик йилда эл янги, қирқ йилда қозон янги” дейилганидек, қорнимиз очу кўнгилларимиз дарё ўша талабалик йилларининг илк беғубор паллаларига ҳам салкам ярим аср бўлибди. Мустақиллигимизнинг оғир ва машаққатли биринчи йиллари, ўтиш даври, таҳдидлар ва тазйиқлар, хавотирлару таҳликалар синов имтиҳонларидай ортда қолган бўлсада, бугунги дунёда ҳам таҳдидлар кучайгандан кучаймоқдаки, асло сусайгани йўқ...

...Шунча йиллар Бойбўта домлани эзиб, қийнаб келаётган залварли юкнинг “Ўзбекистон журналистикаси тарихи” номли китоб шаклида дунё юзини кўрганини сидқидилдан эътироф этган ҳолда, айтиш мумкинки, азиз устозимиз умрини бекорга яшамаган экан. Шарқ донишмандларининг “Ҳар бир қалам кишиси умр бўйи битта китоб, умрининг асосий бош китобини ёзиб ўтади”, деган ақидасига кўра, Бойбўта Дўстқораев ҳам шу китоб учун туғилган ва шу китобни ёзиб битказиш учун яшагани энди бугун ҳеч кимга сир эмас.

Асарни нашр эттиришда амалий кайвонилик кўрсатган таниқли адибимиз Хайриддин Султонов “Туркистон қайғуси, Туркистон дарди” бадиасида шундай ёзади: “Бу асарнинг ҳар бир варағи, ҳар бир сатрида Туркистон қайғуси, Туркистон дарди унсиз фарёд каби янграрди. Бу — мустақил Ўзбекистоннинг чин зиёлиси бўлган фидойи шахс тафаккури билан яратилган, сўнгги йилларда мен қаноат ҳосил қилиб ўқиган оз сонли китоблардан бири, таъбир жоиз бўлса, Бойбўта Дўстқораев деган заҳматкаш олим умрининг бош китоби эди”.

Шундан сўнг ҳурматли ёзувчимиз китоб чоп этилганидан буён ўтган катта муддатнию унинг қайта тўлдирилган нашрини амалга ошириш хусусидаги жўяли таклиф ва мулоҳазаларини билдирадики, бу ишни ҳаялламасдан тезроқ юргизиш ҳам савоб бўлади, ҳам бугунги замон талабига тўлиқ жавоб беради, деб ўйлаймиз.

Дўстқораев домла 2007 йилдан буён Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг расмий аъзоси, у кишига Сайди Умиров, Бегали Қосимов, Усмон Қўчқор сингари забардаст олиму шоирлар тавсифнома ёзиб берган. Ўша йилнинг 8 октябрь куни аъзолик гувоҳномасини топшираркан, уюшма раиси устоз Абдулла Орипов гап орасида “Журфак”даги жўмард жадид Бойбўта Дўстқораев” деган иборани ишлатган эди. Ўшанда ҳам бу гапларга унча аҳамият бермаган эканмиз...

Абдулла аканинг “Замон ўзгаради, мутлақо янги замон бўлади, замоннинг эгаси ҳам ўзгаради. Шу замонга доғ туширмай, минбарини пок сақланглар...” деган, орадан етти-саккиз йил ўтиб айтган даъватлари айни замонга мос ва мувофиқ келганини энди даврнинг ўзи кўрсатиб турибди.

Президентимизнинг юксак маърифатпарварлик сиёсати самараси ўлароқ мамлакатимизда “Жадид” номли янги газета чоп этила бошланди. Давлат раҳбарининг газета жамоаси ва муштарийларига йўллаган табригида бурч ва ниятларимиз очиқ-ойдин кўрсатиб ўтилган:

“Ўлкамизда илк миллий матбуот нашрларига асос солган маърифатпарвар жадид боболаримиз газетани “бутун дунёдаги маданий миллатларнинг ҳаёт йўллари, оламдаги даражалари ҳамда инсоният тараққийсининг энг юқори поғонасига эришмоқ учун лозим бўлган саъй ва ҳаракатлари тўғрисида бир-бирлари билан маслаҳат ва кенгаш қилмоқ учун бағоят зарур бир восита” деб билганлар.

“Жадид” газетаси ана шундай эзгу анъаналарни давом эттириб, улуғ аждодларимизнинг Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси билан муштарак бўлган ғоя ва дастурларини атрофлича ёритиш, бу қутлуғ меросни эл-юртимиз, биринчи навбатда, ёшларимизнинг қалби ва онгига етказишда, жамоатчилик фикрини шакллантиришда ўзига хос эркин минбар бўлади, деб ишонаман”.

