Жондорлик 81 ёшли Жўра ота нега ҳар тонгда тандир пешонасидан ўпади?
Фото: Халқ сўзи
— 1959 йилда ўрта мактабни тугатиб, қўлимга аттестатни олганимдан сўнг отам «Хўш, ўғлим, энди нима қилмоқчисан?» деб сўрадилар, — эслайди Жўра бобо. — Мен шунда институтда ўқимоқчилигимни айтдим.
Отам бир муддат сукут сақлаб, мақсадга кўчди. «Сен етти ёшга кирганингда мен бозордан яхши ният қилиб ғунда (тандир ясашда фойдаланиладиган асбоб - муаллиф) сотиб олгандим. Шу асбобни, ўн йилдирки, асраб-авайлаб юрибман. Уста тандирсоз бўласан, деган умидим бор. Ўқишингга қаршилигим йўқ. Фақат аввал шу ҳунарни пухта эгаллашингни, ишимни давом эттиришингни хоҳлайман. Лоақал икки йил тандирсозлик қилгин, болам», деди.
Ота рози - Худо рози. Жўра кўнди. Отаси берган ғундани авайлаб қўлига олди. Икки эмас, тўрт йил тандирсозлик қилди. Ён-атрофга уста ҳунарманд сифатида танилди. Бу орада уйланди. Кейин эса Бухоро давлат педагогика институти (ҳозирги БухДУ)га ўқишга кирди. Аммо тандирсозликни ҳам ташлаб қўймади. Дам олиш кунлари тандир ясар, тунлари эса мук тушиб китоб мутолаа қиларди. Институтни имтиёзли диплом билан битириб, қишлоғи Ушотга қайтди. Ўттиз йил давомида мактабда болаларга таълим-тарбия берди.

Табиийки, тандирнинг қандай ясалиши билан қизиқдик. Отахоннинг айтишича, ишни Ўртачўлдан, Амударёнинг қадимий ўзани ўтган жойлардан қизил тупроқ келтириш билан бошлайдилар. Бу тупроқ таркибида туз миқдори кўп, у ёпишқоқ, камёб саналади. Шу тупроққа сув сепилиб ивитилади. Кейин эса лой ҳолига келтирилади. Тандирсозлар тили билан айтганда, пиширилади. Тайёр лой белкурак ёрдамида созланади. Унга майин сомон сепилиб, обдон аралаштирилади. Сўнг шу лой қайта-қайта – етти бор тепиб чиқилади. Унга туя ёки эчки жуни ҳам қўшилади. Жун қоришмани бетонсимон ҳолга келтиради. Шундан кейин тандир ясалади. Ушотлик усталар ясаган тандирлар бошқа жойларникидан пишиқлиги, чидамлилиги, ёпилган ноннинг сифатли чиқиши билан ажралиб туради. Чунки улар тамоман қизил тупроқдан тайёрланади.
— Мактабимизда бир дўстим турмуш ўртоғи билан ўқитувчилик қилар, яқин сирдош эдик, — давом этади Жўра Жўраев. — Ундан бир йилда рўзғор ташвишларидан ортиб икковлон қанча пул жамғарасизлар, дея сўраганим худди кечагидек эсимда. У ўша давр пули билан «Икки минг сўм», дея жавоб берганди. Мен эса оилада бир ўзим ишлашимга қарамай, уч минг сўм жамғарардим. Негаки, ишдан сўнг уйда тандирсозлик қилардим. Шукр, турмуш ўртоғим билан тўққиз ўғил-қизни тарбиялаб вояга етказдик. Муаллимлигу тандирсозлик ортидан тўйлар қилдик. Орзу-ҳавасларимизга етдик. Фарзандларимнинг ҳаммаси ўзига тинч. Сизга айтсам, ҳар тонгда туриб, юртимиздаги тинчлик-омонлик ҳаққи Аллоҳга шукрона айтаманда, тандирнинг пешонасидан ўпиб қўяман. Бу тандирларда лаззатли нону патирлар пишади, ҳовлиларни азиз неъматнинг хушбўй ҳиди тутади. Шундай кезларда тандирсоз бўлганимдан кўнглимда шукроналик ҳиссини туяман.
Дарҳақиқат, нон – дастурхон кўрки, инсоният ижод қилган шоҳона неъмат. Ахир дунёда тинчлик ва нондан азизроқ неъмат борми?..
Отахон ҳали-ҳануз тандир ясайди. Ўғли Бобур, Муҳаммад, неваралари Баҳодир, Абдулла, бундан ташқари қариндош-уруғлари ҳам тандир ясаш сирларини ундан ўрганишган.
— Мен ҳам тандирсозлик қилиб, рўзғор каму кўстини тўлдиряпман,— дейди отахонинг жияни Завқи Жўраев. — Қишда одатда, бошқа юмушлар билан банд бўламиз. Ёзда эса тандир ясаймиз. Ўзим бир мавсумда ўртача 200 тача тандир сотаман. Ҳар бир тандир ҳажмига қараб 100 минг сўмдан 150 минг сўмгача баҳоланади.
Ҳа, ушотликлар ота-боболари ҳунарларини давом эттириб кам бўлишмаяпти. Жўра отага келсак, унинг бир армони бор. Яқин ўтмишда ушотликлар нафақат тандирсозлик, балки кулолчилик билан ҳам шуғулланишган. Афсуски, бу ҳунар ўз давомчиларини топмай қолди. Шу анъана қайта йўлга қўйилса, кулолчиликнинг Риштон, Ғиждувонда бўлгани каби яна бир мактаби вужудга келармиди, деган хаёлга борасан киши.
Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- “Доҳа — Қатарнинг юраги, тунги ритмда уриб турган шаҳар”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг