Жорий йилда Туямўйин сув омбори захираси бир ярим баробарга кўпайди

20:23 02 Март 2023 Жамият
1422 0

Фото: Халқ сўзи

Нисбатан мураккаб табиий-иқлим шароитига эга Қорақалпоғистоннинг олис ҳудудларигача сув етказиш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётгани яхши маълум. Бинобарин, Президентимизнинг Олий Мажлисга ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида экология, айниқса, сув масалалари глобал муаммога айланиб бораётгани, биз нафақат бугунни, балки келажак авлодларни ҳам ўйлашимиз шартлигини таъкидлади. Мамлакатимиз сўнгги уч йилда қурғоқчиликни бошдан кечиргани, бунинг таъсири, айниқса, Амударёнинг қуйи ҳавзасидаги ҳудудларда яққол сезилганини қайд этиб, қатор вазифаларни белгилаб берди.

Айни вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан Оролбўйининг энг чекка ҳудудларида ушбу ресурс таъминотини яхшилаш чора-тадбирлари изчил олиб борилмоқда.

Шу билан бирга Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А. Оринбаев бошчилигида ҳар ҳафтанинг пайшанба куни ўтказиладиган йиғилишда айнан ҳудудларга сув етказиш масаласи тегишли соҳа мутасаддилари билан муҳокама қилиниб, мавжуд муаммолар босқичма-босқич бартараф этилаётир.

Шу кунларда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва тизимдаги барча ташкилотларнинг бор куч ва имкониятлари ҳудудларга сув етказиш ва шўр ювиш тадбирини уюшқоқлик билан якунлашга сафарбар этилган. Туман ҳокимликларининг масъул ходимлари, маҳалла раислари ва фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари ҳам ҳудудларга оби ҳаёт етказишдек эзгу ишда сувчиларимизга кўмакдош бўляпти.

Таъкидлаш жоизки, охирги уч йилни таҳлил қилганда жорий йилда Амударё ҳавзасида сув миқдори юқори бўлаётганини кўриш мумкин.

Туямўйин сув омборида бугунги кунда 4 млрд. 200 млн. метр куб сув захираси мавжуд. Бу кўрсаткич кейинги йилларга нисбатан (бир ярим) 1,5 бароборга кўп деганидир. Туямўйин сув омборига ҳозирги кунда келиб турган сув миқдори секундига 650 метр кубни ташкил қилмоқда.

Маълумки, Амударё Қорақалпоғистон Республикасининг ягона сув манбаи ҳисобланади. Унда сув мўл бўлса, сув хўжалиги ташкилотлари ҳам барча ҳудудларга шўр ювиш ва суғориш мавсумида узлуксиз сув етказиш имконига эга бўладилар. Масалан, ўтган йили ва 2020-2021 йилларда ҳатто шўр ювиш даврида ҳам сувнинг камлиги ҳисобига суғориш каналлари орқали туманларга навбат-навбат билан сув тақсимлаб берилди. Жорий йилда сув миқдори етарли бўлгани боис Тўрткўлдан Мўйноққача бўлган барча ҳудудларга бир вақтнинг ўзида сув етказилмоқда. Эътиборлиси, ўтган йилда апрель ойигача ҳам шўр ювиш тадбирини якунлай олмаган Шуманай туманидаги «Дўстлик байроғи», «Дийханабад», Қораўзак туманидаги «Қуралпа» ва Тахтакўпирдаги «Маржанкўл» каби энг оғир ҳудудларда бу гал суғориш ишларида ҳеч бир муаммога дуч келингани йўқ.

Бугун Нукус шаҳридан оқиб ўтувчи «Дўстлик», «Анасай» каналларида сувнинг тўлиб оқаётганига гувоҳ бўлаётган ёши улуғлар буни жорий йилда сув тақчиллиги кузатилмаслиги ҳамда халқимиз дастурхони янада тўкин бўлишига бир ишора, дея эзгу ниятлар қилмоқдалар.

Ғ. ОТАЖОНОВ,  «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?