Кўриниб турибдики, Бойбўта домлага ўхшаган ўнлаб, юзлаб эркпарвар инсонларнинг мустабид тузум исканжасида йиллар давомида тилу забонсиз, жим ва сокин юришга мажбур бўлганлари — суронли сокинлик бўлган ва бу заҳматкаш умрнинг асл ёмби олтинларидан бири, шак-шубҳасиз, “Ўзбекистон журналистикаси тарихи” номи билан миллатнинг эрк ва саодат солномасидан муносиб мақом эгаллашга ҳақлидир, албатта.

Шу ўринда мавзу ва масъулиятнинг нечоғли мураккаб ҳамда оғир эканини англатмоқ учун китобдан бир жуфт иқтибос келтиришнинг ўзи кифоя деб ўйлаймиз:

“Остроумов Н. П. “Туркистон вилоятининг газети” муҳаррири сифатида Туркистон генерал-губернатори канселяриясига 1884 йил 10 июнда йўллаган ҳисоботидан. (Ўзбекистон Давлат Марказий архиви. 1-жамғарма, 1-рўйхат, 2520-иш. (2-жилд). 188-189 бетлар, таржимаси).

“Мен... Русия мусулмонларида соф мусулмонча аъмолларнинг ҳамда исломнинг тикланиши ва умуман, мусулмонларнинг, хусусан, татарларнинг келгусида буюк маърифатпарварлик миссиясига орзу-умидларини мустаҳкамлаш учун маҳорат ва куч-ғайрат билан уринаётган мусулмонча “Таржимон” газетасига қарши... зимдан кураш олиб бордим”.

Иккинчи иқтибос ХХ аср бошларидаги воқеликдан келтирилади:

“Хуршид” газетаси. 1906 йилдан Мунавварқори муҳаррирлигида, тошбосма усулида чиқа бошлади. “Эл орасидаги эътибориға қараб баҳо қўюлғонда, “Тараққий”дан кейин кўзга иларлик газета “Хуршид” газетаси бўлди. Бу газета кўбрак “Туркистон вилоятининг газети” билан курашди ва унинг бузуқ ҳаракатини элга онглатиб турди. 18-сонга етганда таҳририятда тинтув ўтказилиб, фавқулодда сақлов бўлими томонидан тўхтатилди”.

Изоҳга ҳожат бўлмаса керак. Беихтиёр Ойбек домланинг ўша долғали йилларда битган “Курашади икки тўлқин, қараб турайми!” деган сатрлари ёдга келади.

Тасаввур қилинг: орадан салкам бир ярим аср ўтгандан кейин ҳам бу кураш ҳали-ҳамон давом этаётир...

Афсуски, “Жадид” газетасини кўриш бахти жадид Бойбўта Дўстқораевга насиб қилмади. У кишининг адабиётга эътиқоди, меҳри кучли эди.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ҳафталигининг биронта сонини ҳам қолдирмай ўқиб борувчи садоқатли газетхон бўлган. Шу ўринда газета чиқадиган жума кунини интиқ-интизорлик билан кутадиган ашаддий ота мухлис ҳақида оила аъзолари айтиб берган бир ғайритабиий воқеа эсга тушади:

Ўн — ўн икки йиллар муқаддам домла кутилмаганда аҳволи оғирлашиб, шифохонада бир ҳафталар ҳушига келмай ётиб қолади. Оиласи, ўғил-қизлари атрофида ҳадик ва хавотирда. Ногаҳон бир куни ўзига келиб, кўзларини очгач, “Худога минг шукр, хайрият!..” деб турган яқинларидан “Бугун қайси кун?” деб сўраганда, “душанба...” деган жавобни олгач, домланинг таънаомуз саволига эътибор беринг:

— Жума куни киоскадан “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасини олмадиларингми?..

Ана шу кутилмаган “уйғонишдан” кейин Бойбўта аканинг фарзандлари:

— Дадам, ҳақиқатан ҳам, ўзларига келдилар. Чунки ўзи яхши кўрадиган газетани сўрадими, демак, ҳаммаси жойида! — деб хотиржам бўлишган экан.

Модомики, гап “Одамийлик сийрати. Бойбўта Дўстқораев замондошлари хотирасида” китоби хусусида кетар экан, авваламбор, фидойи мураббийнинг жонкуяр шогирдларию яқин ёру дўстлари, қавму қариндош ва сафдош-маслакдошларига эзгу ишлари учун чин қалбдан миннатдорлик билдирамиз. Бўлмаса, дунёда олим камми, касбу кор, ном ва ҳунар ёки чиқариладиган китоб камми?! Домланинг серҳафсала давомчиларига, уларнинг ғайратию меҳр-оқибатига, албатта, балли деймиз. Устозлар чироғини ёқиб турган садоқатли шогирдларнинг эзгу амаллари бардавому мавқе ва мақомлари ҳамиша баланд, умрлари узун ва нурли бўлгай, Худо хоҳласа!

Сирожиддин САЙЙИД,

Ўзбекистон халқ шоири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?